Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган фуқароларни иш билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар Сурхондарё, Фарғона ва Тошкент вилоятлари мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганишлар ўтказилди.
Мазкур ўрганиш якунларига бағишланган йиғилишда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н. Ҳусановнинг ахбороти эшитилди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган фуқароларни ишга жойлаштириш мақсадида 2021 йилда республика бўйича 2 358 та бўш иш ўринлари ярмаркалари ўтказилган. Мазкур ярмаркаларда 73 146 та корхона, муассаса ва ташкилот 567,2 мингта бўш (вакант) иш ўринлари билан қатнашган. Уларда 2 минг нафарга яқин муддатли харбий хизматни ўтаб қайтган шахслар иштирок этиб, 212 нафарининг бандлиги таъминланган.
Тўғри, муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган фуқароларнинг иш билан таъминланиши борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Лекин соҳада ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам бор. Жумладан:
– назорат-таҳлил тадбири давомида, муддатли ҳарбий хизматдан қайтган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ҳокимликлар ҳузурида ташкил этилган ҳудудий комиссиялар фаолияти самарали йўлга қўйилмаганлиги аниқланди;
– муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган шахсларнинг бандлигига кўмаклашиш мақсадида туман (шаҳар) ҳокимларининг тегишли қарорларига асосан захираланган иш ўринларига жойлаштириш ва иш берувчиларни рағбатлантириш ишлари талаб даражасида эмас;
– муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган фуқароларни касбга тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш мақсадида ускуналар олиш ва уларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар учун жамғарма маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратилмаган.
Юқоридагилар ўз навбатида, фуқароларнинг ҳақли эътирозларини келтириб чиқармоқда.
Шу билан бирга, йўл қўйилган қатор камчиликлар ҳарбий хизматни ўтаб қайтган фуқароларнинг хорижий давлатларга ишлаш учун чиқиб кетишларига ҳамда турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишларига ҳам сабаб бўлмоқда.
Бу каби муаммоларнинг олдини олиш учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги олдига бир қатор кескин саволларни қўйдик. Биз бу масалага яна қайтамиз.
Шерзод РАҲМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.