Тарихимизнинг бир даврларидан фахрлансак, бир даврларидан уяламиз. Дунёда маданиятли бошқарув, халқни ҳурмат қиладиган ҳокимият яратилаётганда, олам қолоқликдан қутулаётган пайтда хонлигу амирликларимиз саройларини майда ўйинлар, фитналар босиб кетган вақтларни ўйлаганда, одамга алам қилади.
Ўғиллар оталарини ўлдирган, акалар укаларига чоҳ қазиган ҳолида кучи, салоҳияти, аҳамияти жиҳатдан жуда арзон тахт учун курашиб, халққа жабр-зулм етказгани, ўз айши учун йиллар, эҳтимол асрларни беҳуда ўтказиб юборгани сиз билан менгача, қонимиз ва суягимизгача оғир асорат қолдирган. Бошқарув нўноқлиги, жамоат бефарқлиги давоси топилиши қийин бир дард шекилли.
Совет даврида ҳам жодугар ва маккор, чўтир фалсафа нормал бошқарув қоидалари асосида яшашга, ҳатто бу ҳақда ўйлашга қўймади. Қадимий бир миллат эканмиз, бу оламда ўрнимиз, аҳволимиз қандай бўлади, деб хаёл ҳам сура олмадик. Сиёсат бизга ярашмайдиган либосдек кўрсатилди.
Янги мингйиллик бошларида журналистикани битириб, таҳририятга келганимизда бошқарув, демократик тартиблар ҳақида ёзиш энг тақиқланган мавзу эди. Мақолалар, фикрлар, дунёдан қиёслар келади, лекин қандайдир бир синоат уни саҳифага туширмайди. Ҳамма бош чайқайди, аммо мавзу газета юзини кўрмайди.
Катта бир халқнинг парламентига келган депутатлар ёлчитиб гапира, тўрт қатор нарсани эплаб ёза олмаса, мийиғида кулувчилар, шундан қандайдир тушунарсиз лаззат туювчилар ҳам бўлди. Нега бундай эдилар, нимани хоҳлагандилар – мавҳумлик. Кучсиз парламент билан кучли давлат ва жамият қуриб бўлмаслигини тушуниш учун 2-3 та ўн йиллик ҳам етмагандек.
Янги ислоҳотлар даврида маъмурий ислоҳотлар, ваколатлар мувозанатига эришиш зарурлиги Президент томонидан бир неча марта қатъий таъкидланди. Тарихий имконият, ўзимиз ўзимизга халақит қилмасак бўлди.
Конституцияга таклиф этилаётган меъёрларда ниҳоят ваколатлар мувозанати масаласи акс этмоқда. Ҳали баҳслар давом этиши аниқ. Ҳоким депутатларга раис бўла олмайди, деган демократиянинг энг бошланғич гапини эшитса, энса қотирадиган, бир нималар қилмоқчи бўладиган туппа-тузук юристлар, олимлар, амалдорлар борлиги одамни лол қолдиради.
Мажлис залларида хонлигу амирликлар давридаги шарпалар кезиб юргандек бўлади. 30-40 йилдан кейин нормал қоидали жамият қура олмаганимиз, сиёсий, иқтисодий, маданий қолоқ бўлиб қолганимиз учун болаларимиз, невараларимиздан уялиб қолмасайдик, деб хавотир олади одам.
Тарихда кимларга қандай ваколатлар берилмади, лекин ҳақиқий назорат одамларга етмагунча, одамлар буни тушунмагунча, олдинга юриш мумкин эмас. Инсонни пул билан фикрлатиб, мажбурлаб дахлдор қилиб бўлмайди.
Халақит берувчилар, ўтмишнинг мудҳиш шарпалари, даф бўлинг, мутъелик психологиянгизни пишириб енг, очилаётган қалбларга рутубат уруғини сепманг. Ҳаётнинг сеҳри ва жамолини тўсманг!
Тўлқин ТЎРАХОНОВ.
«Ўзбекистон овози», 30.11.2022, №48