Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама этилди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллик тарихий санасини муносиб нишонлаш ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Таҳликали замонда Конституциямиз халқимизнинг ижтимоий бирдамлиги, давлатчилигимиз мустаҳкамлигининг энг муҳим асосларидан бири экани, уни янада такомиллаштириш жараёнларида Халқ демократик партияси фракцияси, барча даражадаги депутатлик бирлашмаларининг фаол иштирокини таъминлаш зарурлиги қайд этилди.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда атрофлича кўриб чиқилди. Қайд этиш керакки, мазкур қонун лойиҳаси эҳтиёжманд аҳоли қатламининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлашга, Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадларини рўёбга чиқаришга қаратилган.
Жамиятда шундай тоифадаги шахслар борки, улар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун зарур пайтда адвокат ёллаш, бошқа тарзда юридик ёрдам олиш имкониятига эга бўлмаслиги мумкин.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга шахслар тоифасига аниқлик киритилган. Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига кирган фуқаролар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиши мумкин бўляпти.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатлар реестри «Юридик ёрдам» ахборот тизими орқали махсус ваколатли давлат органи томонидан электрон шаклда юритилиши белгиланмоқда.
Ижтимоий ҳимоя реестрига кирган шахслар фуқаролик ишлари бўйича даъвогар ёки жавобгар, маъмурий ишлар бўйича аризачи, маъмурий жазо тури сифатида маъмурий қамоқ жазоси назарда тутилган ишлар бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган, жиноят ишлари бўйича гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, шунингдек маҳкум бўлган ҳолларда давлат ҳисобидан юридик олиши мумкинлиги назарда тутилмоқда. Бундай ёрдамни олиш учун фуқаро мурожаат этиши лозим ҳисобланмоқда.
ХДП фракцияси аъзолари қонуннинг қабул қилиниши ижтимоий-сиёсий жиҳатдан муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, унда акс этаётган меъёрларни аҳоли ва электорат вакиллари ўртасида кенг тушунтириш, тарғиб қилиш муҳим вазифа эканини қайд этишди.
Шунингдек, депутатлар фақат «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган, деб белгиланган шахсларга юридик ёрдам кафолатланишига оид меъёрни такомиллаштириш, бу тизимдан рўйхатдан ўтиш кўп вақтни олгани учун янада енгилликлар яратилиши лозимлигига урғу берди. Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда маъқулланди.
Йиғилишда депутатлар Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини алоҳида эътибор билан кўриб чиқди.
Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни тартибга солиш билан боғлиқ қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлили сўнгги йилларда ушбу ўйинлар, айниқса, “онлайн” қимор фуқаролар орасида кенг оммалашиб бораётганини кўрсатган. Ушбу ўйинларни ташкил этиш билан боғлиқ жиноятлар 2019 йилда 55 та бўлган бўлса, 2020 йилда 86 та, 2021 йилда 103 та ва 2022 йилнинг 6 ойида 90 тани ташкил этган. Бундай ўйинлар инсонда қарамликни вужудга келтириб, катта миқдордаги пул маблағлари сарфлашига, натижада эса ушбу фуқаролар томонидан ўз жонига қасд қилиш, фирибгарлик, бюджет маблағларни талон-тарож қилиш ва бошқа салбий ҳаркатлар содир этилишига сабаб бўлаётгани қайд этилди.
Қолаверса, ижтимоий тармоқларда қимор ўйинларининг рекламаси, айниқса, бир неча юз минглаб кузатувчиларга эга машҳур шахслар томонидан реклама қилиш ҳолатлари ортиб бораётганига эътибор қаратилди. Бу каби салбий, кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш, шунингдек, ўйинларни тарғиб қилишга нисбатан жазо чораларини жорий этиш мақсадида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Қонун лойиҳасида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни тарғиб қилувчи маҳсулотни қонунга ҳилоф равишда реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни тарғиб қилувчи маҳсулотни қонунга ҳилоф равишда реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш ҳаракатлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазолаш назарда тутилмоқда.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасини муҳокама қилар экан, унинг ижтимоий аҳамияти муҳимлигини қайд этди.
Лекин, шу билан бирга, айрим масалаларга янада аниқлик киритиш зарурлиги, хусусан, қимор ўйинлари билан боғлиқ ноқонуний хаттти-ҳаракатларни содир этаётган субъектлар Ўзбекистондан ташқарида бўлган ҳолларда қандай йўл тутилиши ҳақида саволлар берилди. Таклиф ва тавсиялар берилиб, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди.
Фракция йиғилишида бошқа масалалар ҳам электорат манфаатлари нуқтаи назаридан кўриб чиқилди.