Замонавий воқелик шароитида давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик янада прагматик ва динамик тусга кириб бормоқда. Универсал тусга эга халқаро ташкилотлар ўрнини тобора минтақавий ташкилотлар эгалламоқда. Шунинг учун, сўнгги вақтларда кўплаб мамлакатлар минтақавий ташкилотлар доирасида ҳамкорликни афзал кўришмоқда. Аксарият минтақавий ташкилотлар миллий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг энг самарали платформасини яратмоқда. Ана шундай минтақавий ташкилотлардан бири Туркий давлатлар ташкилотидир.
Бугунги кунда ТДТ бешта мамлакатни – Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистонни бирлаштиради. Яна икки мамлакат – Туркманистон ва Венгрия кузатувчи мақомига эга. Бу мамлакатларда тахминан 173 миллион киши яшайди, бу дунё аҳолисининг 2 % дан кўпроғини ташкил қилади. Мазкур давлатлар ҳиссасига сотиб олиш қобилияти паритети билан ҳисобланган дунё ЯИМнинг 3 % дан ортиғи тўғри келади.
ТДТнинг ўзига хослиги ушбу ташкилотнинг ҳамкорлик учун кўп қиррали йўналишлари мавжудлигида ифодаланади. Хусусан, Нахичеван битимининг 2-моддасига биноан тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш масалалари, шунингдек сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маданий, илмий-техник, ҳарбий-техник, таълим, энергетика, транспорт, кредит соҳаларида самарали минтақавий ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ташкилотнинг муҳим мақсад ва вазифалари орасидан ўрин олган. Ўз навбатида, ТДТ доирасидаги ҳамкорлик савдо ва инвестиция учун қулай шарт-шароитлар яратиш, божхона ва транзит тартибини янада соддалаштириш, шунингдек, фан ва техника, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ёшлар, спорт ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, туркий халқларнинг буюк маданий ва тарихий меросини оммалаштиришга қаратилган.
Ушбу мақсадларга эришиш учун ТДТ қошида 6 та тузилма – Халқаро туркий маданият ташкилоти, Туркий давлатлар парламент ассамблеяси, Халқаро туркий академия, Туркий маданият ва мерос фонди, Туркий савдо-саноат палатаси, ТДТнинг Венгриядаги ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда. Бундай ташкилий тузилма ТДТ олдига қўйилган вазифаларни самарали амалга оширишга қаратилган.
ТДТ доирасидаги ҳамкорликнинг истиқболи порлоқ. Ташкилот доирасида иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва ўзаро савдо ҳажмини оширишга эътибор қаратилаётгани эътиборга молик. Бугунги кунда энг долзарб бўлган масалалардан бири иқтисодий масалалар саналади. Иқтисодиётни мустаҳкамлаш қўшма лойиҳаларини амалга ошириш, инфратузилмани такомиллаштириш ва бошқа муҳим чораларни ўз ичига олади. Бу мақсад ўтган йили 8-саммитда қабул қилинган “Турк дунёси нигоҳи – 2040” стратегик ҳужжатига ҳам мос келади. Ушбу ҳужжат ТДТ давлатларида иқтисодий интеграцияни ҳисобга олган ҳолда фаровон жамиятларни яратиш муҳимлигини кўрсатади.
Мазкур йўналиш доирасида ТДТ ҳузурида Инвестиция фонди ва Тараққиёт банкини яратиш ғоялари ҳам истиқболли саналади. Бундай лойиҳалар мамлакатларга ўз саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш ва инвестицияларни янада самарали бошқариш имконини беради.
Савдо ҳамкорлиги нуқтаи назаридан Каспий денгизи орқали Шарқ-Ғарб йўлаклари орқали савдо қилишдаги иқтисодий тўсиқларни олиб ташлашга эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишда ишлар бошланган. 2021 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида “Рақамли ТИР” пилот лойиҳаси ишга туширилди ва март ойида ушбу лойиҳа Қирғизистонни ҳам қамраб олди.
Ташкилот дунёда биринчи марта Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ePermit лойиҳасини тест режимида ишга туширишга муваффақ бўлди, кейинги босқичда эса Қозоғистон билан ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича келишув мавжуд.
Бундан ташқари, ТДТ мамлакатларида БМТнинг Европа бўйича иқтисодий комиссияси билан биргаликда eCMR воситасини жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур йўналишда инвестиция лойиҳаларини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, ўзаро манфаатли инвестиция фаолиятини амалга ошириш ташкилотга аъзо мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистоннинг манфаатлари учун ҳам мос келади.
Рақамли трансформация муҳим йўналишлардан. Бугунги кунда рақамлаштириш ҳар қандай давлат учун ривожланишнинг энг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Шунинг учун бу масала ТДТ учун долзарбдир. Бу йўналишдаги мақсадлар 2021 йилда “Турк дунёси нигоҳи 2040” стратегик ҳужжатида кўрсатилган эди. Жумладан, ҳужжатда телекоммуникация инфратузилмасини яхшилашга имкон берадиган минтақалараро рақамли алоқани ўрнатиш назарда тутилган.
Сунъий интеллект технологияларига алоҳида эътиборни ҳисобга олган ҳолда, бу масала доирасида ҳам ҳамкорлик қилиш керак. Хусусан, бундай технологиялардан иқтисодиёт ва саноатни ривожлантириш учун ҳам, шаҳар инфратузилмасини яхшилаш учун ҳам фойдаланиш мумкин. Кўпгина мутахассисларнинг фикрига кўра, сунъий интеллект технологиялари трафикни бошқариш, логистика ва жамоат тартиби масаласини ҳал қилиши мумкин.
Бир сўз билан айтганда, ТДТ туркий тилли мамлакатларни бирлаштирган, кўплаб соҳаларда ривожланиш истиқболларига эга бўлган истиқболли минтақавий ташкилотдир. Шунинг учун ушбу ташкилотнинг барча аъзолари, шу жумладан Ўзбекистон учун ТДТ доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳар томонлама ривожланиш ва барқарорликни таъминлашга, иқтисодий ўсишни оширишга ва мамлакатлар тараққиётини рағбатлантиришга хизмат қилади.
Дилором Имомова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.