Янгиланган Меҳнат кодекси бўйича Наманган вилоятида семинарлар ўтказилмоқда

 

Янги таҳрирда қабул қилинган Меҳнат кодекси бўйича республикамиз бўйлаб тарғибот-тушунтириш тадбирлари ташкил этилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Улуғбек Иноятов депутатлар, Олий Мажлис Сенати аъзолари, мутасадди вазирлик-идоралар вакиллари билан бирга Наманган вилоятида Меҳнат кодексининг мазмуни-моҳиятини тушунтириш, шунингдек, унинг ижросини таъминлашга бағишлаб семинарлар ўтказмоқда.

Тўрақўрғон тумани Маданият марказида бўлиб ўтган семинарда Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдуразоқов ҳам иштирок этди. Меҳнат кодексининг янги таҳрирда қабул қилинишининг сабаблари ва аҳамияти ҳақида сўз юритилиб, унга киритилган меъёрлар мазмун-моҳияти хусусида атрофлича тушунча берилди.

Хусусан, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига мувофиқ, иш вақти тартибининг турли хил кўринишларидан фойдаланиш (сменали иш, мослашувчан иш режими, иш кунини қисмларга бўлиш ва ҳоказо), шунингдек, иш вақтини ҳисобга олишнинг ҳар хил турларидан фойдаланиш (кундалик, ҳафталик ёки умумлаштирилган иш вақти ҳисоби) имкониятлари кенгайтирилган.

Шу пайтгача хизмат текширувларини ўтказишнинг аниқ ҳуқуқий асоси ва тартиби бўлмаганлиги оқибатида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилган ҳолатлар ҳам кўп бўлган. Янги Меҳнат кодексида эса хизмат текширувларини ўтказиш ва ишдан четлаштириш тартиби аниқ белгилаб қўйилган.

Ишлаб чиқаришда ўқитиш, қайта ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг ҳуқуқий механизмлари белгиланмоқда. «Ишлаб чиқаришда ўқитиш шартномаси» институти жорий этилган.

Умуман, янги Меҳнат кодексида назарда тутилган меъёрлар «Меҳнат соҳасидаги ислоҳотлар ‒ инсон қадри учун», деган тамойилни рўёбга чиқаришга хизмат қилиши таъкидланди.

Янги Меҳнат кодексининг кучга кириши ходимларнинг иш шароитларини янада яхшилашга, уларнинг меҳнатлари учун адолатли ҳақ тўланишига, меҳнатга мажбурлашнинг олдини олишга, ходимларнинг дам олишга бўлган ҳуқуқларини янада кенгайтиришга, пировард натижада иш унумдорлигини оширишга, меҳнат қонунчилигини халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштиришга асос бўлади.

Янгиланган Меҳнат кодекси амалга киритилгунга қадар унинг мазмун-моҳиятини ва аҳамиятини тушунтириш, меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича бир қатор ишларни тизимли равишда бажариш зарурлиги қайд этилди.

Аввало барча даражадаги раҳбар-мутаддилар янги Меҳнат кодексини ўрганиши, барча корхона ва ташкилотлар ўзларининг жамоа шартномалари ва жамоа келишувларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиши, бунинг учун меҳнат жамоалари, касаба уюшмалари ва адлия органлари билан биргаликда иш ташкил қилишлари лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Жамоа шартномалари ва жамоа келишувларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга қаратилган тегишли лойиҳани ишлаб чиқиш ва қабул қилиш юзасидан режа график, чора-тадбирлар дастури, йўл харитаси кабиларни тасдиқлаб, аниқ белгиланган муддатларда бажарилишини таъминлаши лозим.

Семинарда янги Меҳнат кодексининг мазмун-моҳиятини меҳнат жамоалари, аҳолига етказиш бўйича масъул ташкилотлар зиммасида турган вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, ҳудудий бандлик бошқармалари корхона, муассаса ва ташкилотларга жамоа шартномалари ва жамоа келишувларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан услубий ёрдам кўрсатиши, келгусида меҳнат ҳуқуқларининг бузилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳолатлар рўйхатини шакллантириб, уларнинг олдини олишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар ишлаб чиқиши кераклиги тушунтирилди.

Ҳудудий адлия органлари янги Меҳнат кодекси талабларини кенг жамоатчиликка тушунтириш бўйича ишларни тизимли равишда ташкил этиш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг меҳнат муносабатларини тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши ва бу ҳақда ходимларни ўз вақтида хабардор қилишга маcъул бўлиши қайд этилди.

Касаба уюшмалари федерациясининг ҳудудий Кенгашлари зиммасидаги вазифалар бўйича ҳам аниқ тавсиялар берилди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш