Кейинги йилларда қонунларни ишлаб чиқишда жамоатчиликнинг фикрини ўрганиш, меъёрий ҳужжатларни аниқ ҳамда халқчил тилда тайёрлаш, уларнинг мазмун-моҳиятини одамларга етказиб бериш энг муҳим вазифага айланди.
Шу мақсадда қонунчиликдаги ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунарли тарзда етказиш учун қонунларда муқаддималардан фойдаланиш тартиби йўлга қўйилган.
Ушбу тартиб ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш хусусиятидаги лойиҳаларда ҳар бир янгиликнинг асоси, мақсади ва заруратини халқчил тилда очиб берувчи муқаддималар бўлишини назарда тутади.
Демократик ислоҳотларнинг энг муҳим асоси қонунларга барча бирдек амал қилиши билан боғлиқ. Албатта, қонунларнинг тўлиқ ижро этилишида уларнинг тушунарлилиги муҳим аҳамият касб этади.
Илгари қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаларида кириш қисми йўқлиги, умумий мазмуни қисқа шаклда кўрсатиб берилгани қонунларга қўшилаётган янги меъёрларни тушунишни қийинлаштирар эди.
Президентимиз томонидан шу йил 26 октябрь куни имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ўз вақтида қабул қилингани билан аҳамиятли бўлди.
Мазкур ҳужжатнинг иккинчи моддасига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисидаги қонуннинг 15-моддасига ўзгартиш киритилди.
Эндиликда ушбу қонуннинг 2-моддасига асосан меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ёки уларни ўз кучини йўқотган деб топишни назарда тутувчи лойиҳаларда муқаддиманинг бўлиши шарт. Бу меъёр қонун лойиҳалари бўйича ташаббускорлар, биз, депутатларга қўшимча масъулият юклайди.
Қисқаси, бундан буён парламент қуйи палатасида қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида муҳокама унинг номи, муқаддимаси, ҳар бир моддаси бўйича алоҳида-алоҳида ўтказилади. Шунингдек, қонун лойиҳаси бўйича овоз беришда унинг номига, муқаддимасига ва ҳар бир моддасига алоҳида-алоҳида овоз берилади.
Умуман олганда, бундан кейин қонунларнинг асосий мақсади кириш қисмида очиб берилади. Муқаддима, ҳар бир модда алоҳида-алоҳида муҳокама этилиб, овозга қўйилиши қабул қилинаётган қонунларнинг халқчиллиги ва сифатини ҳам оширишга хизмат қилади.
Шербек БЎРОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси.