Ҳар бир аёл ҳаётда хавфсиз ва фаровон яшашга ҳақли

 

25 ноябрь – Хотин-қизларга нисбатан зўравонликларга барҳам бериш Халқаро куни. Ушбу сананинг тарихига назар соладиган бўлсак, 1960 йил 25 ноябрда Доминикан Республикаси раҳбари Рафаэл Трухильо буйруғи билан уч опа-cингил Мирабаллар республиканинг Инқилобий ҳаракат курашида иштирок этгани учун шафқатсизларча уриб, қатл қилинган. Патрия, Минерва ва Мария-Тереса бугунги кунда мамлакат қаҳрамонлари ҳисобланишади. 25 ноябрь зўровонлик қурбони бўлган уч опа-сингил ўлдирилган кунни ёд этиш шарафига белгиланган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, дунё бўйича аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари йилдан йилга ошиб бормоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра,  15 - 49 ёшдаги хотин-қизларнинг 25 фоизидан кўпроғи ҳаёти давомида жисмоний ёки жинсий зўравонликка дуч келишади. Ушбу зўравонликларнинг 33 фоизи Жануби-Шарқий Осиё ҳудудига тўғри келмоқда.

Ўзбекистон БМТнинг «Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги Конвенциясига қўшилганига 27 йил бўлишига қарамай ҳамон аёллар ҳуқуқларини топташ ҳолатлари учрамоқда.

Жумладан, Ички ишлар вазирлигининг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси Бош бошқармасининг маълумотига кўра, жорий йилнинг 9 ойи давомида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганлиги учун 32 783 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилган.

Жумладан, уларнинг 18 112 таси руҳий зўравонлик, 9 155 таси жисмоний зўравонлик, 340  таси иқтисодий зўравонлик, 68 таси жинсий зўравонлик ҳамда 6 225 та тазйиқ ҳолатлари аниқланганлиги сабабли расмийлаштирилган. Худди шундай, хотин-қизларга нисбатан қайд этилган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг 36,7 фоизи (19 300 тадан 7 087 таси) уларнинг оилаларида содир этилган.

Бу рақамлар одамни ташвишга соладиган кўрсаткичдир.

Мамлакатимизда бундай иллатларнинг олдини олишнинг таъсирчан механизмлари ишлаб чиқилмоқда. Жумладан, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда ҳам хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг асосий йўналиши қилиб белгиланган.

2021 йил 19 майда қабул қилинган “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига асосан янгича тизим яратилди.

Бугунги кунда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳузурида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари фаолият юритмоқда.

Марказларнинг асосий вазифаларидан бири тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизларга аноним тарзда шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш ҳисобланади.

24 соат ишлайдиган 1146 қисқа рақамли “ишонч телефони” фаолияти йўлга қўйилди. Бу  орқали тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар билан мулоқот қилиш ва шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш масалалари бўйича келиб тушган мурожаатларга тезкор муносабат билдириш амалиёти йўлга қўйилди. Зўравонликка дуч келган хотин-қизларни жойлаштириш учун республикада аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича 29 та марказ мавжуд. Бу марказларга аёллар ҳолати ўрганилиб, жойлаштирилади.

Марказларга боришга жойи йўқ ёки бошқа оғир вазиятга тушган аёллар жойлаштирилади. Уларга тиббий, психологик ёрдам кўрсатилади.

Аслида, аёлларга нисбатан зўравонлик жиддий эътибор қаратадиган муаммо ҳисобланади.

2014 йилдан буён ҳар йили дунё миқёсида 25 ноябрдан 10 декабргача “Зўравонликка қарши 16 кун” остида турли тадбирлар ўтказилади. Худди шундай, республикамизда ҳам “Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол саъй-ҳаракатлар” кампанияси бошланди. Шу муносабат билан Ўзбекистон ХДП “Аёллар қаноти” томонидан ушбу 16 кунлик кампанияда партия тизими, сафидаги фаол аёллар ва депутат аёлларни жалб қилган ҳолда “Биз зўровонликка қаршимиз!” шиори остида “Хотин-қизлар ҳуқуқлари қонун ҳимоясида”, “Биргаликда хотин-қизларни тазйиқ ва зўровонликлардан ҳимоя қиламиз!” мавзуларида туркум тадбирларни ўтказиш режалаштирилди.

Ҳар бир хотин-қиз зўравонликсиз ҳаётда хавфсиз ва фаровон яшашга ҳақли. Унинг бу ҳуқуқларини поймол қилиш, тазйиқ ўтказиш қонун билан ҳимояланади.

Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича ҳар бир шахс ўзини дахлдор ҳис этиши, бундай ҳолатларга барҳам беришда барча бирдек фаол иштирок этиши лозим. Мўътабар оналаримиз, мунис опа-сингилларимиз, жондан азиз қизларимиз ҳуқуқларини биргаликда ҳимоя қилайлик.

 

Гулшан Асатова,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари.

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш