2014 йилдан буён ҳар йили дунё миқёсида 25 ноябрдан 10 декабргача “Зўравонликка қарши 16 кун” шиори остида турли тадбирлар ўтказилади. Худди шундай, республикамизда ҳам “Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар” кампанияси давом этмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон ХДП “Аёллар қаноти” томонидан ушбу 16 кунлик кампанияда партия тизими, сафидаги фаол аёллар ва депутат аёлларни жалб қилган ҳолда “Биз зўравонликка қаршимиз!” шиори остида “Хотин-қизлар ҳуқуқлари қонун ҳимоясида”, “Биргаликда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қиламиз!”, "Зўравонликсиз оила-фаровон ҳаёт сари" мавзуларида туркум тадбирлар ўтказилмоқда.
Мана шундай тадбирлардан бири Тошкент давлат Аграр университетида ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, Қибрай туман Кенгаши масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, ИИВнинг туман бўлими инспекторлари, Тошкент давлат Аграр университетининг профессор ўқитувчилари, талаба қизлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Бугунги кунда университетда 200 нафардан ортиқ аёл профессор ва ўқитувчилар фаолият олиб бормоқда, 2500 дан ортиқ талаба қизлар таҳсил олишмоқда.Университетда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш мақсадида “ТДАУ ҳимоя бот” телеграм канали фаолият олиб бормоқда.
Тадбирда сўзга чиққанлар хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни яратишга қаратилган ҳалқаро ҳужжатлар, жумладан, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имтиёзлар тўғрисида”, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида” ги қонунлар, Хотин-қизларга нисбатан зўравонликларга барҳам бериш Халқаро куни тарихи, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритдилар.
Таъкидландики, ҳар бир хотин-қиз зўравонликсиз ҳаётда хавфсиз ва фаровон яшашга ҳақли. Унинг бу ҳуқуқларини поймол қилиш, тазйиқ ўтказиш қонун билан ҳимояланади. Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича ҳар бир шахс ўзини дахлдор ҳис этиши, бундай ҳолатларга барҳам беришда барча бирдек фаол иштирок этиши лозим.
Тадбирда сўзга чиққан ИИБ инспектори профессор ва ўқитувчилар хотин-қизлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича туманда, университетда олиб борилаётган ишлар, самара бераётган ижобий натижалар ҳақида ўзаро тажриба алмашдилар, шунингдек, хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш борасида айрим қонун ва меъёрий ҳужжатларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш бўйича асосли таклифларни бердилар.
Тадбир сўнггида хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида тавсиялар берилди ҳамда ҳамкорликда олиб бориладиган ишлар келишиб олинди.
Тадбир қизғин баҳс-мунозара ва савол жавобга бой тарзда ўтди.