Бугун Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши мажлислар залида “Конституциявий ислоҳотлар: инсон қадри ва эркинлиги кафолати” мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди. Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, минтақавий партия Кенгашлари раислари ва масъул ходимлари, ёшлар ва хотин-қизлар вакиллари иштирок этган тадбирда Бош Қомусимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти ҳусусида атрофлича сўз юритилди.
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раис ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фирдавс Шарипов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиши тарихидан бошлаб, ҳозирги кунга қадар киритилган ўзгартишлар, бугунги кунда Конституциявий қонун лойиҳасида назарда тутилаётган янгиликлар ҳақида батафсил гапириб берди.
– Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамалари давомида 150 мингдан ортиқ таклиф келиб тушди, ушбу таклифлар масъул қўмиталар ҳамда Конституциявий комиссия аъзолари томонидан бир қатор мезонлар асосида таҳлил қилиб борилди. Ўзбекистон тарихида илк маротаба Конституциявий қонун лойиҳаси жамоатчилик, гендер, бола ҳуқуқлари, инсон ҳуқуқлари, коррупцияга қарши, лингвистик ва бошқа экспертизалардан ўтказилди, – деди Фирдавс Шарипов.
Йиғилишда асосий қонунимизда биринчи навбатда шахс манфаатининг давлат манфаатидан устун этиб белгиланаётгани, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари энг олий қадрият сифатида муҳрлаб қўйилаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Мисол учун, Конституцияда «Шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмас», деб белгиланаётгани инсон қадрини улуғлаш, ҳар кимнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланганининг яққол ифодасидир.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республика кенгаши раиси Халилла Ешимбетов, Наманган вилоят кенгаши раиси ўринбосари Мўътабар Қозиева ва бошқалар мамлакатимизда, Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, хусусан, Ҳаракатлар стратегиясидан Тараққиёт стратегиясига ўтиш жараёнлари, Бош қомусимизни “инсон – жамият – давлат” тамойили асосида такомиллаштиришнинг ҳаётий зарурати ва аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирдилар.
Конституциявий ислоҳотлар жараёнида барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаол иштирок этиши бўйича вазифалар белгиланди.
ЎзХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати.