Саволлар кўпайган

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Давлат бюджети ва Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил 9 ойлик ижроси якунлари тўғрисидаги Ҳукумат ҳисоботи муҳокама этилди.

Ҳукумат ҳисоботи аввал сиёсий партиялар фракциялари, хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида ҳам атролича муҳокама этилди. Депутатлар томонидан берилган саволларга вазирликлар вакилларининг жавоблари эшитилди. Фракция аъзолари ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағларнинг қанчалик самарали сарфланганига алоҳида эътибор қаратишди.

Депутатлар ривожлантириш дастурлари ва бюджет харажаталарини мақсадли индикаторларининг 9 ойлик ижроси тўғрисидаги ҳисоботда (ҳукумат ҳисоботининг 11-иловаси) соғлиқни сақлаш тизимида бир қатор вазифалар бажарилмасдан қолаётгани юзасидан ўз эътирозларини билдиришди.

Хусусан, депутатлар муҳокамалар чоғида соғлиқни сақлаш тизимига ажратилган маблағларнинг сарфланишига эътибор қаратдилар.

Депутат Мақсуда Ворисова нефрология ва гемодиализ учун ажратилган маблағлар 11,7 фоизгина ўзлаштирилгани, Президентимиз ташаббуси билан қийинчилик даврида ҳам соҳага маблағлар ажратиб берилгани, лекин бу маблағ тўлиқ ишлатилмагани ҳақида савол берди.

Депутат, шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимида электрон поликлиника жорий этилишига бир неча йилдан бери ҳаракат қилиниб келинаётгани, Сирдарёда шу тажриба лойиҳа сифатида ҳам олиб борилаётгани, аммо ажратилган маблағларнинг 25 фоизигина ўзлаштирилганига нима сабаб бўлгани ҳақида изоҳ сўради.

 

Саволга Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Суҳробжон Мақсудов жавоб берар экан, электрон поликлиникага ажратилган маблағлар ўтган йили ҳам тўлиқ ўзлаштирилгани, бу йил тизимга 50 миллиард ажратилгани, яна 25 миллиард маблағ қўшимча қилиб берилгани, бу кейинги йил локал тармоқларни ўзлаштиришга сарфланиши ҳақида айтиб ўтди.

Маълумотга кўра, болалар тиббиёт ва туғуруқ муассасаларида юқори технологик лобаратор ускуналардан тўлақонли ва самарали фойдаланиш мақсадида реагентлар, сарфлов анжомлари ҳамда сервис хизматлар дастури учун 8.0 млрд. сўм режалаштирилган. Бироқ йилнинг 9 ойи давомида 1 сўм ҳам ишлатилмаган.

Буйрак ва жигар трансплантацияси жарроҳлик амалиёти ўтказилган беморларни дори воситалари билан таъминлаш дастури учун 21,0 млрд. ажратиш белгиланган, амалда бу режа атига 50 фоизга бажарилган.

Болалар, туғиш ёшидаги, ҳомиладор ва бола эмизувчи аёлларни профилактик махсус препаратлар билан бепул таъминлаш дастури учун 82,5 млрд. режалаштирилган бўлиб, амалда бор-йўғи 7,3 млрд. сўми ишлатилган.

Муҳокамалар чоғида депутатлар шунингдек, таълим соҳасидаги муаммолар ечими юзасидан ҳам саволлар беришди, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида мактабгача таълим муассасаларининг сони ва фаолият юритиши бошқа ҳудудларга нисбатан бирмунча ортда қолаётгани айтиб ўтилди.

 

Депутат Дилором Имомова шу хусусда фикр билдирар экан, нега ҳудудлар миқёсида турлича манзара юзага келгани, молиявий қўллабқувватлаш масаласига вилоятлар кесимида қандай ёндашилиши ҳақида сўради.

 

– Қамровни ошириш бўйича аниқ ишлар қилиняпти, – дейди Мактабгача таълим вазири ўринбосари Нодир Муслитдинов депутат саволига жавоб берар экан. – 2021 йил июль ойидаги Президент қарорига мувофиқ республикамизнинг 5 та ҳудудида жами 50 та қўшимча МТТ режалаштирилган эди. Шунинг 23 таси Қашқадарёда, қолган 20 таси Сурхондарёда қурилиши белгиланган эди. Мана шу қурилишлар ўтган йили бошланган бўлса, бу йил якунигача тугаши кутилмоқда. Сурхондарё вилоятида ҳокимлик билан келишилган ҳолда, енгил конструкцияли МТТ қурилди. 2022 йилнинг ўзида 28 та МТТ янгидан қурилди. Ҳокимият қурилиш учун маблағ ажратган бўлса, вазирлик жамғарма томонидан уларни жиҳозлашга кўмаклашди.

 

Депутат Шерзод Раҳмонов Президент ташаббуси билан жорий этилган хайрли ва эзгу ташаббус, яъни магистратура босқичига ўқишга кирган хотин-қизларнинг шартнома пуллари давлат томонидан қоплаб берилиши учун ажратилган маблағлар ҳақида сўрар экан, 200 миллиард маблағ нега 75 миллардга тушиб қолгани билан қизиқди.

 

Депутат саволига Молия вазири ўринбосари Жамшид Абруев жавоб берди:

– Биз таҳлил қилиб кўрганимизда, ҳисоб-китобларга асосан максимал шу сумма кўзда тутилган. Лекин асосан сентябрь ойидаги аризаларга мувофиқ 68 миллиард тўлаб берилди. Бундан буёғига узоғи 10 миллиард атрофида талаб бўлаяпти. Шунинг учун таклиф киритилганда, бошида шу сумма киритилган. Талабга қараб яна ажратилади.

Ялпи мажлисга қайтадиган бўлсак, депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил тўққиз ойи якунлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботни атрофлича кўриб чиқишди.

Ўзбекистон Республикаси молия вазири Т. Ишметовга ахборот учун 30 дақиқа вақт берилди.

Вазир 2022 йилнинг тўққиз ойи якунларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсишда давом этганини таъкидлади. Натижада январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 5,8 фоизга ўсди, инфляция йил бошидан 8,1 фоизни ташкил этди. Давлат бюджети даромадлари Давлат мақсадли жамғармаларисиз 147,1 трлн. сўмни ташкил этиб, белгиланган прогноз 105,3 фоизга ёки 7,4 трлн. сўмга ошириб бажарилди. Даромадлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 31,1 трлн. сўмга ошди, дейди у.

Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш ҳажми Давлат бюджети умумий харажатларининг 51,0 фоизини, яъни 83,3 трлн. сўмни ташкил этган. Бюджет ташкилотларининг 55,2 трлн. сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари ҳамда 10,3 трлн. сўмлик иш ҳақига нисбатан ажратмалари ўз муддатларида тўлиқ молиялаштирилиб берилгани қайд этилди.

Ҳисоботдан сўнг муҳокамалар қизғин давом этди. Албатта, уларда фракциямиз аъзолари ҳам ўз мулоҳазалари, саволлари билан иштирок этди.

 

Хусусан, депутат Шоҳиста Турғунова давлат хусусий шерикчилик ҳамда давлат олий таълим ташкилотлари буюртмалари асосида талабалар турар-жойини барпо этиш бўйича субсидия маблағлари 17 фоизга ўзлаштирилгани, бунга нима учун қурилиш ишлар якунланмаганлиги важ қилиб кўрсатилаётгани ҳақида сўради. Нима сабабдан бу маблағларни ўзлаштириш ва қурилиш ишларини якунлаш янги ўқув йилини бошлашдан аввал шартномаларда кўрсатилмагани тўғрисида изоҳ сўралди.

Шунингдек, депутат бюджетдан уй-жой харид қилишга субсидиялар учун ажратилган маблағларнинг асосий қисми ишлатилмай қолаётгани ҳақида айтиб ўтди. Хотин-қизлар учун ажратилган субсидиялар назоратга олинган-олинмагани, йил охиригича талабга нисбатан ажратилган маблағлар етарли бўлиш-бўлмаслиги масаласида ҳам изоҳ сўралди.

Саволга ҳукумат вакиллари, хусусан, молия вазири Тимур Ишметов жавоб берди. Маълумотга кўра, шу вақтга қадар 7 та олий таълим муассасасида турар-жой қурилиш ишлари учун тадбиркорларга 75,6 миллиард сўм ажратилган. Май ойида тегишли ҳукумат қарори билан тадбиркорларга берилган қўшимча ижозат билан яна 42 та лойиҳа билан ишланаётгани хусусида айтилди. Йил якунигача бу маблағлар тўлиқ ўзлаштирилиши таъкидланди.

Жавобга кўра, айрим жойларда субсидия олиш ҳужжатига эга бўлса ҳам, фуқаролар тўлов қила олиш қобилиятини исботлай олиши керак.

Сертификатларни беришда гуруҳлар ишини такомиллаштириш масаласи муҳимлиги қайд этилди.

 

Йиғилишда ЎзХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов ҳукумат ҳисоботи юзасидан фракция позициясини маълум қилди.

Таъкидландики, кейинги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича стратегик ҳужжатлар қабул қилиниб, муҳим вазифалар белгиланди, катта маблағлар йўналтирилмоқда. Натижалар оз эмас. Лекин таҳлил ва ўрганишлар ажратилган аксарият маблағлар ўз вақтида ишлатилмасдан келинаётганини кўрсатмоқда.

Давлат бюджетидан ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағларни ишлатишда тендер савдолари асосий муаммога айланиб бораётганини ҳисобга олиб, шу йўналишдаги меъёрий-ҳужжатларни соддалаштириш, жараённи тезлаштириш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш, Ҳукумат бу борада аниқ вазифалар белгилаши лозимлиги айтиб ўтилди.

Чунки, давлат бюджетидан ижтимоий соҳа, жумладан, соғлиқни сақлаш тизимига ажратилаётган маблағлар инсон саломатлиги билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга. Меъёрий ҳужжатлар ва тартиб-қоидалардаги камчиликлар инсонлар ҳаётига хавф туғдириши мумкинлигини унутмаслигимиз керак.

Шу боис бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш борасидаги хато-камчилик ва қонунбузилишларни бартараф этиш чоралари кўрилиши зарур.

Бу Давлат бюджети ижроси устидан сифатли парламент назоратини олиб бориш, бюджет ижросига нисбатан депутатлар томонидан танқидий-таҳлилий ёндашувни кучайтириш, масъул вазирлик-идоралар раҳбарларининг аниқ масалалар ечими бўйича шахсий жавобгарлигини оширишга хизмат қилади. Кейинги ҳисоботларда ушбу масалага эътибор берилиши лозимлиги қайд этилди.

Халқ демократик партияси фракцияси Давлат бюджетининг 2022 йил 9 ойлик ижроси якунлари тўғрисидаги ҳукумат ҳисоботини қўллаб-қувватлаб, барча депутатларни маъқуллаб овоз беришга чақирди.

Ҳукумат ҳисоботи 119 та овоз билан маъқулланди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 23.11.2022, №47

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш