Инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат барпо этиш ота-бобларимизнинг азалий орзусидир! Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнини давом эттириш ҳақида қабул қилинган қарор муҳим бу борада муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлайман.
Бугун давлатимизда амалга оширилаётган халқпарвар ислоҳотлар Конституция даражасига олиб чиқилмоқда. Конституциявий қонун лойиҳасининг 39-1-моддасида уй-жойлар билан боғлиқ хуқуқлар, яъни ҳар бир фуқаро уй-жойли бўлиш хуқуқига эга экани, уй-жойга дахлсизлик хуқуқи мустаҳкамланмоқда.
Ҳеч ким суднинг қарорисиз уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги қатъий меъёр сифатида белгиланмоқда. Инсон уй-жойидан маҳрум этилган ҳолатда, кўрган зарарлари олдиндан, тенг қийматда коплаб берилиши билан белгилаб қўйилмоқда.
Аҳолининг эхтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш масаласи ҳам қонун лойиҳасида акс этмоқда.
Шунингдек, қонун лойиҳасининг 41-2-моддасида давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши қатъий белгилаб қўйилмоқда.
Бу долзарб йўналишлар Президентимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларда ўз аксини топмоқда. Мазкур масалаларнинг конституциявий даражада белгиланиши инсоннинг уй-жойга бўлган ҳуқуқини мустаҳкамлашда, ўқитувчи ва мураббийларнинг мавқеини янада оширишда ишончли замин бўлади.
Биз, депутатлар ўз сайлов округларимизда сайловчилар билан учрашганимизда ҳеч бир фуқаро юртимизда олиб борилаётган оқилона ислоҳотларга бефарқ эмаслигига гувоҳ бўляпмиз. Барча сайловчилар бугунги янгиланишларни қўллаб-қувватлаш билан бирга, кўплаб қимматли таклифларни бериб келмоқдалар. Бундай таклифларни инобатга олиб, Президентимиз таъбири билан айтганда, халқчил Конституцияни яратишимиз учун қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш устида ишлашимиз керак.
Ҳаммамизга маълумки, бандлик масаласи аҳолининг ҳаёт даражасини оширишда муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
Бунда аҳолининг, айниқса, ёшларнинг меҳнат бозорига мос касбга, ҳунарга эга бўлиши катта аҳамиятга эга ҳисобланади. Ушбу йўналишда охирги йилларда давлат томонидан тизимли ишлар амалга оширилиб, таълим соҳасида туб ўзгаришлар бўлди.
Шу нуқтаи назардан, фуқароларнинг касбий тайёргарлиги масаласи ҳам жуда муҳимдир.
Шунга кўра, конституциявий қонун лойиҳасида фуқароларнинг касбий тайёргарлигини таъминлашга оид меъёрларни такомиллаштириб, давлат фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ташкил этиши зарур, деган меъёр киритилишини таклиф этаман.
Ўрол Ўразбоев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.