Қисқа фурсат ичида Самарқанд кўлами жиҳатидан халқаро аҳамиятга молик учинчи йирик тадбирга мезбонлик қилмоқда. Жорий йилнинг 10-11 ноябрь кунлари Самарқандда Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)нинг биринчи саммити ўтказилади.
Жойлашуви, тарихан ўзаро яқинлиги ва ресурсларига кўра, тараққиётнинг янги босқичида ўта муҳим ҳамкорлик майдони сифатида мазкур ташкилот нуфузи кун сайин ортиб бормоқда. Бир вақтнинг ўзида Туркий давлатлар ташкилоти унга аъзо давлатларда истиқомад қилувчи халқларнинг ҳам маданий жиҳатдан яқинлашувида муҳим кўприк вазифасини ўтамоқда.
Бинобарин, ташкилот ўзаро тенг ҳуқуқлилик ва манфаатдорлик, ички ишларга аралашмаслик ва мустақиллик, мамлакат суверенитетини ҳурмат қилиш каби ўта муҳим омилларни ўзида акс эттириши кенг эътироф қилинмоқда.
Сир эмаски, жаҳонда рўй бераётган сўнгги пайтлардаги воқеа-ҳодисалар, пандемия даврида бошланиб, ҳамон мўътадил йўналишга туша олмаётган иқтисодий тебранишлар, қуролли қарама-қаршиликлар ҳар бир давлатнинг ички ва ташқи сиёсатига замон талаблари ва жиддий чақириқлар фонида изчил қайта қараш заруратини юзага келтирмоқда.
Боз устига, узоқ йиллар мобайнида дунё миқёсида шаклланган ва кўплаб давлатларни ўз ичига олган иқтисодий занжирга дарз кетиши энг аввало, ривожланаётган мамлакатлар олдида кутилмаган синовларни кўндаланг қилиб қўймоқда.
Аҳоли фаровонлиги, турмуш сифатини мунтазам яхшилаб бориш, иқтисодий ўсишда барқарорликни ушлаб туриш, тинчлик ва хавфсизлик, чегаралар даҳлсизлигини таъминлаш каби устувор вазифалар ечими эса кутиб турмайди. Мудом давлат сиёсатининг устувор йўналиши, ислоҳотларнинг асоси бўлиб қолаверади. Юзага келган вазият дунё миқёсида ривожланаётган ҳамда қашшоқ мамлакатлардан ҳар қачонгиданда зийраклик, аниқлик ва пухталикни талаб қилади. Бундай мураккаб шароитда воқеликка тезкор мослашишгина давлат учун манфаатли бўлишини ривожланган мамлакатлар тажрибаси яққол кўрсатиб турибди.
Осиё ва Европанинг олтин оралиғи
2009 йил 3 октябрда “Нахчивон шартномаси” номи билан тарихга кирган битимга мувофиқ, Туркий давлатлар ташкилоти тузилди.
Унга Ўзбекистон билан бир қаторда, Озарбайжон, Туркия, Қирғизистон ҳамда Қозоғистон аъзо бўлиб, Венгрия ва Туркманистон кузатувчи мақомига эга.
Юқорида айтиб ўтилганидек, дунёда рўй бераётган воқеалар фонида мазкур ташкилот аввало, йирик савдо платформасини намоён қилиши, тинчлик ва барқарорлик, тенг шериклик асосига қурилаётган кенг кўламли алоқалари билан анчайин жозибадор кўринмоқда.
Бироқ бунга, муайян ташкилотга рақобат ва ёки жавоб сифатида ҳам қаралмаслик лозим, деган фикрни барча аъзо давлатлар якдиллик билан қўллаб-қувватламоқдалар.
Зотан ташкилот доирасида ҳамкорликнинг ўзи жуда эътиборли ва қизғин бозорни вужудга келтиради. Фикримиз тасдиғи сифатида, қуйидаги рақамларга эътибор қаратамиз.
Туркий давлатлар ташкилоти аъзолари бўлган 5 давлатнинг умумий майдони 4 244 026 кв2 ни ташкил қилади. Ушбу давлатлар ҳудудида истиқомад қилаётган жами аҳоли сони эса 155 млн.дан ортади. Бу улкан имконият ва бозор демакдир.
Мазкур жиҳатлар ва шу кунга қадар эришилган келишувларга кўра, ташкилотни рўёбга чиқарилмаган улкан имкониятлар ва бирлаштирувчи салоҳиятга эга бўлган минтақавий ҳамкорликнинг самарали механизми, деб билувчи Ўзбекистоннинг аъзо мамлакатлар билан ўзаро товар айрибошлаш кўрсаткичлари йил сайин ошиб бормоқда. Айниқса, ТДТ доирасида биринчи савдо ҳамкор – Қозоғистон ва ташкилот доирасида иккинчи савдо ҳамкор – Туркия билан алоқалар ўсиш динамикаси яққол кўзга ташланади.
Жумладан, 2021 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ўзаро савдо айланмаси пандемиядан сўнг нафақат тикланди, балки 2019 йилдаги даражадан ошиб, 3,91 млрд долларга етди ва ўсиш 2020 йилга нисбатан 30,1 фоизга етди. 2016 йилги кўрсаткичларга нисбатан эса, 2,1 баробар ошди.
Сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро товар айланмаси 3 баробар ошиб, 2021 йилда Туркия Ўзбекистоннинг тўртинчи ташқи савдо ҳамкорига айланди. 2021 йил якунига кўра, ўзаро товар айланмаси пандемиядан сўнг нафақат тикланди, балки 2019 йилги кўрсаткичдан ошиб кетди ва 3,4 млрд долларга етди. Худди шу кўрсаткич 2021 йил якунларига кўра, Қирғизистон билан 952,6 млн ҳамда Озарбайжон билан 118,8 млн АҚШ долларига тенг бўлди. Энг муҳими, ташкилот доирасидаги барча шериклар билан ўзаро савдо ҳажми пандемиядан олдинги ҳолатига нафақат муваффақиятли қайтди, балки тарихий максимумларни йил сайин янгилаб бориш тенденцияси юзага келди. Бир ўз билан айтганда, аъзо давлатларнинг ўзаро ишонч асосида, йил сайин ривожланиб бораётган алоқалари фонида ташкилот нуфузи ошиб бормоқда.
Бу эса, Европа ҳамда Осиё ўртасида яна бир муҳим савдо, дўстлик ва ишонч кўприги қад ростлаётганини кўрсатади.
Самарқандда порловчи умид машъали.
Яқинда яна бир нуфузли формат – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммити ҳамда II Ўзбекистон иқтисодий форумига мезбонлик қилган Самарқанд яна дунё нигоҳида. Зотан фақатгина аъзо мамлакатлар эмас, балки янги иқтисодий йўналиш, мулоқот ва савдо алоқалари майдончаси сифатида қизиқиш билан кузатиб турган жаҳон ҳамжамиятининг эътибори яна Шарқ гавҳарига қаратилмоқда. Албатта, бунинг ўзига хос сабаблари мавжуд ва уларнинг айримларини санаб ўтамиз.
Фикримизча, сўнгги йиллар Президент ташаббуси билан, Ўзбек дипломатияси томонидан олиб борилаётган ташқи сиёсатимиз ва турли доираларда ўртага ташланаётган таклифлар ижросида давлатимиз кўрсатаётган собитқадамлик Ўзбекистон ташаббусларига қизиқишнинг ошишига ҳам замин яратмоқда. Бунинг тасдиғи сифатида, қуйидаги маълумотларни эслаб ўтиш кифоя.
Бугунги куна қадар 2019 йил Боку, 2020 йил (ВКС форматда) ҳамда 2021 йил Истанбулда (онлайн) ўтказилган саммитларда Ўзбекистон Президенти ТДТ доирасида тенг манфаатли ва кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга доир 35 дан ортиқ аниқ ташаббусларни илгари сурган. Айни пайтгача ушбу ташаббусларнинг 20 дан ортиғи амалга оширилди. Жумладан, 2021 йил сентябрь ойида Ўзбекистонда Ёш тадбиркорлар форуми ташкил этилди ва унинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Транспорт ва божхона тартиб-таомилларини рақамлаштириш бўйича бир қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. Ўзбекистон ва Туркия ўртасида “Permit” пилот лойиҳаси синовдан ўтказилди. Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида “рақамли TIR” ва “яшил йўлак” пилот лойиҳалари ишга туширилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг “Universal Logistics Service” (Тошкент), “Akhtachi” (Андижон) ва “Termez Cargo Centre” (Сурхондарё) логистика марказлари ТДТнинг “Биродар портлар” жараёнига қўшилди.
COVID-19 пандемиясига қарши курашиш йўлида ҳамкорлик бўйича таклифлар амалга оширилди. Пандемияга қарши курашиш бўйича махсус мувофиқлаштирувчи гуруҳ ҳамда ТДТ доирасида эпидемиологик вазиятни биргаликда мониторинг, таҳлил қилиш ва прогнозлаш бўйича доимий фаолият кўрсатувчи яхлит тизим вужудга келди. Шунингдек, 2021 йил июнь ойида ТДТга аъзо давлатлар туризм вазирларининг 6-йиғилиши бўлиб ўтди.
Қўқон 2022 йилда “Турк дунёсининг туристик пойтахти” деб эълон қилингани, “Табаррук зиёрат” лойиҳаси ишга туширилиб, Туризм бўйича “йўл харитаси” қабул қилингани ҳамда Қўқон шаҳрини “Турк дунёсининг туристик пойтахти” мақомига илгари суриш доирасида ушбу шаҳарда 2022 йил 8-10 июнь кунлари “Қўқон хонлигининг туркий халқлар давлатчилиги ва маданий меросини ривожлантиришдаги ўрни” мавзусида халқаро конференция ташкил этилгани Ўзбекистон ташаббуслари ташкилот аъзолари томонидан тўла қўллаб-қувватланаётганини кўрсатади.
Бугунги кунда Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўйича ТДТ тузилмаси, Туркий халқлар меросини ўрганиш халқаро маркази, IТ-мутахассислар платформаси, Инжиниринг-технология маркази ва Туркий давлатларнинг савдо ҳамкорлиги бўйича тадқиқот маркази ва бошқаларни яратишга доир концепциялар ишлаб чиқилмоқда.
Шу ва бошқа ташаббусларнинг амалга ошиши давлатимиз томонидан билдириладиган янги таклифларга ҳам қизиқиш билан қарашга замин яратмоқдаки, бу сафар ҳам Самарқандга ушбу нуқтаи-назардан, умид билан эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги сўз ўрнида
Ўзбекистон томонидан бу саммитда ҳам ташкилот нуфузини ошириш, муштарак анъаналар ва қадриятларни биргаликда асраб авайлаш, жаҳон цивилизациясига аждодларимиз томонидан қўшилган улкан ҳиссага хос равишда, уларга муносиб авлод бўлиш йўлида амалга ошириладиган лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ қилишда ТДТнинг Самарқанд саммити муҳим тарихий қадам бўлишига ҳар томонлама ишонч билдиришга етарли асослар мавжуд. Уларнинг бир қисми мисолида ана шу ишонч асосларини кўриб чиқдик.
Туркий давлатлар ташкилоти иқтисодиёт ва савдо вазирларининг 11-йиғилишида савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш мақсадида, Туркий давлатлар ташкилоти Инвестиция жамғармасини таъсис этиш бўйича Битимни имзолаш келишиб олингани ҳам саммит ишида улкан самарадорлик кузатилишига катта ишонч беради.
Яна бир муҳим жиҳат шуки, халқаро миқёсдаги тадбирларни юксак тайёргарлик асосида самарали ташкил қилиш борасида қисқа вақтда эришилган Ўзбекистон тажрибаси бу сафар ҳам ўз сўзини айтажак.
Зулайхо Акрамова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.