Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Кун тартиби жуда тиғиз бўлиб, бир қатор қонун лойиҳалари, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил тўққиз ойидаги ижроси бўйича ҳисобот тингланди ва муҳокама қилинди.
Муҳокамалар аввалида дунёда рўй бераётган мураккаб ижтимоий-сиёсий вазият, кутилмаган масалаларнинг юзага чиқиши шароитида Давлат бюджетининг ижросини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, ўз вақтида қабул қилинаётган қарорлар натижасида ижтимоий барқарорлик таъминланмоқда.
Депутатлар бюджет ижроси ҳақида ҳукумат ҳисоботини таҳлил қилишда ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағларнинг қанчалик самарали сарфланганига алоҳида эътибор қаратди.
Кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича қатор ҳужжатлар қабул қилиниб, муҳим вазифалар белгилангани, катта маблағлар йўналтирилаётгани таъкидланди.
Лекин таҳлил ва ўрганишлар ажратилган айрим маблағлар ўз вақтида ишлатилмасдан келинаётганини кўрсатмоқда. Хусусан, соғлиқни сақлаш тизимини оладиган бўлсак, Болалар тиббиёт ва туғуруқ муассасаларида юқори технологик лобаратор ускуналардан тўлақонли ва самарали фойдаланиш мақсадида реагентлар, сарфлов анжомлари ҳамда сервис хизматлар дастури учун 8.0 млрд. сўм режалаштирилган. Бироқ йилнинг 9 ойи давомида бу режа амалга ошмаган.
Буйрак ва жигар трансплантацияси жарроҳлик амалиёти ўтказилган беморларни дори воситалари билан таъминлаш дастури учун 21,0 млрд. ажратиш белгиланган, амалда бу режа атига 50 фоизга бажарилган.
Болалар, туғиш ёшидаги, ҳомиладор ва бола эмизувчи аёлларни профилактик махсус препаратлар билан бепул таъминлаш дастури учун 82,5 млрд. режалаштирилган бўлиб, амалда бор-йўғи 7,3 млрд. сўми ишлатилган. Бу каби ҳолатларга асосий сабаб сифатида тендер савдолари билан боғлиқ масалалар кўрсатилган.
ХДП фракцияси аъзолари ижтимоий соҳага, жумладан, соғлиқни сақлаш йўналишига ажратилган бюджет маблағларининг ўз вақтида ва мақсадли ишлатилишига халақит бераётган тўсиқларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилиши зарурлигини қайд этишди.
Хусусан, Давлат бюджетидан ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағларни ишлатишда тендер савдолари асосий муаммога айланиб бораётганини ҳисобга олиб, шу йўналишдаги меъёрий-ҳужжатларни соддалаштириш, жараённи тезлаштириш нуқтаи-назаридан қайта кўриб чиқиш, Ҳукумат бу борада аниқ вазифалар белгилаши кераклиги кўрсатиб ўтилди. Меъёрий ҳужжатлар ва тартиб-қоидалардаги камчиликлар инсонлар сломатлиги ва ҳаётига хавф туғдирмаслиги лозимлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, ҳисоботда бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш борасидаги хато-камчилик ва қонунбузилишларга оид Давлат молиявий назорат инспекциясинининг маълумотлари келтирилмаганига эътибор қаратилди.
Қатор муҳокамалар, аниқлаштирувчи савол-жавоблардан кейин депутатлар Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармаларининг 2022 йил 9 ойлик ижроси якунлари тўғрисидаги ҳукумат ҳисоботини қўллаб-қувватлашди.
«2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама этилди. Ушбу қонун лойиҳаси билан Давлат бюджети тўғрисидаги қонуннинг айрим моддаларига маблағлардан янада мақсадли фойдаланиш, айрим йўналишлардаги масалаларни ҳал этиш учун қўшимча имкониятлар яратиш нуқтаи-назаридан ўзгартиришлар қиритилмоқда. Депутатлар бир қатор аниқлаштирувчи саволлардан кейин қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади.
Йиғилишда фракция аъзолари Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқди.
Ички ишлар вазирлиги вакили қонун лойиҳасини асосларкан, сўнгги вақтларда болаларни назоратсиз турли чет эл давлатларида қолдириб келиш каби салбий ҳолатлар учраётгани вояга етмаганларнинг жисмоний, интеллектуал, руҳий ва маънавий аҳволига салбий таъсир кўрсатиб, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахл қилаётганини айтди.
Айниқса, диний билим олишга интилаётган, аммо диний таълимот бўйича тасаввур ва бошланғич билимга эга бўлмаган ёшларнинг диний таълим олиш учун чет эл давлатларида назоратсиз қолдириб келиниши уларнинг диний экстремистик оқимлар таъсирига кириб қолиш хавфини вужудга келтираётгани таъкидланди.
Амалдаги қонунчиликда вояга етмаган болаларни хорижий давлатларга қаровсиз қолдирганлик бўйича ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг жавобгарлиги белгиланмаган экан. Қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексини 476-модда (болани чет эл давлати ҳудудида қаровсиз қолдириш) билан, Жиноят кодексини Болани хорижий давлатда қаровсиз ташлаб кетганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи 1221-модда билан тўлдириш таклиф этилмоқда.
Депутатлар ушбу меъёрларни янада аниқлаштириш ва такомиллаштириш ҳақида мулоҳазаларни билдириб, қонун лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқуллашди.
Фракция йиғилишида бошқа қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди.