Ҳар бир мустақил давлатнинг мустақиллигини ифодаловчи рамзлари мавжуд. Бу рамзлар давлатнинг ва халқнинг ўтмишини англатиб туради. Шундай рамзларидан бири ҳарбийлар, спортчилар, олимпиада ғолиблари орқали тез-тез юксакларга кўтарилиб, инсоннинг қалбини ғурур ва ифтихорга тўлдириб турувчи давлат байроғидир. Бугун Давлат байроғи қабул қилинган кун. “Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган VII сессиясида қабул қилинган эди.
Давлат байроғи ва унинг рамзи бугунги Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқликни англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.
Байроқдаги мовий ранг тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва обиҳаёт рамзи. Тимсоллар тилида бу – яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Бинобарин, Амир Темур давлати байроғининг ранги ҳам мовий рангда эди.
Байроқдаги оқ ранг – муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, у кун чароғонлиги ва коинот ёритқичлари билан уйғунлашиб кетади. Оқ ранг – поклик, беғуборлик, софликни, орзу ва ҳаёллар тозалиги, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли.
Яшил ранг – табиатнинг янгиланиш рамзи. У кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади.
Қизил чизиқлар – вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини англатади.
Навқирон ярим ой тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ. Айни пайтда у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи ҳам.
Юлдузлар барча учун руҳоний, илоҳий тимсол саналган. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидаги 12 юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги йилномамизга бевосита алоқадор. Бизнинг Ўн икки юлдузга бўлган эътиборимиз Ўзбекистон сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида нужум илми тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланади.
Давлат байроғимиздаги 12 юлдуз тасвирини ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши рамзи сифатида тушуниш лозим.
Ёшларимиз қаерда ва қандай натижаларга эришмасинлар Ватан байроғини ардоқлаб юксакларга кўтармоқдалар. Давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар орқали сезиларли ютуқларга эришмоқдамиз. Мактабларимизда мустақилликни қадрига етиш, уни асраб авайлаш ҳақида тушунчалар берилмоқда. Шунинг учун ҳам Давлатимиз рамзлари қабул қилинган кунга бағишлаб ўқувчилар шеърлар ёдлашмоқда, расмлар чизишмоқда. Таълим даргоҳларида олиб борилаётган тарҳибот ишлари ўқувчиларни она Ватанни севишга, уни асраб-авайлашга, мустақилликни қадрига етишга ўргатади.
Мустақиллигимизни англатиб турувчи Давлатимиз байроғининг қабул қилинган куни барчамизга муборак бўлсин!
Баҳодир Камалов,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ходими.