Мамлакатнинг иқтисодий барқарорлиги ва аҳолининг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, уларнинг ер майдонларидан самарали фойдаланиш масаласи алоҳида ўрин тутади. Кейинги йилларда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш ва уларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмларини кўпайтириш ва қишлоқ аҳолисининг даромади ва турмуш даражасини яхшилашга алоҳида эътибор бериб келинмоқда.
Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашида ўтказилган онлайн видеосеминар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорининг жойлардаги ижросини ўрганишга бағишланди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, ХДП Марказий Кенгаши раҳбарияти ва масъул ходимлари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашидаги партия гуруҳлари аъзолари, партиянинг минтақавий Кенгаши раҳбарлари, партия фаоллари иштирок этди.
Йиғилишда сўз олган партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова Қарорда томорқа хўжаликларида маҳсулот етиштиришни кўпайтириш орқали аҳоли даромадини ошириш, ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, томорқада етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш тизимини яратиш, шунингдек, ҳар бир туманда томорқа ер эгалари ва ишлаб чиқарувчилар ўртасида кооперация алоқаларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани ҳақида гапирди.
Шу билан бирга, сув таъминоти оғир томорқа ерлари ва фойдаланишдан чиққан майдонларни суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш, дарёлар, каналлар ва бошқа сув объектларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун 2026 йил 1 январга қадар ҳар йили Давлат бюджетидан маблағлар ажратилиши режалаштирилганлиги ҳақида маълумот берилди.
Партия Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи Б. Юсупов ўз маърузасида депутатларимиз томонидан уйма-уй айланиб чиқиш йўли билан деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш, шу жумладан, ерга ишлов бериш, уруғ, мевали дарахт кўчатлари экиш, иссиқхоналар қуриш, қорамол ва парранда боқишни ташкил этиш ишларига амалий ёрдам кўрсатилаётгани ҳақида айтиб ўтди. Шу билан бирга, жойларда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан ер участкаларига қишлоқ хўжалиги экинлари экмаслик ҳолатлари кўплаб кузатилаётганлигининг асл сабабларини аниқлаш зарурлигига эътибор қаратди.
Шу мақсадда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари, партия фаолларига Ишчи гуруҳлари тузиб, масалани жойларга чиққан ҳолда ўрганиш вазифаси юклатилди. Ўрганиш ҳулосаларига биноан аниқланган муаммо ва камчиликлар ечими тизимли ҳал этилиши таъкидланди.
“Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарорининг амалдаги ижроси кам таъминланган оила аъзолари ва аҳолининг бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларига катта имкониятлар эшигини очиши мумкинлигига урғу берилди.
Йиғилиш сўнггида чекка ҳудудлардан сайланган маҳаллий Кенгашлар депутатларининг бу борадаги фикр-мулоҳазалари тингланди.