ТДТ доирасидаги ҳамкорлик Ўзбекистонни катта имкониятлар сари етаклайди

 

Дунёда глобаллашув жараёнларининг фаоллашуви, халқаро геосиёсий вазиятнинг таранглашуви, пандемия оқибатларининг ҳамон сақланиб қолаётгани, глобал иқлим ўзгаришларининг салбий натижалари, озиқ-овқат соҳасидаги муаммоларнинг ортиб бориши ҳамда транспорт-логистика тизимидаги узилишлар манфаатдор давлатларнинг ҳамкорлигини кучайтириш, қўшни мамлакатларнинг бир-бирига бўлган дўстона ришталарини янада мустаҳкамлаш ҳамда турли манфаатларини умумий мақсадларда бирлаштиришни долзарб масалага айлантирмоқда.

Албатта бундай вазиятда турли ташкилотлар ва тузилмаларнинг роли ва аҳамияти ортиб бормоқда. Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо бўлган давлатлар ўртасида ўзаро ишончнинг ортиб бораётгани, турли соҳадаги муаммолар ҳамкорликда ҳал этилаётгани, иқтисодий лойиҳалар мулоқот асосида амалиётга жорий этилаётгани ҳамда зиддиятли ҳолатлар ўзаро келишув асосида ҳал этилаётгани ижобий ҳол.

Шу боис Самарқандда бўлиб ўтаётган ТДТнинг биринчи саммитидан нафақат ташкилотга аъзо мамлакатлар, балки бошқа давлатлар ҳам катта натижаларни кутиб қолишмоқда. Энг аввало, ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида муҳим йўналишлардан бири бўлган ўзаро транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт коридорларини ишга тушириш ҳамда логистика тизимини мустаҳкамлаш шулар жумласидандир. Бунинг натижасида Ўзбекистон ва ташкилотга аъзо давлатларнинг транзит салоҳияти янада ортади, ўзаро савдо алоқалари ривожланади. Маълумотларга кўра 2021 йил якунига кўра, Ўзбекистоннинг ТДТ билан жами товар айланмаси 9,4 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, экспорт 3,9 ҳамда импорт эса 5,5 млрд. АҚШ долларига етган. Рақамлардан кўриниб турибдики, экспортга нисбатан импортнинг улуши 1,6 млрд. АҚШ долларига кўпроқ. Келажакда албатта экспорт ҳажмини импортга нисбатан кўпайтириш стратегик мақсадлардан бири ҳисобланади.

Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида божхона тизимини соддалаштириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш орқали юк ташувлар ҳажмини кўпайтириш мўлжалланмоқда. Шу билан бирга фуқаролар ҳаракатини янада эркинлаштириш, хизматлар ҳамда технологиялар ҳаракатини рағбатлантириш мақсад қилинган. Бу ҳаракатлар бевосита туризм имкониятларидан янада фойдаланишга туртки бўлади.

Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида иқтисодий ва молиявий имкониятлардан янада кенгроқ фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Бунинг учун инвестициявий лойиҳаларни ишга тушириш, саноат кооперациясини ривожлантириш орқали саноатнинг устувор соҳалари самарадорлигини ошириш лозим. Мазкур вазифаларни амалга ошириш учун ташкилот доирасида Инвестицион жамғарма ташкил этишга келишилди. Таҳлилларга кўра 2017-2021 йилларда Ўзбекистон иқтисодиётига ТДТга аъзо мамлакатлар томонидан жами 2,5 млрд. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилган. Мазкур инвестицияларнинг 1,2 млрд. АҚШ доллардан ортиғи ёки 41 %и 2021 йилда жалб этилган. Албатта бу кўрсаткичларни келажакда янада кўпайтириш, ташкилотга аъзо давлатлар иштирокида эркин иқтисодий ҳудудларни ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Муқобил энергия манбаларини ривожлантириш ҳам муҳим вазифалардан. Чунки, Ўзбекистоннинг қулай иқлим шароити, табиати ёрдамида қуёш, шамол ва сув каби қайта тикланувчи энергия манбаларини ишлаб чиқариш бўйича катта салоҳиятга эга. Бу борада Венгрия ва Туркия етарли амалий тажрибага эга ҳисобланади. Ўзбекистон 2026 йилгача муқобил энергия манбалари улушини 25 фоизга олиб чиқишни режалаштирган. Бундай мақсадларни амалга оширишда албатта ТДТ аъзо давлатлар билан ҳамкорлик яхши самара беради.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ТДТга аъзо давлатлар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳисобига мамлакатимизнинг транзит салоҳияти янада ортади, янги транспорт йўлаклари ишга тушади, туризм имкониятлари кенгаяди, умумий савдо ҳажми улушида экспорт кўрсаткичлари кўпаяди, хомашё маҳсулотларини сотишга нисбатан тайёр маҳсулотлар улуши ортади ҳамда қишлоқ хўжалигига инновациявий ишланмалар тадбиқ этилади. Мазкур ташаббуслар мамлакатимизни катта имкониятлар сари етаклайди.

 

Ойбарчин Абдуллаева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш