Ҳар йили 3 декабрь санасида ногиронлиги бўлган шахслар кунининг нишонланишидан асосий мақсад бутун дунёда амалга ошириладиган дастур ва лойиҳаларда ногиронлар бошқа ногирон бўлмаган кишилар билан тенг ҳуқуқлилик асосида иштирок этишини, ногиронларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари инобатга олинишини, барча мамлакатларда ногиронларнинг қадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ва тартиб-таомилларнинг жорий этилишини таъминлаб, барча учун очиқ ва дўстона бўлган жамият қуришдан иборатдир.
Хайр-саҳоват, инсонпарварлик ва мурувват халқимизга хос улуғ анъана. Айниқса, кўнгли ўксик инсонларга меҳр кўрсатиш, қалбини қувончга тўлдириш савоби улкан амаллар сирасига киради.
ЎзХДПнинг сайловолди платформасида, пенсионерлар, меҳнатга лаёқатсиз ногиронлар, етим-есирлар ва аҳолининг меҳнат қила олмайдиган бошқа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизимини вужудга келтириш, фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органларининг кам таъминланган аҳоли қатлами, биринчи навбатда ногирон ва ёлғиз кексаларга моддий ёрдам бериш имкониятлари ва ҳуқуқларини кенгайтиришга кўмаклашиш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши, Ўзбекистон Ногиронлар, Кўзи Ожизлар ва Ўзбекистон Карлар Жамиятлари билан ҳамкорликда меъморандумлар имзоланди.
Партиянинг, Ўзбекистон ногиронлар жамияти билан ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, бундай шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга, жамиятдаги фаол позициясини шакллантиришга кўмаклашиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқилди. Жумладан,
— ногиронлиги бўлган шахсларнинг саводхонлигини ошириш мақсадида вилоятлар, туманлар марказларида умумтаълим мактаблари негизида Брайль алифбосини ўқитиш бўйича махсус курслар ташкил этилиши устидан назорат ўрнатилди;
— Ногиронликнинг олдини олиш, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва уларни реабилитация қилиш;
— ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, уларни махсус касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштиришни яхшилаш;
— келгусида ишлаб чиқариладиган миллий енгил автомобиллар ногиронлиги бўлган шахслар фойдаланиши учун мослаштирилган ҳолда махсус ускуналар билан қайта жиҳозланиши борасида ишлар олиб борилмоқда.
— ногиронлиги бўлган шахсларга шаҳар йўловчи транспортининг бекат ва йўналишларини овоз ёрдамида эълон қилиш орқали қулайликлар яратиш юзасидан автобуслар харид қилиш ишлари бошланди.
Мамлакатимизда ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ҳаёт сифатини яхшилаш тизимини такомиллаштириш, уларга таълим олиш ва ишга жойлашишда ҳар томонлама кўмаклашиш чоралари кўрилмоқда.
Давлат томонидан халқимизга хос бўлган меҳр-шафқат ҳамда эзгулик туйғуларини ҳисобга олган ҳолда ногиронларнинг муҳим эҳтиёж ва талабларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, олий таълим муассасаларига абитуриентлар қабулининг умумий сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда икки фоизли квоталар қўлланилиши жорий этилди.
Статистик маълумотларга қараганда Республика бўйича 2022 йил 1 январ ҳолатига ногиронлиги бўлган шахслар сони 798 мингни ташкил қилиб, шундан 16 ёшгача бўлган болалар 127,5 минг, 16 ёшдан катталар 670,7 минг нафарни ташкил қилди. 294, 3 минг нафари шаҳарда, 503,9 минг нафари қишлоқда яшайди. 340,2 минг нафари эркаклар, 457,9 минг нафари аёлларни ташкил қилади, шу жумладан 156 мингдан ортиқ 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар истиқомат қилмоқда.
“Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинишида партиямизнинг барча даражадаги фаоллари ва депутатлари иштирок этди. Жумладан, партиямиз Фракцияси томонидан қонунга 50 дан ортиқ таклифлар билдирилди ва уларнинг аксарияти эътиборга олинди. Мазкур ҳужжат ҳозирда амалда бўлган қонун ҳужжатларига солиштирганда бу тоифа ҳамюртларимизга қатор янги имтиёзлардан фойдаланиш имконини яратди. Қонун кучга кириши билан тиббий текширув комиссиялари фаолияти такомиллашади, мурожаат қилувчи 10 календарь кунида хулосани олади. Тиббий текширувлар бепул амалга оширилади. Ногиронлиги бўлган шахслар амбулатор ва стационар режимида имтиёзли даволанади. Протез-ортопедия анжомларига бўлган эҳтиёжлари қондирилади. Ногиронлиги бўлган шахслар учун биноларга кириб-чиқиш учун махсус йўлакчалар, пандуслар, жамоат транспортида махсус ўриндиқлар, тушиб-чиқиш учун бекатларда шароитлар яратилади. Улар учун таълим олишнинг барча босқичларида қулайликлар кўзда тутилади. Олий таълимда жами контингентнинг 2 фоизи миқдорида давлат грантлари ажратилади. Маҳаллий ҳокимликлар ногиронлиги бўлган шахслар уй-жой шароитини яхшилашга масъул. Никоҳ тузиш ва оила қуриш, болаларни фарзандликка олиш, болаларни тарбиялашга доир мажбуриятларни бажариши чоғида ёрдам олиш, шу жумладан уйида ва яшаш жойида хизматлар кўрсатилиши ҳуқуқи мавжуд. Давлат ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оилаларга моддий, маслаҳатга оид ва бошқача тарзда ёрдам беради ҳамда уларни қўллаб-қувватлайди.
2022 йилнинг апрель ойидан бошлаб ногиронлиги бўлган шахсларга тайинланадиган нафақаларнинг миқдорлари бирхиллаштирилди ва доимий парваришга муҳтож ногиронлиги бўлган болаларни парвариш қилувчи шахсларга янги нафақа жорий этилди, энди ногирон бўлиб қолиш муддатидан қатъий назар, ногиронлиги бўлган шахсларга бир хил миқдорда 622 минг сўмга тенг нафақа тайинланиб борилмоқда. Доимий парваришга муҳтож бўлган 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болаларни парвариш қилувчи она (ота)ларга минимал истеъмол харажатлардан кам бўлмаган миқдорда — 500 минг сўм ногирон бола парвариши учун янги нафақа жорий этилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 30 мингдан ошиқ ногиронлиги бўлган болаларни парвариш қилувчи оналар учун давлат бюджетидан 2022 йилда қўшимча 157 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилган. Қатъий белгиланган солиқ ставкаси тўловчиси I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс ҳисобланганида фаолият туридан ва уни амалга ошириш жойидан қатъи назар, ойига қатъий белгиланган миқдордаги солиқнинг 50 фоизини, бироқ БҲМнинг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда тўлайди. Болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун эса меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 баравари миқдоридаги даромадлар бўйича озод этилади.
Хабарингиз бор, ҳар йили Вазирлар Махкамаси томонидан “3 декабр - Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан меҳр-мурувват ойлигини ўтказиш орқали кенг нишонлаш кўзда тутилган ҳужжат қабул қилинади.
Меҳр-мурувват ойлиги давомида партия ташкилотлари ва барча даражадаги депутатлик бирлашмалари томонидан қуйидаги тадбирлар амалга ошириш кўзда тутилган. Ногиронларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги, вилоят ва туман, шаҳар Кенгашларининг депутатлари билан ҳар бир туман (шаҳар)ларда ётиб қолган ногиронларнинг уйларига бориб ҳолидан ҳабар олиш ҳамда уларга уйларида хайрия ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш акциясини ўтказиш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, Ойлик давомида ҳар бир туман ва шаҳарларда ногиронлар тўсқинликсиз ҳаракатланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, “Саховат” ва “Мурувват” уйларида истиқомат қилаётган қариялар ва ногиронлар ҳолидан хабар олиш, улар билан туркум мавзуларда суҳбатлар ва учрашувлар ўтказиш каби бир қатор тадбирлар ўтказилиши белгиланган.
Энг муҳими, биз ногиронлиги бўлган шахсларнинг камситилишига йўл қўймаслик, ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг аниқ механизмларини йўлга қўйишимиз керак. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг сифатли таълим олиши ва муносиб иш ўринлари билан таъминланишига эришишимиз лозим.
Боймурод Юсупов,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.