Ижтимоий давлат ва ижтимоий бирдамлик асоси мустаҳкам бўлиши зарур

 

Халқ демократик партияси ҳар бир қонун лойиҳасининг муҳокамасида унинг қай даражада ижтимоий йўналтирилганига алоҳида эътибор қаратади. Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасида атрофлича муҳокама этилган Конституциявий қонун лойиҳасидаги аксарият меъёрлар ижтимоий йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир. Конституциявий ислоҳотларнинг асосий мазмуни “ижтимоий давлат”ни қуришга қаратилмоқда.

Конун лойиҳасининг муҳим характерли жиҳати шундаки, унда асосий мезонларидан бири сифатида “ижтимоий бирдамлик” тамойили акс этмоқда. Ҳаммамиз учун бугунги таҳликали замонда, ҳар қачонгидан кўра, айнан “ижтимоий бирдамлик” зарур.

Қонун лойиҳасида фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқлари билан боғлиқ меъёрлар сони қарийб уч баробар кўпаймоқда. Мисол учун, пенсиялар, нафақалар, бошқа ижтимоий ёрдам миқдори расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан кам бўлиши мумкин эмаслиги аниқ кўрсатилмоқда.

Фуқаролар тиббий ёрдам кўрсатишнинг қонунда белгиланган кафолатланган ҳажмини бепул олишга ҳақли экани қатъий белгиланмоқда. Ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан турли чекловлар ўрнатиш, шунингдек, уларнинг бино ва ҳудудларга монеъликсиз кириши, хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишдан бўйин товлаш тақиқланмоқда.

Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган улкан ижтимоий ислоҳотлар қонун лойиҳасида кенг ифодасини топмоқда. Шу маънода Конституциямизга киритилиши назарда тутилаётган ўзгаришларни том маънода тарихий ўзгаришлар десак, асло муболаға бўлмайди.

Алоҳида эътироф этиш лозимки, Конституциявий комиссия ва масъул қўмиталар томонидан қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича катта хажмдаги иш амалга оширилган. Лойиҳа фуқароларнинг таклифлари асосида анча пишиқ ва янада халқчил ишланган. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига оид кўплаб янги меъёрлар мавжуд бўлиб, улар қонун лойиҳасининг катта қисмини ташкил қилмоқда.

Конституциямизга стратегик ва принципиал масалаларда ўзгартиш ва қўшимчалар назарда тутилаётган экан, қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш зарурати сезилаётгани ҳақидаги фикрларни жуда тўғри, деб ҳисоблаймиз.

Халқ демократик партияси қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича яна бир қатор таклифларни илгари сурмоқда.

Биринчидан, ҳар бир демократик давлатда, авваламбор, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари таъминланган бўлиши энг асосий масаладир. Шунинг учун давлат органлари, хусусан, судлар томонидан инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқишда Конституция меъёрларининг тўғридан-тўғри қўлланилиши механизмларини ишлаб чиқиш ва қонун лойиҳасида аниқ белгилаш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Иккинчидан, Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида “ижтимоий давлат” ва “ижтимоий бирдамлик” тамойилларини амалга ошириш механизмларини янада аниқ ва кенгроқ очиб беришга алоҳида эътибор қаратсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ушбу тамойилларнинг самарали ишлаши давлатимиз ривожи, юртимиз тинчлиги, жамиятимиз бирдамлиги ва фуқароларимиз ҳаётининг фаровонлигига хизмат қилади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича кенг қамровли ишлар яна давом эттирилишини қўллаб-қувватлайди, ушбу тарихий жараёнда фаол иштирок этади.

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги,

Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш