Ҳозирда саратон касалликлари нафақат Ўзбекистонда балки бутун дунёда долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Ҳар 2 дақиқада дунёда бачадон бўйни раки туфайли 1 та аёл дунёдан кўз юмар экан. Бутун Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти прогнозига кўра, ҳозирда бу касалликка қарши чора-тадбирлар кўрилмаса, 2050 йилга бориб Бачадон бўйни раки билан ҳар йили бир миллион аёл касалланиши мумкин экан. Ўзбекистонда ҳар йили 1700га яқин янги ҳолат қайд қилиниб, шу аёллардан 600-700 нафаридан ортиғида бачадон бўйни ракидан ўлим ҳолати кузатилмоқда. Бу - 700 та оила бекасиз, қанчадан қанча фарзандлар онасиз қолди дегани.
Мутахассислар фикрича, касалликни даволашдан кўра унинг олдини олиш- кам харажат сарфланиши ва даволашда ўз самарасини бериши мумкин. АҚШ, Исроил ва бошқа бир қатор давлатларда, ушбу касалликдан йилда 1 ёки 2 нафар ўлим ҳолати кузатиларкан холос, бачадон бўйни саратони билан касалланиш деярли кузатилмас экан. Бунинг сабаби қизлар 9-12 ёшлик давриданоқ эмланаркан (вакцинация) ҳамда аёллар ҳар йили мажбурий скринингдан ўтказиларкан. Бундай касалликка чалинишнинг асосий сабаби одам папиллома вирусидир.
Бунга қарши энг самарали чора эса мазкур хасталикка қарши эмланиш ҳисобланади. Айниқса, ўсмир ёшдаги қизларни режали эмлаш касалланиш ҳолатларининг олдини олишда катта ёрдам беради. Бундай вакциналар хотин-қизларнинг соғлом ва узоқ умр кўришини таъминлайди, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг маълум қилишича, дунёнинг 102 мамлакатида миллий эмлаш дастурига 9 ёшдан бошлаб қизларни эмлаш киритилган. Ўзбекистон ҳам 2019 йилдан ана шу давлатлар сафига қўшилди.
Айни пайтда мамлакатимизда 12-14 ёшли қизлар ўртасида эмлаш жараёни ўтказилмоқда. Чунки айни шу ёш оралиғида вакцинадан сўнг иммунитет энг кучли шаклланади. Айни пайтда республикамиз бўйича вакцинация жараёнлари 3000 дан ортиқ эмлаш пунктида амалга оширилмоқда.
12-14 ёшдаги қизлар албатта Одам папиллома вирусига қарши вакцина билан эмланиши керак. Бу жуда муҳим! Чунки бу - аёлларда жуда кўп учраётган оғир касаллик-бачадон бўйни ракининг олдини олади.
14 ёшдан катта бўлган қизлар ҳам ҳудудидаги оилавий поликлиникаларга мурожаат қилиб, эмланиши ва мутахассислардан маслаҳатлар олишлари мумкин.
Оилали аёлларда эса бачадон бўйни ракидан ҳимояланишнинг йўли ҳар йили камида бир маротаба скринингдан ўтиб туриш ҳисобланади. Муҳим жиҳати, бу касаллик эрта аниқланса олдини олиш ҳам мумкин экан.
Шунинг учун аёллар, қизлар саломатлигига бефарқ бўлмайлик. Хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида жойларда амалга оширилаётган ишлар устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатишимиз, шунингдек, ушбу касалликнинг олдини олишга барчамиз бирдек курашимиз ва жойларда хотин-қизлар орасида тарғибот ишларини кучайтиришимиз мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Гулшан Асатова,
ЎзХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари.