Кейинги йилларда дунё миқёсида коронавирус пандемияси, иқлим ўзгариши, йирик давлатлар ўртасидаги “санкциялар уруши”, озиқ-овқат маҳсулотлари инқирози билан боғлиқ дунё сиёсати ва иқтисодий муносабатлардаги кескин ўзгаришларни барчамиз гувоҳи бўлмоқдамиз. Бу эса дунёда мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантиришни тақозо этмоқда. Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ) бу борада кенг ва қулай имкониятлар яратмоқда.
Янги тарихий ва геоиқтисодий шароитда ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлатлар ўртасидаги интеграция ҳаракатларини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.
Эътибор берилса, ТДТнинг интеграция жараёнлари биринчи навбатда, савдо-иқтисодий, туризм, энергетика, транспорт ва транзит ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда фаол ривожланмоқда.
Айниқса, транспорт, энергетика ва туризм соҳаларидаги турли лойиҳаларни фаоллаштирилиши Ташкилотнинг иқтисодий аҳамиятини биринчи ўринга олиб чиқмоқда.
Яна бир муҳим жиҳат, ушбу Ташкилот барча аъзо ва кузатувчи давлатлар учун ишончли ва жозибадор бўлиб қолмоқда. Сабаби, Туркий Давлатлар Ташкилоти халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва нормаларига, шу жумладан, суверен тенглик, ҳудудий яхлитлик ва халқаро миқёсда тан олинган чегараларнинг дахлсизлиги, ички ишларга аралашмасликка асосланган, бу очиқ ҳамда учинчи давлатлар ва ташкилотларга қарши йўналтирилмагандир. Яъни, бошқа минтақавий платформалар ва ташаббусларни тўлдиради. Ташкилотнинг моҳияти шундаки, унда ҳеч қандай геосиёсий ёки блокли рақобат унсурлари мавжуд эмас, низом ва концептуал ҳужжатларида ҳарбий қисмлар йўқ.
Кейинги йилларда Ўзбекистон билан туркий дунё мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар тубдан ўзгарди, инқилобий ташаббуслар илгари сурилиб, муҳим қарорлар қабул қилинди.
Маълумки, 2019 йил сентябрь ойида Нахичеван битимини (2009 йил 3 октябрь) ратификация қилган Ўзбекистон Ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланди. Ўша пайтдан бошлаб Ўзбекистон ТДТ билан ўзаро ҳамкорлик бўйича аниқ ташаббусларни илгари сурди.
Президентимиз ТДТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган 35 дан ортиқ аниқ ташаббусларни илгари сурган бўлиб, бугунги кунга қадар 20 дан ортиқ ташаббуслар рўёбга чиқарилди.
Айримлари ҳақида қисқача тўхталсак. 2021 йил июнь ойида ТДТга аъзо давлатлар туризм вазирларининг 6-йиғилиши бўлиб ўтди. Қўқон 2022 йилда “Турк дунёсининг туристик пойтахти”, деб эълон қилинди, “Табаррук зиёрат” лойиҳаси ишга туширилиб, Туризм бўйича “йўл харитаси” қабул қилинди, Ўзбекистонда Ёш тадбиркорлар форуми ташкил этилиб, унинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди, транспорт ва божхона тартиб-таомилларини рақамлаштириш бўйича лойиҳалар амалга оширилди.
Туркий Давлатлар Ташкилоти мамлакатлари олдида кўрсатгичи имконият даражасидан паст бўлган минтақалараро савдо соҳасида жиддий силжиш қилиш масаласи турибди. Самарқанддаги саммит доирасида қабул қилинадиган аъзо давлатлар ўртасида савдо-сотиқни соддалаштириш стратегияси, шубҳасиз, бу кўрсаткични бир неча баробар оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, ТДТ мамлакатлари ягона платформа доирасида бўлажак инвестициявий ҳамкорлик параметрлари доирасида Туркий инвестиция жамғармасини ташкил қилиш мақсад қилинган. Булар эса Ташкилотнинг ҳамкорликнинг янги, янада илғор босқичига ўтиш кўрсаткичидир.
Ўзбекистоннинг 2022-2023 йилларда Туркий Давлатлар Ташкилотига раислиги асносида Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган ТДТ саммити ўзаро ҳамкорлик орқали порлоқ келажак сари интилаётган Ташкилот учун биргаликда янги тарихий саҳифаларни ёзишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Фирдавс ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамда
ЎзХДП Фракцияси аъзоси.