Навоий республикадаги энг ёш вилоят бўлишига қарамасдан, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ўз мавқеи ва бой тарихига эга ҳудуд ҳисобланади.
Табиий қазилма бойликлари билан бутун дунёда танилаётган, инвесторларга катта қизиқиш уйғотаётган бу вилоятнинг имкониятлари жуда катта.
Бугун Президентимиз ушбу вилоятга ташрифи чоғида Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши сессиясида иштирок этиб, нутқ сўзлади. Мен ҳам ушбу вилоят фарзанди сифатида нутқни катта қизиқиш билан кузатиб бордим. Ва, албатта, вилоят тараққиёти, халқининг фаровонлигини ошириш йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатлардан хурсанд бўлдим.
Президент томонидан Навоийда саноатни янада ривожлантириш учун жуда катта захира ва имкониятлар бўлгани билан, улар тўлиқ ишга солинмаётгани таъкидланиб, вилоятдаги имкониятлардан тўғри фойдаланган ҳолда, саноат, чорвачилик, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида этибор қаратилиб, ечимини кутаётган масалалар юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Янги тайинланган вилоят ҳокимига ишонч билдирилиши баробарида, унинг зиммасига катта масъулият ҳам юклади. "2023 йил якуни билан Навоий камбағаллик ва ишсизликдан ҳоли ҳудудга айланиши шарт ва зарур", деди давлатимиз раҳбари. Бу масала нафақат вилоят ҳокими, балки барча раҳбарлар, депутатлар, масъуллар, давлат ва нодавлат, жамоат ташкилотлари ва партиямизнинг ҳар бир вакилига тегишли бўлган муҳим масъулиятли вазифа ҳисобланади.
Албатта, вилоятни камбағаллик ва ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун аниқ мақсадга йўналтирилган ва пухта ишлаб чиқилган режалар, дастур ва лойиҳалар бўлиши керак. Айниқса, бу жараёнда партиямиздан сайланган депутатлар, барча фаолларимиз муносиб иштирок этиши зарур. Чунки камбағаллик ва ишсизлик бартараф этилиши, тўғрироғи, енгиб ўтилиши партиямиз учун жуда муҳим вазифадир.
Далатимиз раҳбари аҳоли, жумладан, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган аниқ вазифа ва йўналишларни ҳам белгилаб берди. Жумладан, тадбиркорлик ва хизматлар соҳасини ривожлантириш орқали келгуси йилда 122 мингта, саноатда 186 та лойиҳани амалга ошириб, 15 мингта иш ўрни яратиш, қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштиришни 2 бараварга ошириб, 100 минг нафар аҳолини банд қилиш, аграр соҳа, ичимлик суви ва автомобиль йўллари лойиҳаларига қўшимча 180 миллион доллар жалб қилиш орқали келаси йили яна 240 минг аҳоли бандлигини таъминлаш шартлиги кўрсатиб ўтилди.
2023 йилда ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қўшимча 655 миллиард сўм, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга яна 750 миллиард сўм ресурс ажратилиши ҳам таъкидланди.
Келгуси йилда қоракўлчилик ва қўйчилик лойиҳаларига 20 миллион доллар ажратиш, 10 миллион доллар инвестиция ҳисобидан Кармана ва Хатирчида агрологистика марказларини ишга тушириш, 500 минг гектар яйловларда ёшлар бандлигини таъминлаш дастурини қабул қилиш ва дастур доирасида лойиҳаларга 15 миллион доллар ҳамда қудуқ қазишга қўшимча 20 миллиард сўм субсидия ажратишга топшириқ берилди.
Юқоридаги лойиҳалар ўз вақтида амалга ошрилса, албатта, вилоят камбағаллик ва ишсизликдан ҳоли ҳудудга айланишига ишонамиз.
Навоий вилояти раҳбарлари ва меҳнатсевар халқига имкониятларни тўғри ва тўлиқ ишга солган ҳолда, Президент ишончини оқлаб, бир йилдан сўнг вилоятни ишсизлик ва камбағаллик енгиб ўтилган ҳудудга айлантиришларида омад тилаб қоламиз. Албатта, бу стратегик вазифани бажаришда Халқ демократик партияси фаоллари асосий масъулиятни зиммасига олиши керак, деб ўйлайман.
Гулшан Асатова,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари.