Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкил топган кун муносабати билан партия Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятовнинг табриги

 

Ҳурматли партиядошлар!

Муҳтарам фахрийлар ва депутатлар!

Аввало, сиз, азизларни Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкил топган кун билан самимий табриклайман!

1991 йил 1 ноябрь куни бўлиб ўтган Таъсис қурултойида партиямизга асос солинган эди.

Партиямиз ўтган давр мобайнида шарафли ва масъулиятли йўлни босиб ўтиб, ўзининг кучли қадриятларига асос солди, десак, муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси мустақилликка эришган мамлакатимизда давлат бошқаруви институтларини ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини такомиллаштиришда, фуқароларнинг хоҳиш-иродасини рўёбга чиқаришда тарихий вазифани бажаргани билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Ўзбекистонда ҳозирга қадар бўлиб ўтган барча парламент ва президентлик сайловларида фаол иштирок этган ягона сиёсий куч бизнинг партиямиздир. Йиллар давомида партиямиз сафидан давлат ва жамият арбоблари, ўз касбларининг фидойилари етишиб чиққанини алоҳида таъкидлаш лозим.

Кейинги йилларда халқ билан мулоқот тизимини йўлга қўйиш, Янги Ўзбекистонни, ижтимоий демократик давлатни бунёд этиш йўлидаги эзгу ва кенг қамровли ислоҳотлар партиямиз устувор дастурий мақсадлари амалга ошишининг муҳим кафолати бўлмоқда.

Қонунчиликнинг такомиллаштирилиши, имкониятларнинг кенгайиши натижасида юртимизда демократик сиёсий муҳит бутунлай ўзгарди. Вакиллик ҳокимиятининг ваколатлари, давлат ва жамият бошқарувидаги иштироки ортиб бормоқда.

Партиямиз Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси орқали қонун ижодкорлиги ва ҳукумат ҳисобдорлигини таъминлаш жараёнларида фаол иштирок этмоқда.

Халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳларимиз жойларда сиёсий ва дастурий мақсадларимизга эришиш бўйича ташаббускорлик кўрсатмоқда, аҳоли муаммоларини таҳлилий-танқидий ўрганиб, ижро ҳокимияти устидан депутатлик назоратини кучайтирмоқда. Электорат манфаатларидан келиб чиқиб, долзарб масалалар олиб чиқилмоқда.

Депутатларимиз, фаолларимиз муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича ўз позициясини эркин билдирмоқда ва ҳимоя қилмоқда. Буларнинг барчаси партиямизнинг халқимиз, сайловчилар олдидаги масъулиятини оширди.

Ҳурматли дўстлар!

Кейинги йилларда партиямиз тизимида қатор ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, марказлашган тизимдан воз кечиб, қуйи ташкилотларимиз мустақиллигини таъминлаш масаласини кун тартибига қўйдик. Кўплаб туман кенгашларимизга молиявий мустақиллик берилди. Бу эса қуйи бўғинни ривожлантиришда ўз самарасини кўрсатади.

Кенгашларимизнинг депутатлар билан алоқаси мустаҳкамланди. Халқ дардига қулоқ тутиш, одамларнинг муаммоларини ўрганишда биргаликда фаолият олиб борилмоқда. Жойларда парламент, депутатлик ва жамоатчилик назорати кучайтирилди. Натижада аҳолининг уларга бўлган ишончи янада ошмоқда.

Партиямиз сафида кўпни кўрган, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган фахрийларимиз, фаолларимиз билан бирга, ёш, шижоатли аъзоларимиз сафи ҳам кенгайиб бораётганини алоҳида эътироф этишимиз лозим. Парламентда, маҳаллий Кенгашларда энг ёш депутатлар бизнинг партиямиздан экани қувонарли ҳол, албатта.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан илк бор ташкил этилган Ёшлар парламентига партиямиздан 49 нафар ёш йигит-қизлар сайлангани кучимизга куч, ғайратимизга шижоат қўшмоқда. Ишонамизки, уларнинг орасидан келажакда етук сиёсатчилар, парламент депутатлари, сенаторлар етишиб чиқади.

Биз бундан кейин ҳам партиямизнинг қуйи бўғинини ҳар томонлама ривожлантириш, моддий-техник базаси, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш учун барча имкониятларимизни сафарбар этамиз. Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга фидокорона меҳнатингиз учун чуқур миннатдорчилик билдираман.

Ҳурматли партиядошлар!

Сиз азизларни Мустақиллигимиз билан бирга одимлаб, юрт тинчлиги, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги учун хизмат қилаётган Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкил топган кун билан самимий табриклаймиз.

Халқ манфаатлари ҳамма нарсадан устун, деган эзгу мақсад йўлидаги фидокорона фаолиятингизда муваффақиятлар ёр бўлсин!

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш