Бугунги кунда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши учун Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида фаолият олиб бораётган партия гуруҳлари аъзолари бўлган депутатларимизнинг соҳага оид билим ва кўникмаларини шакллантириш муҳим вазифадир.
Бунда партиянинг маҳаллий Кенгашлари Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларида фракциядан юборилган қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган йиғилишларида иштирок этиш ҳамда қонун лойиҳалари бўйича партия электорати манфаатларидан келиб чиқиб, партия гуруҳи таклифларини тайёрлашда кўмаклашиш лозим бўлади. Бугун партия Марказий Кенгашида бўлиб ўтган онлайн видеоконференцияда ана шу масалалар хусусида фикр-мулоҳазалар алмашинди.
Йиғилишни олиб борган Марказий Кенгаш раиси ўринбосари, ХДП фракцияси аъзоси М. Ворисова сўнгги йилларда парламентда кўриб чиқилаётган ҳужжатларни муҳокама қилиш, депутатларининг сайловчилар билан бевосита мулоқотини таъминлаш мақсадида электрон портал ва мобил иловадан фойдаланиш имконини берувчи «Электрон парламент» тизими жорий этилигани, Олий Мажлис палаталарининг мажлислари ва қўмиталаридаги муҳокамаларнинг ижтимоий тармоқлар орқали жонли эфирга узатилиши кенг жамоатчиликнинг парламент фаолиятидан хабардорлигини оширишга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Давлат раҳбари томонидан қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шартлиги, ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан фикр ва таклифларни қуйидан – фуқаролардан, жойлардаги халқ депутатлари Кенгашларидан олиш тартибини кенг жорий этиш зарурлигига, қонунларни қабул қилиш жараёнида уларни аҳоли ўртасида ҳар томонлама муҳокама қилиш тизимидан самарали фойдаланиш кераклигига алоҳида эътибор қаратилганига урғу берилди.
Ҳозирда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан қонун лойиҳаларини жойларга муҳокама учун юбориш ва кенг жамоатчилик таклифларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясига ўз вақтида тақдим этиш орқали қабул қилинадиган қонунларни пухта ва пишиқ ишланилишига хизмат қиладиган “Марказ-вилоят-туман”тизими ишламоқда. Биргина 2022 йилнинг ўтган 10 ойида жойларга юборилган 60 дан ортиқ қонун лойиҳаларига 250 дан ортиқ таклифлар олинди.
Партия Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи Б. Юсупов ушбу тизимнинг ишлаш тартиби ҳақида яна бир бор батафсил тушунчалар бериб, партия сайловолди дастурларидан келиб чиқиб, аҳоли, оддий фуқаролар ҳаёт тарзини яхшилашга хизмат қилувчи қонун лойиҳалари ишлаб чиқилишига кўмаклашувчи таклифлар беришда янада фаол бўлишга чақирди.
Йиғилишда маҳаллий Кенгашлар депутатларининг фикр-мулоҳазалари ҳам тингланди.