Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Фракция аъзолари “Рақобат тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилдилар.
Бугунги кунда рақобат ва табиий монополиялар соҳасига оид 2 та қонун мавжуд бўлиб, глобал тараққиёт туфайли амалдаги “Рақобат тўғрисида”ги ва “Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонунлари ҳозирги кун талабларига тўғри келмайди ва таъсирчанлиги паст.
Иқтисодиётнинг ривожланиши, хизмат кўрсатиш турларининг кенгайиши муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришни, электрон технологиялар имкониятлари кенгайиб бораётган жараёнда истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлашни тақозо этмоқда. Янгидан ишлаб чиқилган “Рақобат тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ушбу долзарб масалалар қамраб олинган.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда электрон тўлов тизимида 4 та, электрон банк тўлов тизимида 30 тадан ортиқ, реклама ва эълонлар соҳасида 20 тадан ортиқ, онлайн дўконлар соҳасида 40 тадан ортиқ ва бошқа онлайн хизматлар соҳасида 100 дан ортиқ хўжалик юритувчи субъектлар фаолият кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, ушбу жараёнда йирик рақамли платформалар биринчи навбатда бизнинг шахсий маълумотларимиздан эркин фойдаланиш имконияти орқали бозорларда ўз ҳукмронлигини ўрнатмоқда ва истеъмолчилар танловини манипуляция қилиш имкониятига эришмоқда. Масалан, Google, Apple, Microsoft, Amazon, Facebook (Меta), Alibaba каби компаниялар трансчегаравий устун мавқега эга бўлмоқда, ва албатта Ўзбекистонни ҳам бу жараёнлар четлаб ўтмайди.
Бироқ рақамли платформа, онлайн қидирув веб-сайти, операцион тизим, дастурий таъминот ёки мобил илова орқали реализация қилинаётган товарларнинг муомала доирасига нисбатан монополияга қарши талаблар амалдаги қонунчиликда белгиланмаган.
Депутатлар қонун лойиҳасини муҳокама қилар эканлар, унинг нақадар муҳимлигига эътибор қаратдилар. Ҳужжатда имтиёз ва преференциялар беришнинг аниқ ва шаффоф механизмлари белгиланиши лозимлигига урғу берилди. Фикр-мулоҳазалар алмашилгач, лойиҳа бир овоздан маъқулланди.
Шундан сўнг жойларда ўтказилган ўрганишлар ва мулоқот жараёнларида кўтарилган йўналишлар бўйича мутасадди вазирлик-идораларга парламент сўрови юбориш масалалари кўриб чиқилди ва фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.