Тиббиёт ходимлари ҳимоясига қаратилган қонун лойиҳаси маъқулланди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари Тиббиёт ходимининг фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилди.

Маълумки, сўнгги вақтларда тиббиёт ходимларига беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан куч ишлатиш, ҳаттоки бемор соғлиғининг ёмонлашишида ёки ўлимида асоссиз шифокорни айблаш ва унга тажовуз қилиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда.

Маълумотларга кўра, 2019-2022 йилларда республикада 285 дан ортиқ ҳолатда тиббиёт ходимларига нисбатан турли шаклдаги тажовузлар қилинган. Бироқ, амалдаги қонунчиликда хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимларига нисбатан куч ишлатиш, тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятга тўсқинлик қилганлик учун тўғридан-тўғри жавобгарлик белгиланмаган. Бу эса айбдор шахслар қилмишига яраша жазо олмаслигига, тиббиёт ходимларига нисбатан тажовузлар кўпайишига сабаб бўлмокда.

Қонун лойиҳаси билан шифокорлик касбининг мақоми ва нуфузини ошириш, уларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, яъни тиббиёт ходимлари фаолиятига тўсқинлик қилиш ва уларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш белгиланганмоқда.

Депутатлар қонун лойиҳасининг муҳимлигига эътибор қаратди. Қонуннинг қабул қилиниши тиббиёт ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, уларнинг касбий фаолиятига турлича аралашувларнинг олдини олишга, фуқароларга ўз вақтида ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишига хизмат қилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги 1977-модда билан тўлдирилиши таклиф этилмоқда. Бунда тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига турли шаклда қонунга ҳилоф равишда таъсир ўтказганлик учун фуқароларга 1,5 млн. сўмдан 2,1 млн. сўмгача, мансабдор шахсларга эса 2,1 млн. сўмдан 3 млн. сўмгача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси белгиланмоқда.

Таклиф этилаётган 1977-моддада назарда тутилган ҳаракатларни ҳуқуқбузарлик деб топиш учун холис ва малакавий ҳуқуқий баҳо бериш талаб қилинишини инобатга олиб, ушбу модда бўйича маъмурий ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга берилмоқда. Фракция аъзолари қонун лойиҳасига иккинчи ўқишгача таклифлар шакллантирилишини таъкидлаб, уни мазмунан биринчи ўқишда маъқуллади.

Йиғилишда, шунингдек, давлат молиявий назорати тизими ҳамда беғараз ёрдам доирасида келтирилган тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилиниб, иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П. Бобожоновга «Ярашилганлиги муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилишга оид қонундаги нормаларнинг ижроси юзасидан» Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш масаласи депутатлар томонидан муҳокама қилиниб, тегишли қарор қабул қилинди.

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш