Маҳаллий Кенгашлар қандай нафас олаяпти?

 

Маҳаллий Кенгашлар уйғоқ экан, ҳудудлар ривожланади, депутатлари фаол экан, туман-шаҳарларда аҳолини ўйлантираётган масалалар бартараф этилади.

Куз-қиш мавсуми, жойларда ҳаёт қайнаган. Депутатлар нималар билан машғул, уларни қандай масалалар ташвишлантиряпти? Депутатларнинг фикрларига қулоқ тутдик.

 

Турсунқул ТАНГИРОВ,

халқ депутатлари Музработ туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:

– Маҳаллий Кенгашлар мамлакатимизда бўлаётган жараёнларга, олиб борилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмасдан, ишончга эътиборли ҳолда фаолият юритяпмиз. Президентимизнинг қарор ва фармонлари асосида режа ва дастурлар белгилаб олганмиз.

Яқинда Конституциямизга ўзгартириш киритиш борасидаги тарғибот-ташвиқот ишларида, янги Меҳнат кодексининг қабул қилиниши, бу масалаларда аҳолининг фикр ва таклифларини ўрганиш жараёнларида партиямиздан сайланган 10 нафар депутатнинг ҳаммаси фаол иштирок этди. Ва, албатта, туманимиздаги ўзгаришлар, янгиланишлар, ҳудудни ривожлантириш борасидаги амалий ишлар, бюджет маблағларининг тўғри сарфланиши, «Саховат» фонди кўмак маблағларининг мақсадли ишлатилаётгани каби масалалар ҳам доимий эътиборимизда.

Туманимизда 37 та маҳалла бор. Суд-ҳуқуқ масалалари бўйича жиноятчиликнинг олдини олиш ва коррупцияга қарши курашиш доимий комиссияси раиси сифатида биринчи чорак, ярим йилликда қайси соҳаларда жиноятчилик ўсган, унинг сабабларини ўрганиб борамиз.

Партиямиз гуруҳи ташаббуси билан туман Кенгаши сессиясига «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилганларга ажратилган ерлардан фойдаланиш имконияти, мурожаатлари кўриб чиқилди. Ёшлар ишлари агентлигининг ёшларни иш билан таъминлаш бўйича ҳисоботи эшитилди.

Шунингдек, яқинда 3-сектор раҳбари билан «Янгиер» маҳалласида халқ қабулини ўтказдик. Мурожаатлар асосан электр энергияси, йўл, кўприклар масаласида бўлди. Уларни 2023 йил давлат дастурига киритиш бўйича режа белгилаб олинди.

Яқинда вилоят Кенгашига хат чиқариб, «Янгиер» маҳаллаасининг 10 км. 100 метр масофасини асфальтлаш масаласини кўтариб чиқдим. Вилоят йўл бошқармасининг вакиллари ҳудудга келиб, масалани ўрганиб кетишди ва келгуси йил дастурга киритишга ваъда беришди.

Бугун одамларда депутатларга ишонч бор, уларни танишади, мурожаат қилишади. Қайси депутат аввало ўзини ҳурмат қилиб, халқ олдида масъулиятни ҳис қилган ҳолда фаол ишласа, вақтида берилган ваъдаларининг устидан чиқса, эл орасида обрўси ҳам, ҳурмати ҳам бўлади. Давлатимиз раҳбари ҳам халқнинг ичига кириб бориш, одамларнинг дардини эшитиш кераклиги ҳақида кўп бора гапирадилар. Биз ҳам ана шу мезон асосида ишлашимиз талаб этилади.

 

Назира ЭЛМУРОДОВА,

халқ депутатлари Яккабоғ туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:

– Ҳудудимизда «Депутатлар боғи» ташкил этиляпти. Туманимиз депутатлари жипслашиб, ажратилган майдонга турли кўчатлар экдик. Албатта, ҳудудни ривожлантириш масалаларида ҳам иштирок этяпмиз. Турли ташкилот, мактаб-боғчалар фаолияти ўрганиляпти. Масъул идора раҳбарларнинг ахборотларини эшит­япмиз.

Муҳим саналарга бағишланган тадбирларда мунтазам қатнашиб келамиз. Депутатларимизнинг фаоллиги аввалги йилларга, аввалги чақириқларга нисбатан анча ошган. Буни уларнинг ташаббуслари, кўтариб чиқаётган масалалари, сессиялардаги фаол иштирокларида кўриш мумкин. Бирон-бир бемор ҳолидан хабар олишдан тортиб, шифохоналарни ўрганиш, маҳаллалардаги муаммоларни бартарарф этиш дейсизми, барчасида биргаликда, ҳамжиҳатликда ишлаймиз. Фаолиятимизда тақиқлар, чегаралар йўқ.

Яқинда туман Кенгаши сессиясида партиямиз гуруҳи ташаббуси билан Бандликка кўмаклашиш маркази раҳбарининг ҳисоботи эшитилди. Маълумотга кўра, туманда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 142,7 минг нафар, иқтисодий фаол аҳоли сони 108,2 минг нафар, банд аҳоли 98,4 минг нафарни ташкил қилади. Шундан расмий секторда бандлар 29,0 минг нафар, норасмий секторда бандлар 55,4 минг нафар, хорижга ишлаш учун кетганлар сони 14,1 минг нафарни ташкил этади.

Йил якунига қадар ишсиз фуқароларга бандлик соҳасида кўрсатиладиган хизматлар натижасида ишсизлик даражаси 8,4 фоизга камайтирилади.

Сессияда бандликка кўмаклашиш марказига камчиликларни бартараф этиш бўйича муддат белгиланди. Албатта, бу каби ҳисоботлар, идора-ташкилотларнинг маҳаллий Кенгашлар олдидаги ҳисобдорлиги ҳудудларни ривожлантириш, аҳолини ўйлантираётган масалаларга ечим топишда муҳим ўрин тутади.

 

Меҳринисо БОБОЕВА,

халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати:

– Ҳар бир сессияда қатнашаман. Уларда ташкилот раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилади. Саволлар берилади. Бугунги депутатлар аввалги депутатлар эмас. Илгари ҳам сессияларда, йиғилишларда иштирок этардим. Депутатлар фикрларини айтишга тортинарди. Бугун эса масъул ташкилот раҳбарларига бемалол саволлар бера олади, натижалар талаб қила олади.

Депутатлар ҳудудлардаги камчиликлар бартараф этилиши, одамларнинг ташвишлари енгил бўлиши учун курашади. Одамларга нафим тегса, қувонаман. Биласизми, нима кўпроқ ёдимда қолади? Мурожаати ижобий ҳал этилган одамнинг қувончини ҳеч нарсага қиёслаб ҳам, алмашиб ҳам бўлмайди.

Ҳудудимизда бир одамнинг уйи ёниб кетди. Кенгашда эҳтиёжманд оилаларга бериладиган маблағлар муҳокамасида уларнинг муаммосини баён этдим ва қўшимча маблағ ажратилишига эришдик. Муҳокамалар ҳам ҳаққоний бўлади, моддий таъминот бериладиганлар ҳақиқатан ночорми, муҳтожми, деб сўралади.

Маҳалла раислиги сайловидан кейин бир қанча депутатлар ишсиз бўлиб қолди. Уларнинг иш билан таъминлашини истардим. Шунингдек, халқ депутатлари туман Кенгаши раислари яхши ишлаган депутатларни рағбатлантириши керак, деб ўйлайман. Рейтинг юритилиб, унинг кўрсаткичларига қараб, яхши ишлаётган депутатларга эътибор қаратиш лозим. Боиси, қайсидир депутат жон-дили билан ишлайди, кимдир эса номига фаолият юритади. Катта мукофот бериш шарт эмас, ҳар қандай рағбат одамга куч беради.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 16.11.2022, №46

 

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш