Қонунчилик палатаси депутати Шарофиддин Назаров 138-Кўкдала сайлов округининг чекка ҳудудларидаги ижтимоий соҳа объектларида аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ўрганиш мақсадида Кўкдала ва Чироқчи туманларининг чекка ҳудудларида сайловчилар билан учрашди.
Хусусан, Кўкдала тумани ҳокими Хуррам Жўраев билан биргаликда Шамолқудуқ қишлоғида ижтимоий кўмакка муҳтож хонадонларга кўрсатилаётган ёрдам, уларнинг турар жойларини таьмирлаш ишлари билан яқиндан танишди.
Сўнгра янгидан қурилиб битказилган 8-давлат мактабгача таьлим ташкилотида бўлиб, у ерда болажонлар учун яратилган шарт-шароитлар, ташкилот ходимлари малакаси ва тажрибаси билан қизиқди. Шунингдек, тумандаги 3-умумтаьлим мактабидаги ўқув шароити, таьлим сифати ва давоматни ўрганди.
Чироқчи туманидаги ўрганишлар Калкама зонасида жойлашган “Қуруқсой, Довтош ва Қўрғонтепа” МФЙларда фойдаланиш учун келтирилган тиббий контейнерлардан бошланди. Депутат контейнерларнинг жиҳозланганлик даражаси, ходимлар ва беморлар учун яратилган шароитлар билан танишди. Шунингдек, “Чамбил” МФЙда фаолият юритаётган шифохонадаги шароитлар, патронаж хизмати ҳамда туғруқхона иш фаолияти ўрганилди.
Сўнг депутат Ш. Назаров Қуруқсойдаги 59-мактабда бўлиб, ўқув жараёни ва иситиш тизими, кутубхона ҳамда музей фаолияти билан танишди. Сайловчилар билан қонунчиликка оид янгиликлар ҳақида суҳбатлашилди.
Бундан ташқари, “Ақчова” МФЙда янги ташкил этилган Зарафшон текстиль ишлаб чиқариш фабрикаси фаолияти билан танишиб, Конституциявий Қонун лойиҳаси мазмун-моҳияти ва янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига киритилган ўзгариш ва қўшимчалар ҳақида маълумот берди.