Тиббиёт ходими бемор яқинлари томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарлар камаймаяпти. Жазоланганлар ҳақидаги хабарлар эса жуда кам. Тиббиёт ходимининг кечикиши, вақтида муолажа қилмагани ёки яна бошқа сабаблар рўкач қилинмоқда. Ҳеч бир тиббиёт ходими беморга озор бериш, унинг аҳволини оғирлаштиришни мақсад қилмаса керак.
Тиббиёт ходимларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими қандай ишлайди? Тиббиёт ходимига тажовуз қилганлик учун қатъий жавобгарлик белгиланиши лозимми? Ўтган йили тиббиёт ходимларини уриш, жароҳат етказиш, моддий ва маънавий зарар бериш жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида қонун лойиҳаси муҳокама қилинган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар нафақат тиббиёт ходимлари, умуман, ҳеч кимга қўл кўтариш мумкин эмаслиги, бу борада қонунда жавобгарлик белгиланганини маълум қилган. Қонун қатъий бўлса, жазо ҳам муқаррар бўляптими? Қандай йўл тутиш лозим?
Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида ҳам айнан ушбу масала муҳокама қилинди. Яъни, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимчалар киритишга оид қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Унга кўра, тиббиёт ходимларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатлари маъмурий жавобгарликка тортилиши кўзда тутилган. Хусусан, тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлишини белгилаш таклиф қилинмоқда.
Тартибга чақириш учун, тиббиёт ходимлари ҳимоясини кучайтириш учун бу меъёр муҳим. Бир жиҳатдан бу тўғри. Чунки жарима миқдори кам эмас. Одамлар уни тўлашдан кўра, ўзини тийишни маъқул кўради.
Тан жароҳати етказиш, ҳақорат қилиш ёки қўл кўтариш каби ҳолатларга меъёрлар аллақачон тегишли қонунларда бор, бу меъёрлар нафақат тиббиёт ходимларига, балки ҳар қандай инсонга нисбатан содир этилганда жавобгарликка сабаб бўлади.
Депутатлар ана шундай ҳодиса тиббиёт ходимлари билан содир бўлганда фуқаронинг ўзи даъвогарлик қилмаса ҳам, судма-суд, идорама-идора елиб-югурмаса ҳам давлат унинг манфаатларини ҳимоя қилиши лозим, деган фикрни билдирмоқда. Чунки хизмат вазифасини бажараётган шахсга қўл кўтариш жиддий жавобгарликка сабаб бўлиши керак.
Бу каби таклифларни фракция аъзоларининг катта қисми қўллаб-қувватласа, яна бир қисми бошқа фикрларни билдирмоқда. Хусусан, виждонсиз, ишига масъулиятсиз тиббиёт ходимлари ҳам йўқ эмас, афсуски. Ана шундай кишилар Маъмурий жавобгарликка таклиф этилаётган янги моддадан усталик билан ҳимоя сифатида фойдаланиши мумкин бўлиб қолади. Яъни, бемор, унинг яқинлари бирор масалада маслаҳатлашмоқчи, касбий бурчини яхшироқ бажаришни, масалан, бемордан тез-тез хабар олиб туришни сўрайдиган бўлса, тиббиёт ходими янги моддани рўкач қилиб, фаолиятимга тўсқинлик қилманг, деб қолмайдими, деган савол, мулоҳазалар ҳам йўқ эмас.
Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди. Лекин иккинчи ўқишгача катта тортишувлар бўладигандай. Бу орада умуман бошқа ва янги таклифлар ҳам йўқ эмас.
Қизилгул ҚОСИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:
— Ўз яқинининг саломатлигидан хавотирга тушган инсонлар шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизмати ходимларига нажот кўзи билан қарайди. Баъзида кеч мурожаат қилгани боис бемор ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмайди. Зеро, баъзида тиббий хизмат ходимлари ҳам ожиздир. Стресс ҳолатида бўлган ва кўп ҳолатларда спиртли ичимлик таъсиридаги бемор яқинлари ўзини идора қила олмай қолади. Оқибатда тиббиёт ходимларига тажовуз қилади. Афсуски, бу ҳолатлар жамиятимизнинг иллатларидан бирига айланиб боряпти.
Жамиятимизда кўпайиб кетаётган бундай ҳолатнинг олдини олишдаги энг асосий ва самарали йўллардан бири ноқонуний хаттиҳаракатлар учун жавобгарликни кучайтириш, уларни безорилик сифатида квалификация қилиш зарур, деб ўйлайман. Башарти, шахс айни вақтда жамоат тартибини бузаётгани ва жамиятга нисбатан очиқдан-очиқ ҳурматсизлик қилаётганини ҳам яққол англаган бўлса, қилмиш безорилик сифатида квалификация қилиниши лозим.
Шу мақсадда Жиноят кодексининг безорилик учун жавобгарликни кўзда тутувчи нормасига жиноятнинг ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан содир этилганини назарда тутувчи қўшимча банд киритиш керак, деб ўйлайман. Ушбу бандда назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор, деб топилганлар уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин бўлади. Ўз ўрнида бу катта профилактик таъсир кучини кўрсатади.
Шу билан бирга, кўчада «тез тиббий» ёрдам автоуловига йўл бермаслик ҳолатларига нисбатан хам жарималар ҳажмини кўпайтириш керак. Хусусан, «тиббиёт ходими», «тиббий ёрдам» каби тушунчаларга таъриф берилиб, тиббиёт ходимлари фаолиятига аралашганлик қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланиши зарур. Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс тиббиёт ходими фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик, яъни тиббиёт ходими тиббий ёрдам ёки тиббий хизмат кўрсатишига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи меъёр билан тўлдирилиши ҳам турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Назаримда, тиббиёт ходимлари ҳам «боди камера» билан таъминланиши лозим. Масалан, ички ишлар органлари ходимларида ана шундай мосламалар мавжуд. Айни пайтда 3 минг нафарга яқин тиббиёт ходими мавжуд деб ҳисобласак, ушбу масалани ҳал қилиш катта маблағ талаб қилмаса керак. Аксинча, бу орқали фуқароларнинг ҳам, тиббиёт ходимининг ҳам масъулияти ошади, зўравонликларга барҳам берилади, деб ўйлайман.
Нигора ЭШМЕТОВА,
халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи раҳбари:
— Нафақат тез тиббий ёрдам хизмати ходимларига, балки ҳар қандай тиббиёт ходимига ёки бирор бемордан ҳол сўраган кишига ташланиб қолишлар, ҳақоратлар кузатилади. Масалан, биз хонадонларда бўлганимизда уларнинг агрессив кайфияти, тажанглиги яққол намоён бўлади. Қўполлик, ҳаттоки ҳақоратлар ҳам эшитамиз. Шу сабабли ҳозирда тиббиёт ходимлари беморлар ёнига ёлғиз бормайдиган бўлди. Аксарият ҳолларда маҳалла нозири, етакчиси ва яна бошқа шахслар билан профилактик ишларини олиб боришмоқда.
Тан олиб айтаман, депутатлар тиббиёт ходимларига тазйиқлар масаласини доимий комиссияга ҳам, сессияга ҳам олиб чиқмадик. Лекин тор доирадаги учрашувларда, депутатлик гуруҳи йиғилишларида ушбу мавзуга тўхталиб ўтилган. Ўйлашимча, аллақачон бу ишни қилиш керак эди. Чунки тиббиёт ходимига нисбатан зўравонликлар авж олиб бормоқда. Зудлик билан қатъий чора кўрилиши ва қонунчилигимизга тегишли ўзгартиришлар киритилиши тарафдориман.
Нуриддин ЭГАМОВ,
Қашқадарё вилояти ССБ матбуот котиби:
— Тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз учун жавобгарликни кучайтириш билан боғлиқ ўзгаришлар ўрин олган қонун лойиҳаси қайтарилди. Ваҳоланки, тиббиёт ходимлари худди прокуратура, ички ишлар ходимлари каби давлат хизматчиси ҳисобланади. Улар руҳий босим энг юқори бўлган муассасаларда фаолият олиб боради. Чунки улар беморлар билан, уларнинг яқинлари билан мулоқотда бўлади.
Яқини дард чекаётган ёки оламдан ўтган одамларга осон эмас. Улар ўзини-ўзи идора эта олмай қолади. Натижада кўп ҳолларда шифокорларни айбдор қилишади. Нотўғри хулосаларга боришади. Яқинини йўқотган ёки дард чекаётганини кўрган одам аламини шифокор, ҳамшира ёки бошқа бир тиббиёт ходимидан олишга ҳаракат қилади. Аслида, шифокор ҳам оддий инсон. Умри тугаган одамни сақлаб қолиш имконсиз.
Тиббиёт ходимларига тазйиқлар тез ва шошилинч ёрдам тизимида, туғуруқхоналарда, реанимация бўлимларида кўпроқ учраяпти. Масалан, ўтган йили Миришкор туманида туғуруқхона бўлимида ишловчи аёлни, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалида ҳам яна бир аёл кишини калтаклашди. Яқинда эса Ғузор туманида 57 ёшли реанимация бўлими шифокорини дўппослаб кетишди.
Қонунчиликда тиббиёт ходимларига тажовуз масаласида қатъий жавобгарлик белгиланмас экан, бу каби ҳолатлар давом этаверади, деб ўйлайман. Халқ демократик партиясидан шу масаладаги позицияни қатъий ҳимоя қилишларини сўраган бўлардик.
Аббос УБАЙДУЛЛАЕВ,
Наманган шаҳридаги 10-оилавий поликлиника шифокори:
— Иш вақтимда менга ҳам тажовуз қилинган эди. Ўша воқеадан сўнг 3 ой давомида даволандим, ишлай олмадим. Ризқни Худо беради, дейишади. Амаллаб тирикчилигимиз ўтди. Чунки судда конпенсацияни рад этдим. Бировнинг оғриниб берган пули керак эмас. Тўғри, улар айбдор. Ҳам моддий, ҳам маънавий зарар келтиришди. Лекин бу талофатни пул билан ёпиб бўлмайди. Суддан кейин ҳам, унгача ҳам ҳеч ким, ҳеч қандай кўмак, моддий ёки маънавий қўллаб-қувватлаш билан ёнимга келмади.
Беморларнинг яқинларида турли ҳолатлар кузатилади. Уларга имкон қадар босиқлик билан муомала қилишга уринамиз. Уларни тушунишга ҳаракат қиламиз. Лекин барибир ўша воқеа ёмон хотира сифатида қолди.
Маълумотларга кўра, айни пайтга қадар 30 га яқин тиббиёт ходимларига куч ишлатиш ҳолати қайд этилган. Бу ҳали маълум бўлганлари. Балким, кимлардир бу ҳақида айтишни истамаган, яширган ёки андиша қилиб жим қолишни маъқул кўрган бўлиши мумкин. Балким, ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига ишонмагани боис овоза қилишни истамагандир. Сабаби, аксарият ҳолларда калтакланган тиббиёт ходимлари турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилади ва масала шу ерда якунига етади. Гўёки, яра битса, оғриқ ўтса, ҳаммаси унутиладигандек. Зўравонларга қандай чора кўрилгани, жавобгарликка тортилганми-йўқми, деган савол кўпчиликни қизиқтирмайди.
Ваҳоланки, бир шифокор етишиб чиқиши учун бир неча йил керак бўлади. 11 йиллик мажбурий таълимни тамомлаган инсон яна салкам шунча ўқиб, бирор йўналишда мутахассис бўлиб етишади. Бу вақт орасида нафақат унинг, балки унга пул сарфлаганлар, ўқитганлар, таълим берганларнинг ҳам меҳнати, соғлиги, умри кетади. Истаймизки, тиббиёт ходимларига қўл кўтарганлар жазоланади, қонунларимиз янада мустаҳкам бўлади.
Ҳа, доимгидек, фикрлар, қарашлар турфа. Ҳар бирида қайсидир маънода ҳақиқат мужассам. Хусусан, Қизилгул Қосимова «боди камера»лар тартибини жорий этиш таклифини билдирди. Балки, бу орқали ҳам тиббиёт ходимларининг масъулиятини, ҳам беморлар ва улар яқинларининг маданиятини ошириш имкони ортади.
Аммо таклифлар амалиётга кўчиши учун аввало уни атрофлича ўрганиш, ўлчаш ва албатта, қонунийлаштириш лозим. Кейин эса унинг ҳаётийлиги, тўсиқсиз ишлаши учун барчага бирдек тушунтириш, тарғиботини олиб бориш талаб этилади. Айни пайтда парламентда муҳокама қилинаётган қонун лойиҳаси ҳали биринчи ўқишда мазмунан маъқулланди. Иккинчи ўқишгача ҳали вақт бор. Ўйлаймизки, фикрлар, табиийки, хавотирлар инобатга олиниб, энг тўғри қарор қабул қилинади.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 2.11.2022, №44