Тамакисиз ҳаёт сари. Долзарб масала муҳокама қилинди

 

Тамаки маҳсулотларинининг тарқатилишини ва истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги Ўзбекистон қонунчилигини такомиллаштириш, халқаро тажрибалар билан танишиш, қарор қабул қилувчи шахслар билан биргаликда ушбу масалаларни муҳокама қилиш ҳамда долзарб масалаларни ОАВда кенг ёритиб бориш мақсадида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Аҳолининг соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаоллигини қўллаб-қувватлаш маркази, ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази ҳамда «Ибн Сино» жамоат фонди томонидан ташкил этилган «Тамакисиз келажак сари!» семинарида Олий Мажлис Сенати аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сиёсий партиялар вакиллари, журналист ва блогерлар иштирок этишди.

Тадбир иштирокчилари жорий йилнинг 25 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Олий Мажлис Сенатига юборилган “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги янги қонундаги асосий ўзгаришлар ҳамда Қозоғистон ва Россия тажрибаси билан танишдилар. Соҳадаги Ўзбекистон қонунчилигини такомиллаштириш, учраётган муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш йўллари ҳамда кейинги қадамлар ҳақида мунозарали муҳокама ўтказилди.

“Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги янги қонунни тезроқ қабул қилиш- инсоният ва табиатга етказилаётган зарарнинг олдини олишга хизмат қилиши таъкидланди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, тамаки ҳар йили бутун дунёда 8 миллиондан ортиқ кишининг умрига зомин бўлади. Ушбу ўлим ҳолларининг 7 миллиондан ортиғи тамакини бевосита истеъмол қилиш оқибати бўлса, 1,2 миллионга яқини – бу иккиламчи тамаки тутуни таъсирида бўлган чекмайдиган одамлардир.

Энг ачинарли ҳолат шундаки, бугунги кунда ёшлар ва аёллар орасида ҳам чекувчилар сонининг ортиб бораётганини кузатиш мумкин.

Чекишнинг аёллар учун зарарли томонлари ҳақида мутахассислар фикрига эътибор қаратадиган бўлсак, биринчидан, аёл организми тамакига эркакларникига кўра анча сезиларлироқ реакция қайтарар экан. Асосий касалликлардан ташқари, аёллар чекиш натижасида гўзалликлари, ёшликлари ва энг асосийси она бўлиш имкониятидан маҳрум бўлишаркан. Тери нормал кўринишдан 10-15 ёшга қарироқ кўринаркан.

Доимий чекувчи аёлларда бепуштлик даражаси 42 фоизни ташкил этаркан. Ҳомила тушишининг 96 фоизи ҳам сигарета билан боғлиқ экан.

Ҳомиладорлик даврида чекадиган оналарда ҳомиланинг ўлик туғилиши хавфи 30% га юқори, муддатидан олдин туғилиш 8 марта кўпроқ қайд қилинар экан.

Она қорнидалигидан тамаки тутуни билан заҳарланган чақалоқларда юз қисмининг нуқсонлари («қуён лаб», «бўри танглай» ва бошқалар) 2 марта кўпроқ учраркан.

Энг даҳшатлиси бачадон бўйни раки касаллиги ҳам кўпроқ чекувчи аёлларда кузатилар экан.

Бундай иллатларнинг олдини олиш мақсадида барча давлат ва нодавлат ташкилотлар, кенг жамоатчилик биргаликда ҳаракат қилиши, қолаверса жамиятнинг ҳар бир аъзоси бу борада ўзини дахлдор ҳис қилиши, чекишнинг зарарли оқибатлари тўғрисида ОАВларда кўпроқ тарғибот ишларини, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар орасида тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, келажагимиз эгалари, бунёдкорлари, бўлғуси оналар ҳар томонлама соғлом бўлиши шарт!

 

Гулшан Асатова,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари.

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш