Ислоҳотлар ҳаётийлиги, аҳолини ижтимоий қўллаб қувватлашга қаратилаётган давлат миқёсидаги эътибор ва ғамхўрликнинг манзиллилигини таминлашда барча даражадаги партия ташкилотлари фаолиятидаги тизимлилик, узвийлик ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Бугун барча ислоҳот, ўзгариш ва янги лойиҳалар халқимизни рози қилиш, одамларнинг муаммоларини тинглаш ва уларга ўз вақтида ечим топиш, фуқароларнинг ишончини оқлаш ҳамда оғирини енгил қилишга қаратилган. Жамиятдаги мавжуд камчиликларни аниқлаш, аҳоли билан яқиндан мулоқот қилишда халқ вакиллари бўлган депутатларнинг ўрни ва роли муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу маънода, халқ вакиллари фаолиятида сайловчилар депутат олдига эмас, депутат ўз сайловчилари ҳузурига бориши шарт, деган тамойил устуворлик касб этди. Сайлов округидаги вазиятдан мунтазам равишда хабардор бўлиб бориш мақсадида ҳар бир депутат ўз ҳудудидаги партия ташкилотлари билан доимий алоқа ўрнатди. Ушбу ҳамкорлик жойларда сайловчиларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва ўз вақтида ҳал этиш, одамларнинг дарду-ташвишларини тинглашида муҳим омил бўлмоқда. Партия манфаатини Қонунчилик палатасида ҳимоя қилиш ишини ташкил этиш, кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан фракциянинг ягона позициясини ишлаб чиқиш, фракция аъзолари фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида, Қонунчилик палатаси депутатининг ёрдамчиси лавозимлари таъсис этилди. Бу эса фракциялар билан тегишли партиялар ўртасидаги алоқаларни янада жонлантирди. Ҳозирги кунда фракция аъзолари қонун ижодкорлигини амалга ошириш билан бирга, ҳудудларга чиқиб, муайян масала ва муаммоларни ўрганмоқда. Давлат раҳбари қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шартлиги, ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан фикр ва таклифларни қуйидан – фуқаролардан, жойлардаги халқ депутатлари Кенгашларидан олиш тартибини кенг жорий этиш зарурлигига, қонунларни қабул қилиш жараёнида уларни аҳоли ўртасида ҳар томонлама муҳокама қилиш тизимидан самарали фойдаланишимиз кераклигига алоҳида эътибор қаратган эдилар. Сўнгги йилларда парламентда кўриб чиқилаётган ҳужжатларни муҳокама қилиш, депутатларининг сайловчилар билан бевосита мулоқот қилишини таъминлаш мақсадида, электрон портал ва мобил иловадан фойдаланиш имконини берувчи «Электрон парламент» тизими жорий этилди. Олий Мажлис палаталарининг мажлислари ва қўмиталаридаги муҳокамаларнинг ижтимоий тармоқлар орқали жонли эфирга узатилиши кенг жамоатчиликнинг парламент фаолиятидан хабардорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Парламент ва маҳаллий вакиллик органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш борасидаги ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлислари марказий телевиденияда тўғридан тўғри узатилмоқда. Сайловчилар ўз фикрларини билдиришмоқда.
Қонун нормаларининг халқчиллигини таъминлаш ҳамда жамият ҳаётини янада яхшилаш борасидаги самарадорлигини ошириш мақсадида фракцияларнинг қонун ижодкорлиги фаолиятида ҳам янги амалиёт — «электорат билан маслаҳатлашувлар» институти жорий этилди. Натижада 2022 йилнинг 9 ойида фракцияга келиб тушган қатор қонун лойиҳаларига фракция партия билан ҳамкорликда 56 та қонун лойиҳасининг жойлардаги муҳокамасини ташкил этиб, уларда фуқаролар томонидан билдирилган 260 дан ортиқ таклифлар қонунларни ишлаб чиқиш ҳамда такомиллаштириш жараёнида инобатга олинди.
Ушбу амалиёт «Қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт» деган устувор тамойилнинг амалда татбиқ этилишида муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Партиямизда «Электорат билан маслаҳатлашувлар» институти доирасида Қонунларимизда белгиланган ҳуқуқий нормаларни амалиётда қандай қўллаш лозимлигини кўрсатиб берувчи ҳуқуқий механизмларни, қонуности ҳужжатларини, содда қилиб айтганда, қабул қилинган қонунларни амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш мақсадида, қонун лойиҳаларини янада ҳаётийлигини таъминлаш, ҳақиқатан ҳам ҳаётда ечимини кутиб турган ижтимоий муносабатларни тартибга солишга хизмат қиладиган қонунлар қабул қилиш мақсадида, қонун лойиҳаларини жойларга муҳокама учун юбориш ва кенг жамоатчилик, электорат таклифларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясига ўз вақтида тақдим этиш орқали қабул қилинадиган қонунларни пухта ва пишиқ ишланилишига хизмат қиладиган “Марказ-вилоят-туман”тизими ишламоқда.
Бу тизим жойлардаги партия Кенгашлари, партия гуруҳлари ва электоратини Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясида кўриб чиқилаётган масалалар ҳақида хабардор қилиб боради. Натижада қонун лойиҳалари бўйича партия электорати манфаатларидан келиб чиқиб, партия гуруҳи таклифлари тайёрланмоқда.
Бу орқали Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари иш самарадорлигини ошириш ва улар фаолиятини такомиллаштиришга, партиянинг сайловчилар олдида берган ваъдаларини таъминлашга, партия гуруҳлари аъзоларининг касбий маҳоратини оширишга, қабул қилинаётган қонун лойиҳаларининг ҳаётийлигини таъминлаш каби эзгу мақсадларимиз амалга оширилади.
Боймурод ЮСУПОВ,
ЎзХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.