Мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни янада такомиллаштириш бўйича жараён тобора изчил тус олмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати ўз фаолиятини профессионал, яъни доимий асосда амалга оширади. Депутат мунтазам равишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Кенгаш, фракция, қўмита, комиссиялар фаолиятида, палата йиғилишида иштирок этади, қонунлар муҳокамасида қатнашади. Яъни, Қонунчилик палатаси депутати ҳудудларда доимий равишда бўла олмайди.
Айни пайтда маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳудудларда ишлаши, ўз сайловчилари учун яқин маслакдош бўлиши керак. Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати бир вақтнинг ўзида маҳаллий Кенгаш депутати бўлиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги меъёрнинг Конституцияга киритилаётганлиги тўғри ва мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.
Кейинги йилларда ижро ҳокимияти фаолияти устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш бўйича парламент ваколатлари кенгайтирилди. Жумладан, 2019 йилдан бошлаб ҳукуматнинг Давлат дастури ижроси бўйича парламент олдида ҳар чоракда ҳисобот бериш амалиёти йўлга қўйилди, куни-кеча ушбу ҳисоботни кўриб чиқдик. Мунтазам равишда ўтказиладиган «Ҳукумат соати» институти жорий этилди, ҳукумат аъзолигига номзодлар Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилмоқда.
Бош Қомусимизнинг 78-моддасига яна бир янги қоида қўшилмоқда. Бу ҳам бўлса, Вазирлар Маҳкамасининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан йиллик маърузасини Олий Мажлисда кўриб чиқиш амалиёти. Бу билан Олий Мажлис ваколатлари янада кенгаяди. Парламент назоратини амалга оширишнинг Конституцияда асослари мустаҳкамланади. Бу жуда муҳим, албатта. Аввало, парламентнинг мамлакатимиздаги ўзгаришларга таъсири янада кучаяди.
Яна бир масалага эътибор қаратишимиз керак. Коррупцияга қарши курашиш мамлакатимизда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланиб улгурди. Буни кейинги йиллларда соҳага оид қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунни қабул қилдик, махсус давлат органи ташкил этилди. Энди ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Парламент томонидан Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги Миллий маърузани кўриб чиқиш ваколати Конституция даражасида мустаҳкамланмоқда. Натижада парламентимиз томонидан ушбу иллатга қарши курашиш бўйича назорат ўрнатилади. Унинг сабаб ва омиллари халқ ваккиллари иштирокида очиқ ва ошкора муҳокама қилинади. Бу давлат органларида масъулиятни оширади.
Умуман олганда эътироф этиш керак, қонун лойиҳаси ҳақиқатда халқчил бўлган. Шу билан бирга, Халқ демократик партияси электорати манфаатидан келиб чиқиб, айрим таклифларни билдирдик.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотларнинг асосий ғоялари конституциявий ислоҳотларда ўз ифодасини топиши керак, деб ҳисоблаймиз. Чунки, давлат бошқаруви тизими самарадорлигини оширмасдан туриб, аҳоли фаровонлигини таъминлаб бўлмайди.
Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш учун, давлат, авваламбор, кучли ва самарали ишлайдиган ижро ҳокимиятига эга бўлиши керак. Шунинг учун қонун лойиҳасини яна бир бор шошилмасдан, атрофлича кўриб чиқиш лозим, деб ҳисоблаймиз.
Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича ишларни изчил давом эттириш жараёнида фаол иштирок этишимиз зарур.
Фирдавс Шарипов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.