Янги Меҳнат кодексидаги янгиликлардан хабардормисиз?

 

Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашида “Янги меҳнат кодексининг мазмун ва моҳияти” мавзусида онлайн видеосеминар бўлиб ўтди. ЎзХДП Марказий Кенгаши масъуллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари раҳбарлари, ОМҚП дептатлари ёрдамчилари, маҳаллий Кенгаш партия ташкилотлари раҳбарлари иштирок этган йиғилишни ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, фракция аъзоси Мақсуда Ворисова олиб борди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 2021 йил 14 октябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 2022 йил 17 мартда Сенат томонидан маъқулланган эди. Кодекс 7 бўлим, 34 боб ва 581 моддадан иборат. Ҳужжат 2023 йил 30 апрелда кучга киради ва 1995 йилдан бери амалда бўлган Меҳнат кодексининг ўрнини эгаллайди. Йиғилишда янги ҳужжат партия электорати манфаатларига тўла мос келиши таъкидлаб ўтилди ва аҳоли ўртасида тушунтиришлар олиб бориш зарурлигига эътибор қаратилди.

ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи Боймурод Юсупов янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари манфаатларини ҳимоя қилиш белгиланганлиги юзасидан маъруза қилди. Таъкидланганидек, янги қонунчиликка асосан давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлайди. Янги кодексга мувофиқ, дам олиш куни байрам кунига тўғри келса кейинги кунга кўчирилади. Масалан, якшанба – дам олиш куни 1 сентябрга тўғри келса, дам олиш куни душанбага кўчирилади.

Шунингдек, 129-модда билан ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди тоифалар кўрсатиб ўтилган. Бундан ташқари, ҳужжатда ишдан бўшатиш нафақаси, ҳомиладор аёлларга қўшимча бўш кунлар бериш, қонунийлашган масофадан ишлаш тартиби, уй ишчилари фаолиятининг қонунийлаштирилгани, узайтирилган меҳнат таътили, аёлларга берилган қўшимча ҳуқуқлар ва бошқа янгиликлар ҳам ўрин олган.

Йиғилишда янги Меҳнат кодекси билан батафсил танишиб чиқиш, сўнг уни аҳоли ўртасида тарғибот қилиш бўйича вазифалар белгиланди. Ҳужжат фуқаролар манфаатлари нуқтаи-назаридан ишлаб чиқилганига урғу берилиб, меҳнат муносабатларига киришаётган шахслар 6 ойдан сўнг кучга кирадиган ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўла англаб олиши учун тушунтириш ишларини кучайтириш зарурлигига эътибор қаратилди.

Видеоконференцияда бевосита халқ орасида фаолият юритувчи Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари вакилларининг фикр-мулоҳазалари ҳам тингланди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш