Адолат тарозиси бузилмаганми?

 

Бугун дунё бошқача. Ҳамма нарса эркин. Масалан, кимнингдир бир хизмати учун жуда катта ҳақ тўланиши мумкин ёки аксинча, яна биров арзимаган пулга эга бўлади. Машҳур актёр ва актрисалар битта роли учун бир неча миллион доллар ҳақ олиши мумкин. Бундай катта маошга эга киши орасида футболчилар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Месси йилига қарийб бир неча миллион доллар маош оларкан. Асосийси, жаҳонда ҳар ким иқтидори, қилаётган иши, келтираётган фойдасига қараб ҳақ олиши мумкин. Ҳеч қандай чеклов ҳам йўқ ва адолатдан.

Лекин Давлат бюджетидан ойлик тўлашда белгиланган тартиб-қоида мавжуд. Чунки Давлат бюджетида ҳамманинг, ҳар бир ишловчининг, солиқ тўловчининг ҳаққи бор. Унда кимдир кўпроқ, кимдир камроқ маош олиши ижтимоий тенглик, адолат тушунчаларини бузмаган ҳолда амалга оширилади. Юртимиздаги вазирлик ва идораларнинг Марказий аппарати олаётган катта миқдордаги ойликлар билан шу тизимларда, аммо қуйироқда, қишлоқ жойларда ишлаётган ходимлар ойликларида катта фарқ, адолатсиз фарқ юзага келаётган ҳолатлар бор. Бунинг сабаби нимада?

 

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган тартиби, ўзига хос усул ва шакллари бор. Масалан, 2019 йил 21 майда қабул қилинган «Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Президенти фармонига кўра, меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасига мувофиқ тасдиқланади.

Бюджет томонидан молиялаштириладиган ташкилотлар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашни тартибга солиш, республиканинг айрим ҳудудларидаги табиий-иқлим шароитларининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиб, меҳнатга ҳақ тўлашни ҳудудий тартибга солиш масалаларида бозор тамойилларини кенг жорий этиш, ёндашувларни бир хиллаштириш асосида ходимларни рағбатлантириш, улар меҳнатига ҳақ тўлаш механизмини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қарори ҳам тасдиқланган.

Умуман олганда, меҳнатга тўланадиган ҳақ шунчаки осмондан олиб ёзиб қўйиладиган рақамлар ортидан келиб чиқмайди. Шунингдек, қатор тегишли ҳужжатларда ходимларнинг ойлик иш ҳақларига қўшимча устамалар, моддий рағбат ажратилиши билан боғлиқ меъёрлар ҳам белгиланган. Табиийки, бу турли соҳа ва тизимлардаги меҳнат фаолиятидан келиб чиқан ҳолда, ўзгарувчан кўринишга эга бўлади.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети иқтисодчиси Шоҳрух Ёқубов ўзи ишлайдиган тизим мисолида саволларимизга жавоб берди.

— Ойлик маошлари қай тартибда белгиланади? Яъни, энг кам ҳақ тўлашнинг неча баробари миқдорида бўлиши керак?

— Олий таълим мисолида оладиган бўлсак, ойлик маошлар бериш тартиби иккига бўлинади. Биринчиси, базавий лавозим маошлари ҳамда тариф разрядлари бўйича белгиланган ойликлар бўлади. Базавий лавозим маошлари Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамкорлигида қўшма қарор шаклида тасдиқланади. Унда 4-5-6-8 миллион шаклида ўқитувчи, раҳбар ходимлар ойлиги белгиланади. Ана шу асосда ҳақ тўланади. Тариф разрядлари бўйича белгиланадиган коэффициентлар Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра амалга оширилади. Яъни, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори белгиланган. Ҳозирги кунда бу 920 минг сўмни ташкил қилади. Ўшанга нисбатан биринчи разряд 920 минг деб олинган, шу асосда 22 разрядгача ҳар хил лавозимга турли маош белгиланади. Ўз шкаласи ҳамда коэффициентларига мослаб кўтарилиб боради. Таъкидалашни истардимки, республикамиз ҳудудида энг кам иш ҳақи 920 минг сўмдан кам бўлиши мумкин эмас.

Масалан, ассистент, катта ўқитувчи, доцент, профессор, кафедра мудири каби лавзимларга ажратилган штатларга ҳақ тўлаш белгиланган бўлади. Ҳукумат ва Президент қарорлари билан ўзгартириб борилади. Айни пайтда кафедра мудирининг базавий лавозим маоши 10 211 640 сўмни ташкил қилса, стажёр ўқитувчининг ойлиги 5 500 601 сўм этиб белгиланган.

Олий таълим мисолида оладиган бўлсак, педагоглардан ташқари ходимларнинг ойлиги ҳукуматнинг тегишли қарорига кўра белгиланади. Унда лавозим маошларини белгилаш тартиби ҳам ёзиб қўйилган. Мисол учун, бўлим бошлиғи 12 разрядда маош олса, унинг ойлиги 1976160 сўм бўлади. Бундан ташқари, профессор-ўқитувчиларга соатбай асосида ҳақ тўлаш тартиби ҳам бор. Олий ва ўрта махсус, Халқ таълими ва меҳнат, табиийки, Молия вазирликлари билан келишилган ҳолда қарор қабул қилинади. Профессор, фан доктори, фалсафа докторларига 1,66 фоиз соатбай ҳақ тўланади ва у айни пайтда 161 649,2 сўмни ташкил қилмоқда.

— Ташкилотлардаги ойлик устама ҳақлари неча фоизгача белгиланиши қонунан тўғри бўлади?

— Давлат олий таълим муассасалари иккига бўлинади. Улар ўзиниўзи молиялаштиришга ўтганлар ва бюжетдан молиялаштириладиган ОТМларга бўлинади. Давлат томонидан молиялаштириладиган муассасаларда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилдаги қарори билан ходимларга моддий ёрдам, рағбатлантириш ва устамаларни белгилайди. Қандай ҳолатда ва қанча миқдорга берилиши ҳам ёзиб қўйилган.

Ҳозирги кунда 37 та ОТМ ўзини ўзи молиялаштиришга ўтган бўлиб, уларда Президентимизнинг 2019 йилдаги битта ҳамда 2021 йил декабрдаги иккита қарорида кўрсатилган тартиб асосида ҳақ тўланади. Яъни, ўз фаолият самарадорлиги, хусусан, KPI тизими мезонларини ишлаб чиқади ҳамда кузатув кенгашидан тасдиқлатиб, ана шу асосда қўшимча ҳақ жорий қилинади.

 

Табақалашувни бекор қилиш назарда тутилган

Мутахассис жавобларидан кўринадики, ҳар бир тизим ва ҳар бир ташкилот белгиланган меъёрлар асосида маош олади. Масалан, ОТМдаги ойлик билан мактаб ёки мактабгача таълим муассасаларидаги тўланадиган ҳақ ўртасида фарқ бор. Айни пайтда бир ўқитувчи ўртача 2-2,5 миллион сўм миқдорда ойлик олаётган бўлса, бу кўрсаткич вазирликлар кесимида анча юқори бўлиши турган гап.

Шу ўринда яна бир тартибни келтирмоқчимиз. Яъни, меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар тайинлаш ҳамда солиқлар, давлат божлари, жарималар, йиғимлар ва бошқа тўловларни ундириш ўртасидаги шартларнинг боғлиқлигини бартараф этиш мақсадида қабул қилинган Президент фармонига кўра, Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасини янада такомиллаштириш тўғрисида тасдиқланган ҳукумат қарорида табақалашувга чек қўйиш назарда тутилган.

Қарорга кўра, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ходимлари меҳнатига тўланадиган ҳақ миқдорини ва уларни моддий рағбатлантиришнинг бошқа турларини аниқлашга ягона услубий ёндашув татбиқ этилган. Айрим вазирлик ва идоралар учун тариф ставкаларига ошиб борувчи коэффициентлар, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича гуруҳлари белгиланиши натижасида вазирликлар ва идоралар, шу жумладан, уларнинг ҳудудий бўлинмалари ўртасида меҳнатга ҳақ тўлашда айни вақтда мавжуд бўлган табақалашувни бекор қилиш ҳам кўзда тутилган. Шунингдек, моддий рағбатлантириш миқдорларининг ходим фаолияти самарадорлигининг муҳим кўрсаткичларига, унинг билим ва кўникмаларига, бажарадиган меҳнат функцияларининг мураккаблиги ҳамда жавобгарлиги даражасига бевосита боғлиқлиги ҳам кўрсатиб ўтилган.

 

Ҳамма вазирликда ҳар хил бўлиб кетган...

Яқинда Сенатда вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари масаласи муҳокама қилинган эди. Унда Молия вазири Тимур Ишметов бу энг оғриқли масала эканини, жамғармага тушумлар ва харажатлар бюджет орқали амалга оширилиши кераклигини таъкидлаган.

«Биз бундай жамғармаларнинг тушумларини тўғри бюджетга йўналтириб, харажатларни ҳам бюджетдан амалга ошириш тарафдоримиз.

Маблағларнинг асосий қисми вазирликлар ходимларининг ойликларига қўшимча устамалар тўлашга қаратилган. «Давлат хизмати тўғрисида»ги қонун чиққандан кейин ҳаммасининг харажатлари бюджетга йўналтирилади. Давлат ходимларининг ойлик тизимини унификация қилиш масаласини кўриб чиқамиз – ҳамма вазирликда ҳар хил бўлиб кетган. Ўша ҳал бўлса, маблағларнинг асосий қисмини тўғри бюджетга йўналтирса бўлади», - деб таъкидлайди вазир.

Ваҳоланки, бюджетдан ташқари маблағ деган тушунчага чек қўйилиб, солиқ ва бошқа йўналишларда тушаётган пуллар тўғридан-тўғри Молия вазирлиги ҳисобига йўналтирилса, жамиятда ижтимоий масалалар тезроқ ечим топиши, муаммоларга комплекс чора кўриш имкони ортиши турган гап.

Ваҳоланки, «бюджетдан ташқари», деб аталаётган маблағлар ҳам аслида халқ пули ҳисобланади.

 

Бюджетдан ташқари жамғарма муаммоси

Бундай жамғармалар кўп. Бу фақат мисол учун. ИИВнинг Махсус бюджетдан ташқари жамғармаси бор. Маҳсулот ишлаб чиқармайдиган, экин экиб, ҳосил йиғмайдиган вазирлик пулни қаердан олади?

Вазирлик сайтида кўрсатилишча, вазирликнинг 2018 йил 5 февралдаги 32-сон буйруғи билан тасдиқланган, ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий кафолатлаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома асосида ички ишлар органларининг махсус унвонга эга бўлган ходимларига вазирликнинг Махсус бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан фоизсиз қарз бериш, моддий ёрдам кўрсатиш, мукофотлаш ҳамда маданий-оммавий кўнгилочар томошаларга боришлари учун маблағ ажратиш тартиби белгиланган.

Мазкур жамғарма маблағлари ҳар йили ходимларни ижтимоий ҳимоялаш учун ажратилади. Масалан, яшаш шароитини яхшилашга муҳтож ходимларга уй-жой сотиб олиш, таъмирлаш, уй-жой қуриш, қурилиш моллари сотиб олиш, ипотека кредити учун дастлабки бадал тўлови ва бошқа шу каби мақсадлар учун беш йилдан кўп бўлмаган муддатга базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваридан ошмайдиган миқдорда фоизсиз қарз бериш назарда тутилган. Шунингдек, тўйтантаналари ва бошқа тадбирлар ўтказиш учун ходим пул таъминотининг икки бараваригача бўлган миқдорда бир марталик моддий ёрдам, пул мукофоти ёки қимматбаҳо совғалар билан мукофотлаш ўрин олган. Ҳаттоки, уларнинг маданий-оммавий, кўнгилочар томошалар ва бошқа дастурларига боришларини таъминлаш ҳам шу маблағ, яъни асосан жарималардан тушган тушум ҳисобидан амалга оширилади.

Бу каби жамғармалар аксарият вазирлик-ташкилотларда мавжуд. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг жорий йил 25 октябрда ўтказилган ялпи мажлисида Ҳисоб палатаси ана шундай жамғарма ташкил этиш ташаббуси билан чиқди. Депутатлар турли эътирозлар билдирди. Аввало 12-15 кишилик ташкилот штат бирлигини кўпайтиришга уринаётгани ва бугунги кунда 70 дан ортиқ ходимга эгалиги айтилди. Маъмурий баённома тузиш, кўриб чиқиш ваколати берилиши ҳам сўралди.

Тўғри, Бюджет кодексида бюджет ташкилотлари жамғарма ташкил этиши мумкинлиги ёзиб қўйилган. Аммо бу кўп сонли ишчиларига эга, йирик тузилмалар учун ярашиши қайд этилди. Бутун бир армия бўлса, уларни ишга жалб қилиш учун жамғарма ташкил этилиши тўғри бўлиши мумкин. 70 кишига бунинг ҳожати йўқлиги таъкидланди.

Айрим депутатларнинг фикрига кўра, ҳар ким ўзи истаган пайтда «бюджетдан ташқари» номи билан жамғарма тузиб олиши мумкин эмас.

Энди бир ўйлаб кўрайлик. Ҳамма тузилма ўзига жамғарма ташкил қилиб олаверса, бюджетни ким тўлдиради? Жамиятдаги ижтимоий муаммоларга ечим топиш учун давлат пулни қаердан олади? Масалан, жарима ёки бошқа турда йиғилган пуллар, ўша жарималарни йиғган идорага эмас, тўғри бюджетга, яъни Молия вазирлигига ўтиши керак. Сабаби, унда ҳамманинг ҳақи бор. Инсоф, тенглик ва адолат тамойиллари бузилмаётганмикан?..

АҚШнинг Висконсин университети докторанти Беҳзод Ҳошимов ҳам давлат ташкилотларидаги «бюджетдан ташқари маблағлар» хусусида фикр билдирар экан, қуйидагиларни таъкидлайди. «Биринчидан, давлат ташкилотларида ҳеч қандай «бюджетдан ташқари маблағлари» мавжуд эмас. Яъни, барча давлат ташкилотларидаги ҳамма маблағ жамоат маблағлари ёки халқ пули ҳисобланади.

«Лекин улар ҳар гал «бюджетдан ташқари» деганда, ростдан ҳам, мажозий «бюджет» сўзини ишлатишади. Чунки «Ўзбекистон Республикаси бюджети», деган иборага, менга тушунарсиз сабабларга кўра, барча давлат харажатлари киритилмайди. Айнан шунинг натижасида, айрим давлат ҳокимият идоралари «бюджетдан эмас», деган иборани қўллашади. Яъни, қандайдир маънода, агар қонун ҳарфига қарасак, улар ҳақ бўлишлари мумкин, лекин моҳиятан албатта ноҳақ», деб изоҳлаган иқтисодчи.

Агар бугунги кунда қатор вазирликлар ходимларининг миниб юрган автомашиналари, юриш-туриши, уй-жойини инобатга олсак, уларнинг ойлиги 10 миллиондан анча баландлигини англаш қийин эмас. Норасмий манбаларга кўра, айрим вазирлик ходимлари 600 фоизгача устама ҳақ олаётган экан. Агар у ерда ишловчиларнинг ўртача маошини 3,5-4 миллион, деб олсак, 600 фоиз устама ҳақи билан бу сумма 8-10 нафар оддий қишлоқ ўқитувчисининг маошига тенг бўлиши мумкин.

Айрим вазирликларнинг марказий аппаратида турли байрамларда бериладиган мукофот ва ёрдам пуллари ҳам қишлоқ жойлардаги шароити ҳаминқадар мактабда йиллар давомида ишлаб юрган 2-3 нафар ўқитувчининг ойлик меҳнат ҳақидан кам бўлмаяпти.

Аввало, ҳаммага олган пули буюрсин, ҳалоли бўлсин. Ижтимоий тенглик, ижтимоий адолат тушунчаларига путур етмаяптими, деган андишани ҳам унутмаслик керакка ўхшайди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 23.11.2022, №47

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш