Бешта йўналишдаги мақсад ва вазифалар белгилаб берилди

 

Ташаббус бор жойда ҳамиша ривожланиш бўлади. Ана шу омил бугун юртимизнинг барча ҳудудларида халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти билан тўла намоён бўлмоқда. Бунга жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда, саноат ва шаҳар инфратузилма объектлари мисолида яққол гувоҳи бўлиш мумкин.

Юртбошимизнинг бевосита ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан ҳудудларнинг иқтисодий-ижтимоий инфратузилмаси ривожланиб, шаҳар ва қишлоқларимиз замонавий қиёфа касб этмоқда. Биргина Қашқадарё вилояти ҳам охирги йилларда таниб бўлмас даражада кўркамлашиб, аҳоли учун барча зарур шароитларга эга гўзал масканга айланиб бормоқда.

Қашқадарё вилояти иқтисодий салоҳияти, ер ости ва ер усти бойликлари, ривожланган саноат тармоқлари ва қишлоқ хўжалиги билан мамлакатимиз тараққиётида муҳим ўрин тутади. Омилкор ва ишбилармон инсонлар меҳнати туфайли барча соҳаларда улкан муваффақиятлар қўлга киритилмоқда. Республикамизнинг энг жанубий вилоятида жойлашган, шўро даврида фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан чекланган воҳада бугун саноат ривожланган, энг замонавий, илғор инновацион технологиялар билан жиҳозланган корхоналар ишламоқда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожланмоқда. Вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми изчил ўсмоқда. Мамлакатимиз умумий саноат маҳсулотининг катта қисми ушбу вилоятда ишлаб чиқарилмоқда. Шўртан ва Муборак газ-кимё мажмуалари, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи каби замонавий саноат корхоналарида жаҳон бозорида харидоргир маҳсулотлар тайёрланмоқда. “Ҳисорнефтгаз”, “Кўкдумалоқгаз”, “Шўртангазмаҳсулот” каби йирик қўшма корхоналар ташкил қилинди. Ўз бағрида ноёб бойликларни асраб келаётган Ғузор туманида суюлтирилган синтетик маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган “Uzbekistan GTL” заводи ишга туширилди. Албатта, бундай улкан мажмуанинг қурилиши кейинги йилларда мамлакатимизда саноат ривожини сифат жиҳатидан янада юқори босқичга олиб чиқиш бўйича амалга ошираётган сиёсатнинг натижаси, десак, тўғри бўлади. Вилоятдаги тараққиёт ва ўзгаришлар одамларнинг ҳаёт даражасини ошираётгани, мустақил фикрга, замонавий билим ва касб-ҳунарларга эга ёшларнинг бу йўлда катта ютуқларга эришишига замин яратади.

Аммо ҳаётнинг ўзи ютуқларга маҳлиё бўлиб, бепарволикка йўл қўймаслик кераклигини кўрсатмоқда. Шу боис Президентимиз 25 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Қашқадарёни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Давлатимиз раҳбари вилоятда бешта йўналишда - тадбиркорлик, саноат, аграр, ичимлик суви таъминоти, ижтимоий соҳада эришилиши лозим бўлган мақсад ва вазифаларни белгилаб берди. Айниқса, вилоятда тадбиркорлик ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш орқали келгуси йилда 207 минг нафар, саноатда эса 960 та лойиҳани амалга ошириб, 20 минг нафар аҳолини банд қилиш мумкин. Бу ўз-ўзидан маҳаллий аҳолини иш билан бандлигини таъминлаш, уларнинг фаровонлигини оширишга имкон беради. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Президентимиз таъкидлаганларидек, 22 та норуда конни ўзлаштириб, талаб юқори бўлган қурилиш материаллари ишлаб чиқариш имкони бор. Қолаверса, вилоят пахта етиштиришда илғор ва тажрибаси катта. Шунинг учун пахтани чуқур қайта ишлаш даражасини 32 фоиздан 56 фоизга чиқариш учун кластерлар томонидан 2 триллион сўмлик 12 та лойиҳани якунлаш топшириғи қўйилди. Кимё, нефть-газ, энергетика тизимидаги йирик корхоналар билан саноат кооперациясини йўлга қўйиб, 65 та маҳаллийлаштириш лойиҳасини амалга ошириш, 18 минг гектар майдонда сув таъминотини яхшилаб, қўшимча 90 миллиард сўмлик маҳсулот етиштириш, 66 минг гектарда сув тежовчи технологияларни жорий қилиб, 300 миллион куб метр сувни иқтисод қилиш, 10,5 минг гектар пахта ва ғалла майдонини қисқартириш ҳисобига, 32 минг оила бандлигини таъминлаш имконияти бор.

