Бугунги кун депутати ҳар соҳада фаол, аҳолининг барча қатлами билан очиқ мулоқот ўтказишга, уларни қўллаб-қуввалашга тайёр инсон бўлиши долзарб масаладир. Бу каби вазифаларни теран англаган депутатлар жойларда учрашувлар, сайёр қабуллар ташкил этиб, аҳоли муаммоларини, таклиф ва ташаббусларини тингламоқда.
Жумладан, Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят кенгаши раиси, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Бадриддин Насриев Самарқанд шаҳридаги “Мевазор” МФЙ га ташриф буюрди. Учрашувда Турон Фанлар Aкадемияси академиги, тиббиёт фанлари доктори, Самарқанд давлат медицина университети профессори, партия фахрийси Фарҳод Носиров, фахрий журналист Темиров Искандар, маҳалла фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Маҳалла ҳудудидаги 49-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган “Депутат ва ёшлар” лойиҳаси доирасидаги очиқ мулоқотда ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар, ислоҳотлар ва уларнинг халқимиз ҳаётидаги ўрни ҳақида сўз борди. Шунингдек, учрашувда партиямизнинг ғоя ва мафкуралари, мақсад ва вазифалари ҳақида қисқача тушунтиришлар берилди.
Учрашув вақтида ёшлар фаоллик кўрсатиб, ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди ва таклифларини билдиришди. Ёшларни қамраб оладиган, иқтидор ва қобилиятларини намойиш этадиган турли тадбир ва лойиҳалар партия томонидан ташкил этилиб, уларга ёшларни доимий равишда жалб этиш масалалари муҳокама этилди.
Тадбир сўнггида партия сафига янги қабул қилинган аъзоларга аъзолик гувоҳномалари, маҳаллада барчага намуна бўлиб келаётган фаолларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, мактаб кутубхонаси фондига китоблар жамланмаси тақдим қилинди.