Эҳтиёжмандларга кўмак бериш, кўнглини кўтариш, оғир дамларда суянчиқ бўлиш халқимизга хос фазилатлардан. Бу қадим анъана кейинги йилларда янада қулоч ёймоқда.
Халқ депутатлари Қамаши туман Кенгашидаги ХДП гуруҳи аъзоси, туман ҳокими Ботир Тоғаев кўпгина хайрли ва савоб ишларни амалга оширмоқда. Қишлиқ маҳалласида яшовчи Нурмамат Жонқобилов ёлғиз истиқомат қилиб келади. Кекса фуқаронинг яшаш шароити ниҳоятда оғир ҳолатда эди. Уй-жойи аянчли бўлиб, уни тиклаш ва уй қуриш имкониятига эга эмас. Ушбу ҳолат инобатга олинган ҳолда, унинг уй-жойи янгиланадиган бўлди.
Ҳозирда унинг учун 3 хонали талаб даражасидаги уй қурилди. Шунингдек, маҳаллада 5 нафар фарзандини ёлғиз вояга етказаётган Дилноза Холиқова оиласи учун ҳам янгидан уй қуриб берилмоқда.
Бугун туман ҳокими Ботир Тоғаев маҳаллада бўлиб, ушбу уйларнинг қурилиш ишларини кўздан кечирди.