Ҳар бир давлатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг муваффақият гарови аҳоли томонидан қўллаб-қувватланиши ва мазкур ислоҳотларда барча фуқароларнинг фаол иштирок этиши билан боғлиқдир.
Шунинг учун ислоҳотларнинг мақсади ва мазмун-моҳиятини ҳар бир жамият аъзосига етказиб бориш ҳамда уларни фаол иштирокчига айлантириш муҳим аҳамият касб этади. Айни дамда Қонунчилик палатасининг барча депутатлари ўз сайлов округида бўлиб, аҳолининг кенг қатламлари ўртасида мамлакатимиздаги ўзгариш ва янгиланишлар, жумладан, конституцион ислоҳотларга бағишлаб очиқ мулоқотлар, долзарб мавзулар бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришмоқда.
Шундай учрашувлар депутат Улуғбек Вафоев томонидан Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида ўтказилмоқда. Учрашувларда депутат томонидан таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизда кенг кўламли тарихий ислоҳотлар олиб борилмоқда. Мазкур ислоҳотларнинг асосий мақсади Янги Ўзбекистонни, яъни халқпарвар давлатни барпо этиш ҳамда инсоннинг қадр-қимматини таъминлашдир.
Фуқаролар билан мулоқот вақтида мамлакатимизда охирги йилларда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ва давлат органларининг очиқлиги бўйича янги тизим жорий этилганлиги, камбағалликни расмий даражада тан олиниши ва уни қисқартириш бўйича амалий ишлар бошланганлиги алоҳида эътироф этилди.
Учрашувларда фуқаролар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни фаол қўллаб-қувватламоқда. Айниқса, охирги йилларда аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, ёшлар, хотин-кизлар, кекса авлод вакиллари, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш бўйича қилинаётган ишларни аҳоли юқори баҳоламоқда. Мулоқотларда бугун дунёдаги мураккаб ва нотинч вазиятда юртимиздаги тинч ва эркин ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшаш кераклиги, инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотларни давом эттириш ҳамда ушбу жараёнда бирдамлик ва собитқадамлик муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, депутат Улуғбек Вафоев “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган, ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларнинг хонадонларида бўлиб, улар билан очиқ мулоқотлар олиб борди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда фуқаролар билан бевосита юзма-юз учрашиш, уларни ўйлантириб келаётган муаммоларни ўрганиш ва жойида амалий ёрдам кўрсатиш давлат ҳокимиятининг барча тармоқларининг фаолият тарзига айланиб бўлди.
Сайловчилар билан учрашувлар Қонунчилик палатасининг депутатлари учун ҳам жуда муҳим аҳамиятга эгадир. Уларда нафақат айрим сайловчиларнинг муаммолари тезкор ҳал этилади, балки фуқаролар томонидан кўтарилган тизимли муаммолардан келиб чиқиб, Қонунчилик палатасидаги фракциямизнинг келгусидаги фаолиятига аниқлик киритиб олинади.
Учрашувларда кўтарилган муаммолардан келиб чиқиб, депутатлар ўзининг келгусидаги иш режасини белгилаб олади, қонунларни қабул қилишда халқ манфаатидан келиб чиқиб ёндашади ҳамда ҳукумат олдига фуқароларни қийнаб келаётган ва зудлик билан ҳал қилиниши лозим бўлган муаммоларни қўйиш имкониятига эга бўлади.