Бугун Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан Ўзбекистон Миллий Университети талаба ёшлари учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасига экскурсия ташкил этилди.
Дастлаб, партия фракцияси депутатлари ёшлар билан мулоқот қилиб, Ўзбекистон қонун чиқарувчи олий органининг тарихи, иш юритиш тартиби, Олий Мажлис таркибидаги сиёсий партияларнинг фракциялари ва депутатлари, қўмиталари фаолияти ҳақида суҳбатлашилди.
Фракция аъзоси Шерзод Рахмонов ўз сўзида юртимизда кейинги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган жадал ислоҳотлар, хусусан, ёшларга оид давлат сиёсати ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Бугунги кунда ёшлар ўқиши, таълим, билим олиши учун яратилаётган шароит ва имкониятлар, қолаверса, уларнинг сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиши, мустақил фикрлайдиган, юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга бўлиши йўлида қилинаётган ишлар ва Ёшлар парламенти фаолияти ҳақида ҳам маълумотлар бериб ўтди.
Самимий мулоқот тарзида ўтган учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, ўз фикр-мулоҳазаларини ҳам билдириб ўтдилар.
Шундан сўнг, талабалар Олий Мажлис қонунчилик палатасида ташкил этилган янги кутубхона фаолияти билан таништирилди, парламент музейи ва мажлислар залига таклиф қилинди.