Кўрилаётган чоралар туфайли вилоятнинг экспорт ҳажми 2022 йилда 26 фоизга ўсиб, 280 миллион долларни ташкил этиши кутилмоқда. 2023 йилда бу кўрсаткични 400 миллион долларга етказиш режалаштирилган.

Дунёда кескин рақобат кучайиб бораётган, нарх-наво ошиб бораётган бир пайтда аҳолининг “бурни қонаши”га йўл қўймаслик устувор вазифалардан. Бунда турли ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар муҳим ўрин тутади. Шу боис Президентимиз Қашқадарё воҳасини янада ривожлантириш мақсадида Шаҳрисабзнинг Мираки, Сувтушар ва Сарчашма, Китобнинг Қайнар ва Башир, Қамашидаги Бештерак ва Миришкордаги Жейнов қишлоқларида туризмни ривожлантириш, йил якунига қадар Қашқадарё вилоятида мавжуд 46 та кон захираларини хатловдан ўтказиб, аукционга чиқариш, Муборак, Нишон, Ғузор ва Миришкор туманларида сотилмасдан турган 82 та давлат мулки нархини 50 фоизга камайтириб, савдога чиқариш, Шаҳрисабз шаҳридаги бўш турган мулклар негизида кичик саноат зоналари ташкил этиш, “Рубикон Вотер” технологияси асосида Қашқадарёда суғориш тизимини яхшилаш лойиҳасини кенгайтириш масаласини ишлаб чиқиш, 2023 йил 1 июлга қадар Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу йўлининг 100 километр қисмини таъмирлаш лойиҳасини ишлаб чиқиб, ишларни бошлаш, йил якунига қадар Самарқанддан Шаҳрисабзга ўтувчи 30 километр йўлни таъмирлаш лойиҳасини ишлаб чиқиш, Косон туманидаги индустриал зона инфратузилмаси учун 40 миллиард сўм ажратиш вазифаларини қўйди.

Бугун ҳаётнинг ўзи ижтимоий соҳани ҳам яхшилаш, аҳолини рози қилиш вазифасини қўймоқда. Давлатимиз раҳбари шу мақсадда 13 та мактабгача таълим муассасасини қайта қуриш ҳамда 14 та маҳаллада янги боғча қуриш лойиҳасини 2023 йил инвестиция дастурига киритиш; йил якунига қадар 189 та оилавий боғча ташкил этишга 4,5 миллиард сўм, 2023 йилда 380 та боғча ташкил этишга 52 миллиард сўм субсидия ажратиш; бир ой муддатда “Она ва бола тиббиёт маркази”ни жиҳозлаш бўйича лойиҳани тайёрлаш; келгуси икки йилда Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари, Косон, Нишон ва Чироқчида қўшимча 550 ўринли туғруқ комплексларини ташкил этиш; йил якунига қадар замонавий тиббий ускуналар хариди учун 2 миллиард сўм ажратиб, 21 турдаги юқори технологик амалиётларни йўлга қўйиш; йил якунига қадар Китоб ва Қарши туманларида “Янги Ўзбекистон” массивларини ташкил этиш бўйича таклиф киритиш; бир ой муддатда 48 та мактабни танлаб олиб, келгуси ўқув йилидан Финляндия таълим тизимини жорий этиш каби топшириқларини бердиларки, уларнинг ижроси Қашқадарёни ҳар томонлама ҳавас қилса арзигулик вилоятга айланишига олиб келади.

Бир сўз билан айтганда, вилоятдаги тараққиёт ва ўзгаришлар одамларнинг ҳаёт даражасини ошириш, мустақил фикрга, замонавий билим ва касб-ҳунарларга эга ёшларнинг бу йўлда катта ютуқларга эришишига замин яратади.

 

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш