Давлатимиз раҳбари куни кеча яна бир муҳим ҳужжат “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисидаги Фармонни имзолади.
Барчамизга маълумки мамлакатимизда конституциявий ислоҳотлар жараёни кечмоқда. Бош қомусимизни ислоҳ қилишда бутун жамоатчилик фаол иштирок этмоқда. Буни биз жойларга, округларимизга чиққанимизда сайловчиларимиз билан учрашувларда ҳам кўряпмиз, гувоҳи бўлмоқдамиз. Бу албатта уларнинг даҳлдорлик ҳисси билан яшаётганлиги, фаоллигининг амалий ифодасидир.
Ҳозир амалдаги конституциямизда давлат биринчи ўринга қўйилган бўлса, эндиликда инсон биринчи ўринга қўйилиши, ислоҳотларнинг ташаббускори халқимиз бўлаётгани янада қувонарли. Биринчи йўналишда илгари амал қилиб келинган “давлат-жамият-инсон” тамойилини “инсон-жамият-давлат” деб ўзгартириш миллий қонунчилигимиз ва ҳуқуқий амалиётимизда мустаҳкамланмоқда.
Инсон қадри юксалиётган, одамийлик ва бағрикенглик ҳукм сураётган Ўзбекистонда инсон ва унинг манфаатлари ҳар нарсадан устун. Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида инсон қадр қиммати ва шаънини улуғлашдек эзгу тамойилларни ўзида мужассам этган ислоҳотлар изчиллик билан ҳаётимизга тадбиқ этилмоқда. Қайси мамлакатда инсон унинг манфаатлари ва эҳтиёжлари устувор бўлса, ўша давлат ривожланади, келажакка дадил боқади, халқаро майдонда обрў эътибор қозонади.
Фармонда “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган юртдошларимиз тақдириланиши, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкинлиги белгилаб берилмоқда.
Фармониннг 3 бандида “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишонининг низоми ва тавсифини тасдиқлаш, 4-бандда эса бир ой муддатда эсдалик нишоннинг гувоҳномасини белгиланган тартибда тайёрлаш ҳамда тақдирлаш учун номзодлар бўйича таклифларни тўплаш ва умумлаштириш масъулларга топшириқ сифатида белгилаб берилган.
Шунингдек, “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишонини Конституция қабул қилинган куни жойларда ўтказиладиган тадбирларда тантанали вазиятда топширишни вазирликлар, идоралар, жамоат бирлашалари ва бошқа республика органлари раҳбарлари, Қорақолпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари топшириши қайд этилган.
Меҳнат қилган қадр топаётган юртда яшаяпмиз. Давлатимизнинг бу каби эътирофи ҳар бир кишини ғурурлантиради. Қалбини ифтихор туйғусига тўлдиради.
Мавжуда Ҳасанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ХДП фракцияси аъзоси.