Хотин-қизлар учун яна бир имконият

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 ноябрдаги “Маҳаллаларда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 650-сонли қарори билан “Маҳаллаларда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари тўғрисида Низом” тасдиқланди.

Қайд этилишича, низом билан ҳар бир маҳаллада хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари ташкил этилади ва у юридик шахс ҳисобланмайди.

Марказ бинолари маҳалла фуқаролар йиғини томонидан маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолининг тавсиясига асосан қонунчиликда белгиланган тартибда тикувчилик, қандолатчилик, фитнес, шейпинг, хотин-қизларни касбга ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун тадбиркорлик субъектларига 5 йил муддатга ижарага берилади. Ушбу марказларда битта ижтимоий лойиҳа доирасида 20 нафаргача хотин-қизларнинг доимий бандлигини таъминлаш мақсадида бандлиги таъминланадиган ҳар бир нафар ишсиз хотин-қиз учун Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан тадбиркорларга 3 миллион сўмгача давлат гранти ажратилади.

Давлат гранти қуйидаги тоифадаги хотин-қизларни касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини бошлашига кўмаклашишга қаратилган лойиҳалар учун ажратилади:

  • «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га, шунингдек «Аёллар дафтари»га киритилган;
  • ишсиз, айниқса, қишлоқ жойларда бола тарбияси билан шуғулланаётган;
  • хорижий меҳнат миграциясидан қайтиб келган;
  • ногиронлиги бўлган меҳнатга лаёқатли ишсиз;
  • норасмий бандликни қисқартириш мақсадида кундалик меҳнат фаолияти билан шуғулланиб, даромад топаётган;
  • одам савдосидан ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, мушкул иқтисодий аҳволга тушиб қолган;
  • умумий ўрта ва профессионал таълим муассасаларини тугатган, ОТМга ўқишга кира олмаган ёки олий таълимда ўқиш учун имконияти бўлмаган ишсиз хотин-қизлар;
  • муқаддам жиноий жавобгарликка тортилган, профилактик рўйхатга олинган, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтиб келган хотин-қизлар.

Марказларнинг асосий вазифаси ишсиз, айниқса қишлоқ жойларда бола тарбияси билан уйда утириб қолган эҳтиёжманд аёллар, шунингдек, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида маҳаллаларда тикувчилик, қандолатчилик, пазандачилик каби йўналишларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш, хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, шунингдек, хотин-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида фитнес, шейпинг каби соғломлаштиришга мўлжалланган хизмат кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйиш, жисмоний тарбия, соғломлаштириш ва оммавий спорт ҳаракатларини тиббиёт профилактикаси билан биргаликда ташкил этишдан иборат.

Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ҳамда улар саломатлигини мустаҳкамлаш бугунги кунда энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Ҳар бир маҳаллада хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказларининг ташкил этилиши бундай масалалар ечимига хизмат қилиши шубҳасиз.

Биз партия фаоллари ва депутатлар ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш ҳамда ишсиз, касб-ҳунарга эга бўлмаган, лекин ўқиш, касб-ҳунар эгаллаш ва ишлаш истаги бор, шунингдек, саломатлигини мустаҳкамламоқчи бўлган хотин-қизларни ушбу марказларга жалб қилишга иштирок этишимиз, шунингдек, ушбу қарорнинг жойлардаги ижросини назоратга олиб, таҳлил қилиб боришимиз лозим.

 

Гулшан Асатова,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари.

 

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш