Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси ҳақида хотин-қизларга кенг тушунчалар берилди

 

Тошкент шаҳридаги “Билим” ахборот-кутубхона марказида “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари” мавзусида тадбир ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, Тошкент шаҳар, Чилонзор ва Учтепа туман Кенгашлари масъуллари, Чилонзор туманидаги “Навбаҳор” МФЙ раиси ва фаоллари ҳамда “Билим” ахборот-кутубхона маркази раҳбар, ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари Гулшан Асатова тадбирни очиб берар экан, мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жумладан, уларнинг билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши ҳамда муносиб шароитларда меҳнат қилишларини таъминлаш борасида жуда кўплаб имтиёзлар берилиб, имкониятлар яратилаётганлиги, айниқса, Ўзбекистон ХДПнинг дастуридан ўрин олган масалалар қонунчиликка киритилиб, амалиётга тадбиқ этилаётгани хусусида сўз юритди.

Жумладан, болани парваришлаш таътилининг иш стажига қўшиладиган даври 3 йилдан олти йилга оширилди, ҳусусий секторда ишлайдиган аёлларга давлат томонидан “декрет пули” тўланадиган бўлди ва ногирон фарзандни тарбиялаётган оналарга болага қараган даври меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади ва шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож, ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига ҳар ойда нафақа тўлови жорий этилши ҳам қонунчиликда белгилаб қўйилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавжуда Ҳасанова янги Меҳнат кодексининг қабул қилиниши, ундаги ўзгаришлар, қўшимча ҳуқуқлар ҳақида батафсил маълумотлар берди. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 7 бўлим, 34 боб ва 581 моддадан иборат, 2023 йилнинг апрель ойидан кучга киради.

Кодекснинг 25-бобида аёлларнинг ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларнинг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳам алоҳида белгиланган.

Шунингдек, 403-моддада иш берувчи ҳомиладор аёлларга бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида антенатал (туғруққача) парваришлаш (перинатал скрининг ва ташхис, мажбурий тиббий кўриклар ва бошқа мажбурий тиббий муолажалар) учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча бўш кунлар бериши шартлиги белгиланди. Ҳомиладор аёлларни антенатал (туғруққача) парваришлаш тартиби ва муддатлари эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Тадбир қизиқарли ва савол-жавобларга бой тарзда ўтди.

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш