Доим халқимиз ардоғида бўлинг, азиз, тиббиёт ходимлари!

 

Дунёда шундай касб соҳиблари борки, улар учун иш вақти чегараланмаган, одамлар уларга кечаю кундуз мурожаат қилишади, кўмак сўрашади. Бу касб эгалари ҳам кўмак сўраган инсонга ёрдам беишга қасамёд қилишган ва ҳамиша қасамёдларига содиқ. Шу боис ҳам шифокорлар ҳамиша инсонлар билан бирга. Шифокор учун беморининг миллати, ижтимоий келиб чиқиши аҳамиятсиз, энг асосийси, дардига шифо топса бўлгани.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Қонунига асосан ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ходимлари куни” байрами сифатида нишонлаб келинади. Шу муносабат билан Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида“ байрам тадбири ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари, Тошкент шаҳри ва вилоятида фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ҳамда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари қатнашди.

Мамлакатимизда аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишга давлат сиёсатининг энг муҳим йўналиши сифатида эътибор қаратиб келинмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда юртимизда соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, малакали тиббий кадрлар салоҳиятини ошириш, соҳага янги бошқарув усулларини жорий этиш, бирламчи тиббиёт бўғинини ривожлантириш, тиббиёт ходимларининг шаънини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар янгича мазмун касб этяпти.

Тадбирда юртимизда соҳани тубдан ислоҳ қилишга қаратилган ислоҳотлар эътироф этилиб, тиббиёт ходимлари ҳимоясига қаратилган қонун қабул қилинаётгани, Қонун лойиҳасида шифокорлик касбининг мақоми ва нуфузини ошириш, уларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш белгиланаётгани таъкидлаб ўтилди.

Олий Мажлис қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, ХДП фракцияси раҳбари У. Иноятов инсон саломатлиги учун масъул, улар умрининг бардавом бўлиши учун жон куйдираётган машаққатли ва шарафли касб эгаларининг меҳнатларини эътироф этиб, касб байрами билан табриклади.

Байрам тадбирида бир гуруҳ фидойи ва фаол тиббиёт ходимлари эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шундан сўнг “Ақлдан озиш ҳеч гап эмас” спектакли намойиш этилди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш