Мактаб директори ва ўринбосарларининг маошини ошириш керак...

 

Ҳозирги кунда умумтаълим мактаби директори (ўринбосарлари) ойлик маоши кўпчилик ўқитувчиларникидан кам. Очиғи, бунга ҳеч кимнинг эътирози йўқ. Ўқитувчи билимига муносиб ҳақ олсин. Лекин мактабда ушбу ўқитувчиларга кўрсатма берадиган, раҳбарлик қиладиган директор ва ўринбосарларнинг иш ҳақининг камлиги ажабланарли.

Ҳозирги кунда яхши педагог учун дарс бергани афзал бўлиб қолди. Шунингдек, мактаб ўқитувчилари барча турдаги ҳисобот ва қоғозбозликдан озод қилинган вақтда, мактаб маъмурияти иш ҳужжатлари, ҳисобот ва жадваллари кўпайса кўпаядики, асло камайгани йўқ. Мактаб директори ўз хизмат вазифасидан ташқари маҳалла сайлови, референдум ва бошқа жамоатчилик ишларига муттасил равишда жалб қилинишини ҳам инобатга олиш керак.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда мактаб директори ва ўринбосарларининг ойлигини оширишни таклиф этаман.

 

Бунга етарли маблағ ва асослар мавжуд:

  1. Директор жамғармаси маблағларининг 80 фоизи 2022 йил 1 августдан бошлаб ишлатилмасдан қолмоқда. Бу ҳақида Халқ таълими вазирлиги расмий маълумот берган. Ушбу иқтисод қилинган маблағларни мактаб маъмурияти иш ҳақларини ошириш учун ишлатиш керак.
  2. 2023 йил 1 январдан бошлаб мактаб директори янгидан тайинланишда махсус ўқув курсини тамомлаган, тегишли сертификатга эга захира кадрлар орасидан танлаш кўзда тутилган. Муносиб ва сифатли кадрни танлаш учун эса албатта муносиб ва сифатли иш ҳақи бўлиши керак.
  3. Мактаб ўқитувчиларини қоғозбозлик ва турли ҳисоботлардан озод қилинди, лекин мактаб маъмурияти эътибордан четда қолди. Ўқитувчилар иш ҳақини ошириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда, мактаб маъмурияти четда қолди. Йилда бир марта бир ойлик иш ҳақи миқдорида мукофот пули олишдан ҳам маҳрум қилинди.
  4. 0.5 ставкада ишловчи ўринбосарлар 10 соатдан ортиқ дарс олиши мумкин эмаслиги, ушбу 10 соат дарсга ҳам соатбай ҳақ тўланиши эса ишга бўлган муносабатнинг совуқлашишига, норозилик кайфияти ошишига олиб келди.
  5. Ўқитувчилар учун турли устама ва қўшимчалар олиш имкони мавжуд, мактаб маъмурияти эса йўқ. Халқ таълими вазирлиги томонидан чиқарилган устама ва қўшимча маблағлардан деярли 97 фоиз мактаб маъмурияти фойдаланиш имкони йўқ.
  6. Ҳозирги кунда кўпчилик мактаб раҳбарлари қўшимча даромад топишга мажбур бўлиши, ўз иши муносиб баҳоланмаслигидан норози кайфиятда бўлмаслиги керак.

 

Мухсиддин Низомиддинов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши Ёшлар сектори раҳбари,

Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти раис ўринбосари, депутат.

 

 

 

Теглар

Депутат Ёшлар қаноти Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш