Ижтимоий бирдамлик руҳи

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллигига

 

Яқинда халқимиз билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллик тарихий санасини ғурур билан нишонлаймиз. Дунёда мураккаб, давлатлар ва халқларни оғир синовларга дучор қилаётган воқеа-ҳодисалар рўй бераётган бир пайтда Ватанимизнинг муносиб ўрин ва мавқега эришиши осонлик билан бўлаётгани йўқ. Таҳликали замонда Конституциямиз халқимизнинг ижтимоий бирдамлиги, давлатчилигимиз мустаҳкамлигининг энг муҳим асосларидан биридир.

Бош қомусимизда белгиланган ҳуқуқ ва кафолатлар таъминланиши йўлида, айниқса, кейинги йилларда улкан натижаларга эришилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

 

Ҳуқуқлар кафолати – орзулар рўёби

Конституциямизнинг 43-моддасида давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаши белгиланган. Аммо, тан олиш керак, мустақилликнинг дастлабки йилларида, ҳатто яқин-яқингача бунинг ҳар доим ҳам имкони бўлгани йўқ. Турли сабаблар билан кафолатланганидан бошқачароқ тартиб-қоидалар жорий этилган вақтлар ҳам кузатилди. Бу баъзида ижтимоий бирдамлик руҳининг сусайишига ҳам олиб келди.

Масалан, Конституциямизнинг 28-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш ҳуқуқига эга экани қатъий белгиланган бўлсада, амалда йиллар давомида давлат бу устувор ҳуқуқни таъминлаб бера олмади. Оқибатда минглаб фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари чекланиб қолди. “Прописка” билан боғлиқ бу чекланиш нафақат фуқаролар, уларнинг оила аъзолари тақдирига, давлат ва жамият манфаатларига ҳам жуда салбий таъсир кўрсатди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси билан “бир жойдан иккинчи жойга кўчиш ҳуқуқи” амалда таъминланди. Натижада минглаб юртдошларимиз ҳаётий орзу-ниятларига етиш йўлидаги сунъий тўсиқлардан қутулди.

Асосий қонунимизнинг 24-моддасида яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқи экани, 36-моддасида ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли экани белгиланган. Аммо бозор иқтисодиётига ўтиш давридаги турли қийинчиликлар оқибатида жамиятда шундай бир ўта муҳтож ва заиф қатлам вужудга келдики, ҳуқуқлар бир томонда қолиб, уларнинг кун кўриши ҳам катта сўроқ остида турганди.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича жорий этилган таъсирчан тизим асосида ҳунар эгаллаш, меҳнат қилиш, уй-жойли, мулкли бўлишга чорасиз минглаб оилалар ижтимоий-иқтисодий фаол қатламга айланмоқда.

Тақдир тақозоси билан фарзандлари билан ёлғиз қолган қанчадан-қанча аёллар, оналар давлатнинг катта қўллови ва давомли кўмаги билан уй-жойли бўляпти. Сарсон-саргардонликда қолиб, бирданига янги уйларга кўчган болаларнинг қувончини, оналарнинг қалбидан қандай ҳислар ўтганини ортиқча изоҳлашга зарурат йўқ, албатта.

Президентимиз бошчилигида юритилаётган инсонни қадрлашга йўналтирилган изчил сиёсат Конституция меъёрларининг рўёбга чиқишида ҳаётий аҳамиятга эга бўлаётгани айни ҳақиқат.

 

Янгиланиш, юксалиш зарурати

Мустақиллик ва Конституция деярли эгизак тушунчалар. Мустақиллигимизнинг 31 йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбирида ҳалқимиз интилаётган Янги Ўзбекистонни барпо этишдек улуғ вазифанинг энг муҳим асоси демократик ислоҳотлар экани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистон тушунчасининг мазмунини ҳам аниқ изоҳлаб берди. Янги Ўзбекистон, жумладан, фуқаролари ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг бўлган, ҳар бир фуқароси учун ғамхўрлик қиладиган, очиқ ва адолатли жамият бўлиши тушунтирилди.

Юртимиз мустақил бўлган, Конституциямиз қабул қилинган даврдан бери дунёда кўп нарса ўзгарди, янгиланди. Биринчи навбатда одамлар ўзгарди, талаб, таклифларнинг даражаси ошди. Давлатнинг масъулиятини янада ошириш зарурати юзага келди.

Шунинг учун Конституциямизни янада такомиллаштириш ҳақидаги ташаббус қўллаб-қувватланиб, яратилган қулай ва очиқ имкониятлар натижасида қисқа вақтда 160 мингга яқин таклиф-мулоҳазалар келиб тушди.

Ўтган ҳафта Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Респбликаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини масъул қўмиталарда такомилига етказиш жараёнини давом эттириш ҳақида қарор қабул қилди. Ҳуқуқшунос ва бошқа мутахассисларнинг таъкидлашича ҳам бу тўғри қарор бўлди.

160 мингга яқин таклиф-мулоҳазаларни Конституциянинг сон жиҳатдан чекланган моддаларига сингдириш кенг қамровли ва чуқур ёндашувни талаб этади.

Конституция қабул қилинганидан бери қарийб 30 йил давомида аҳоли фикри, муносабати ҳозиргидек изчил ўрганилмаган. Бош қомусимизга 16 марта ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган бўлса, асосан давлат бошқаруви органлари фаолияти билан боғлиқ масалаларда ўзгаришлар бўлгани ҳақида фикрлар муҳим. Айниқса, ижтимоий ҳимоя масалаларида янгилик қилиш, ислоҳотларни янги босқичга кўтариш зарурати юзага келган эди.

 

Янги меъёрлар инсон учун...

Одамлар бугун хаёлий орзулар билан эмас, реал мақсадлар билан яшамоқда. Улар келажакда эмас, бугун имконият ва кафолатларга эга бўлишни исташади, бу – табиий. Шунинг учун ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқлар кафолатланиши жуда муҳим. Бу ҳуқуқлар асоси мустаҳкам бўлмасдан яхши яшаб бўлмайди.

Аниқ мисолларга тўхталайлик. Конституциямизнинг 37-моддаси меҳнат ҳуқуқига бағишланган бўлиб, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга экани, суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланиши белгиланган.

Конституциявий қонун лойиҳаси мана шу модданинг ўзида жуда муҳим ўзгариш ва қўшимчалар акс этмоқда. Ҳар бир янги меъёр халқаро ҳужжатлар билан асослантирилмоқда.

Хусусан, бутун дунёда меҳнат фаолиятини тартибга солиб турувчи Халқаро Меҳнат Ташкилотига Ўзбекистон ҳам аъзо. Мазкур ташкилотнинг оналикни муҳофаза қилиш ва болалар меҳнати тартибга солувчи конвенсиялари мавжуд, ташкилотга аъзо давлатларнинг қонунчилигида ҳам акс этиши керак.

Янгиланётган қонун лойиҳасида бу жиҳатга алоҳида эътибор берилмоқда. Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги билан боғлиқ сабабларга кўра аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши қайд этиляпти.

Ҳозирги пайтда ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги учун ишга олинмаётган, ишдан бўшатилиш ёки иш ҳақи камайиши ҳолатлари учраб туради. Бу эса ишлаш учун фарзанд кўришдан тийилишга, бошқа чеклашларга олиб келиши мумкин.

Гарчи Конституциямизда пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган бўлса-да, бу меъёрни 30 йил давомида буни таъминлаш имкони бўлмади.

Янги ислоҳотлар давридагина бу борада тизим яратилди, илғор тажрибалар асосида минимал истеъмол харажатлари миқдори белгиланди, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори бир неча марта оширилди. Энди бу амалиёт бевосита Конституцияда акс этиши кутиляпти. Яъни, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши қатъий акс этмоқда. Бу билан давлатга, мутасадди вазирлик-идоралар зиммасига конституциявий масъулият юкланмоқда.

Шунингдек, давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши белгиланмоқда.

Мана шу меъёр ҳам Конституциявий қонун лойиҳасининг муҳим ютуқли жиҳатларидан биридир. Камбағалликни қисқартириш борасида бошланган изчил, шунинг билан бирга, осон бўлмаган давлат сиёсати тўхтаб қолмаслиги кафолати мустаҳкамланмоқда.  

Уй-жойли бўлиш халқимиз учун ҳаётдаги энг муҳим, энг эзгу мақсадлардан. Шу масаланинг Конституциямизда акс этиши, ўйлайманки, ҳар бир юртдошимизни мамнун қилади.

Янгиланаётган Конституцияга мувофиқ, ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эгалиги олий ҳуқуқ даражасига кўтарилмоқда.

Айни пайтда давлат уй-жой қурилишини рағбатлантириши, уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилиши учун шароит яратиши кафолатланмоқда. Айтиш керакки, дунё конституцияларида бундай меъёрлар кам учрайди.

Яна бир муҳим масала. Эндиликда агар шахс суд ҳукми билан уй-жойидан айрилса, унинг зарари қопланиши, асосийси, энди бош қомусимизда эҳтиёжманд оилаларни уй-жой билан таъминлаш белгиланмоқда.

Маълумки, Конституциямизнинг 41 моддасида ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эгалиги, бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланиши, мактаб ишлари давлат назоратида экани қайд этилган. Бори – шу.

Янгиланаётган қонун лойиҳасида давлатнинг таълим масаласидаги сиёсати кенгайтирилмоқда, масъулияти ҳам ошириляпти. Жумладан, давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожлантирилишини таъминлаши, мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиши, бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлаши қатъий ва аниқ кўрсатиляпти. Умумий ўрта таълим мажбурийлиги белгиланмоқда.

Давлатнинг фуқаролар, келгуси авлод олдидаги улкан масъулиятини бажаришда ким асосий хизматни адо этади? Албатта, ўқитувчилар.

Бош қомусимизда бу борада халқимиз кутган ва қўллайдиган янгилик бўлиши кутиляпти. Яъни, ўқитувчиларнинг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилмоқда, давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши кафолатланмоқда.

Юқоридаги мисоллардан бир нарса яққол сезиладики, такомиллашаётган Конституциямиз халқимизнинг бугунги ҳаёти ва эҳтиёжларига янада яқинлашмоқда. Қалбдан чиққан ва қалбларга етиб борадиган меъёрлар билан бойитиляпти.

Янгиланаётган Конституциямиз ҳуқуқ ва манфаатларимизни кафолатлабгина қолмай, жамиятимизда ижтимоий бирдамлик руҳини кучайтиради.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

ЎзХДП фракцияси раҳбари.

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш