Бугунги кунда Янги Ўзбекистонимизда олиб борилаётган кенг кўламли, демократик, Инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат барпо этиш юзасидан олиб борилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қонун ижодкорлиги ва парламент назорати фаолиятларида ҳам янги институтлар жорий этилмоқдаки, бу депутатларимизнинг ишини очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида ташкил этишда яқиндан кўмак бермоқда.
Қонунчилик ижодкорлиги, жумладан, фракция ва ялпи йиғилишларимиздаги муҳокамалар ҳам ошкора бўлиб, янгиликларни халққа, сайловчиларимизга етказишда телевидения, ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланилмоқда ҳамда Қонунчилик палатасининг ютубдаги саҳифалари орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилмоқда.
Бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, Қонунчилик палатаси депутатларининг депутатлик одоби қоидалари ҳам қайта кўриб чиқилди ва мос-хос равишда такомиллаштирилмоқда. Душанба куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг фракцияси йиғилишида ҳам фракция аъзолари мазкур масала юзасидан ўз таклифларини бердилар.
Хабарингиз бор, яқинда Ҳукуматнинг “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги тегишли қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга асосан Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-аҳлоқининг намунавий қоидалари белгилаб берилди. Мазкур қарорнинг нақадар долзарб ва муҳимлигини бугунги кунда ҳаммамиз яққол англаб турибмиз.
Сўнгги олти йилда “Одамлар давлат органларига эмас, давлат органлари одамларга хизмат қилиши керак” деган тамойил ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин олди. Инсон қадри энг улуғ қадрият, деб белгилаб қўйилди. Умуман бу йўналишда олиб борилган ишларнинг барчаси бугун изчиллик билан ҳаётимиздан ўрин олаётган “Инсон-жамият-давлат” принципининг амалдаги ифодасига ҳам қаратилган.
Ёши улуғ инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлсангиз, яқин-яқингача давлат идорасида ишлайдиган раҳбарлар ёки мутасаддиларнинг оддий фуқароларга муносабати қандай эканини айтиб беришади. Ҳоким, прокурор ёки бошқа мартаба эгаларинингку қабулига киришнинг ўзи мушкул эди. Бугунчи?....... Энди одамлар соатлаб сарғайиб раҳбар ходимларнинг қабулида кутиб турмайди. Аксинча, давлат идораларининг ходимлари “маҳаллабай” юриб, фуқаролар қувончи ташвишлари, муаммолари билан яқиндан танишмоқда, уларни бартараф этишга ҳаракат қилмоқдалар.
Одоб-ахлоқ қоидалари, давлат хизматида юксак касбий маданиятни шакллантириш, жамоатчилик онгида давлат хизматига бўлган ҳурмат ва ишончни ошириш ҳамда давлат хизматчиларининг ахлоқ қоидаларига зид бўлган хатти-ҳаракатларининг олдини олиш ўта муҳим эканлигини бугунги ислоҳотлар жараёни, ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
Аслини олганда-ку, бутун дунёда ўзбекона лутф, ўзгаларга ибрат бўларли, муомала маданияти, ўзбек халқининг меҳмон дўстлиги билан танилган халқимизнинг асрлар давомида шаклланган обод-аҳлоқ қоидалари мавжуд.
Айнан, шу асрлар давомида шаклланган миллий одоб-аҳлоқ қоидалари, бугунги кун талаблари асосида тўлдирилиб, давлат хизматчилари ўз касбий фаолиятини амалга ошириши шарт деб белгилаб қўйилди.
Эндиликда давлат хизматчилари ўз касбий фаолиятида амал қилиши шарт бўлган принциплар белгилаб берилди. Унга асосан, давлат хизматининг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилиш, аҳлоқ нормаларига доимий риоя қилиш талаб қилинади. Низомда айниқса, раҳбарларга жуда катта талаблар қўйилди.
Бундан ташқари, Давлат хизматчиларининг хизматдан ташқари одоб-аҳлоқ қоидаларига ҳам эътибор қаратиб ўтилган.
Буларнинг барчаси, “Одамлар давлат органларига эмас, балки давлат органлари одамларга хизмат қилиши керак” деган тамойилнинг узвий давоми бўлди.
Урол Ўразбоев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси ва Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.