Янги меҳнат кодексида аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари манфаатларини ҳимоя қилиш белгиланмоқда

 

Жорий йилнинг 29 октябрь куни Ўзбекистон Меҳнат кодекси янги таҳрирда қабул қилинди. ҳужжат 6 ойдан сўнг – 2023 йил 30 апрелда кучга киради ва 1995 йилдан бери амалда бўлган Меҳнат кодексининг ўрнини эгаллайди. Меҳнат Кодекси 1995 йилдаги биринчи таҳриридан фарқли равишда, унда мажбурий меҳнатни тақиқлаш, ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўймаслик, давлат эҳтиёжманд аҳолини ишга жойлаш бўйича қўшимча кафолатлар кабилар асосий принцип этиб белгиланган.

Ўзбекистон ХДП мамлакатнинг тобора юксалаётган иқтисодий салоҳияти аҳолининг кам таъминланган қатламлари турмуш даражаси ва ҳаёт сифатини ошириш, меҳнат билан банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли, ишга жойлашишда қийинчиликка дуч келаётган инсонлар, жумладан, меҳнат бозорига энди кириб келган таълим муассасалари битирувчилари манфаатларини ҳимоя қилишни ўзининг устувор вазифаларидан қилиб белгилаган. Жумладан, кодексда:

— 14 ёшга тўлмаган болалари, ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз ота-она, шунингдек кўп болали оилалардаги ота-оналар;

— умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларини, касб-ҳунар мактаблари ва коллежлари ҳамда техникумларини тамомлаб, касбга эга бўлган ёшлар;

— “Меҳрибонлик” уйларининг битирувчилари, шунингдек олий таълим ташкилотларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилари;

— Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати қўшинларидаги муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар;

— ногиронлиги бўлган шахслар;

— пенсияолди ёшидаги шахслар (қонунда белгиланган пенсия ёшига қадар икки йил олдин);

— жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар ёки суднинг қарорига кўра ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар;

— одам савдосидан жабрланганларни ишга жойлаштириш бўйича қўшимча давлат кафолатлари таъминланади. Шунингдек,

— ҳомиладор аёл, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёл ёки уч ёшга тўлмаган болани ёлғиз ўзи тарбиялаётган ота (васий);

— Захирага қўйиладиган иш ўринларига ишга жойлаштириш учун юборилган -аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган шахслар ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди. Ҳомиладор аёлларга қўшимча бўш кунлар берилади, жумладан, иш берувчи ҳомиладор аёлларга бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида антенатал (туғруққача) парваришлаш (перинатал скрининг ва ташхис, мажбурий тиббий кўриклар ва бошқа мажбурий тиббий муолажалар) учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча бўш кунлар бериши шартлиги белгиланмоқда.

Шунингдек, Кодексда иш берувчи бўлган жисмоний шахсларга уларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган шахсий эҳтиёжларини қаноатлантириш учун ишларни бажарувчи, хизматлар кўрсатувчи ходимлар (боғбонлар, энагалар, қоровуллар, оқсочлар, ҳайдовчилар ва бошқалар) уй ишчилари деб уларнинг ҳуқуқий мақоми белгиланмоқда. Уй ишчиларини ишга қабул қилишга улар ўн олти ёшга тўлганида йўл қўйилади. Кодексда уй ишчиларининг меҳнати ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмоқда. Аёлларнинг ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларнинг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳам алоҳида белгиланмоқда.

Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари кенгайтирилган бўлиб, ходимнинг пенсия ёшига етганлиги муносабати билан иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиши тақиқланмоқда.

Энг муҳими янги Меҳнат кодексида, ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори мазкур иш берувчидаги иш стажига боғлиқ бўлади ва у:

3 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан;

3 йилдан 5 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизидан;

5 йилдан 10 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизидан;

10 йилдан 15 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг 150 фоизидан; 15 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг 200 фоизидан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, янги кодекснинг ҳаётга татбиқ этилиши, одамларнинг меҳнат ҳуқуқи ва эркинлиги, шунингдек, меҳнат қилиш ҳуқуқи, эркин иш танлаш, адолатли ва хавфсиз меҳнат шароитлари ва ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқларига оид давлат кафолатларини ўрнатилганлиги билан аҳамиятлидир.

 

Боймурат Юсупов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш