Конституцияда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари кафолати мустаҳкамланган

 

Конституция — давлатнинг ҳуқуқий асоси, пойдевори. Халқимиз, давлатимиз ҳаёти, тараққиётида муҳим аҳамиятга эга бўлгани учун Бош қомусимизни ҳар бир фуқаро чуқур ўрганиши ва унинг талабларига амал қилиши лозим.

Ўзбекистон — ҳақиқий маънода ёшлар мамлакати. Бу юртда улғаяётган йигит-қизларнинг орзулари ва ўз олдига қўйган мақсадлари бисёр. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва қўллаб-қувватлови эса уларга бу мақсадларни амалга оширишда кўмак беради.

Конституциямизда мамлакатимиз ёшларининг таълим-тарбияси, ижтимоий муҳофазаси, интеллектуал салоҳиятини намоён этиши, касб-ҳунар эгаллаши каби асосий ҳуқуқлари, жумладан, “Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга” (40-модда), “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир” (41-модда), “Ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади” (42-модда), “Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди” (43-модда), “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради” (64-модда), “Фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади” (65-модда), “Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар” (117-модда) каби қоида ва меъёрларда белгилаб қўйилган.

Асосий қонунимизда ёшлар ҳуқуқ ва эркинликларининг кенг қамровда кўрсатилиши давлатимизнинг ёш авлодга яратиб берган улкан имкониятларидан далолатдир.

2022-26 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясининг 70-мақсадида, Ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш банди белгиланган бўлиб, бунда, Ёшларни ватанга садоқат, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик руҳида тарбиялашга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, Ёшлар билан ишлашнинг самарали бошқарув тизимини жорий этиш каби муҳим вазифалар белгиланган.

Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган. У Бош қомусимиз ва кўплаб қонунларда ўз ифодасини топган. Хусусан, ўтган бир йил ичида мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини оширишга қаратилган 25 та қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Шу билан бирга, Ўзбекистон ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатни ратификация қилган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 14 сентябрда имзоланган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтарди. Ушбу ҳужжат ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фаоллигини ошириш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетини мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Мазкур қонунни қабул қилиш жараёнида миллий қонунчилигимиз амалиётида биринчи маротаба ёшларнинг кенг қатлами, жумладан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи аъзолари, сиёсий партияларнинг “Ёшлар қаноти” вакиллари ва фаол ёшларнинг таклиф-мулоҳазалари инобатга олинган эди. Ушбу ҳужжатда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тўлиқ, ишончли мустаҳкамланган. Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан юртимизда Ёшлар иттифоқининг ташкил этилганлиги ва 30 июнь – Ёшлар куни деб эълон қилиниши эса ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди.

Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятига ўрнак бўлиб, дунё ёшларининг тақдирига дахлдор долзарб масалалар бўйича ташаббуслар билан чиқаётгани барчамизга ғурур бағишлайди.

Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг юксак минбаридан туриб, дунё жамоатчилигини ёшларни турли зўравонликлар, терроризм ва экстремизм таъсиридан ҳимоя қилиш, ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишга чақирган ҳолда бу борада БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурган бўлиб ШҲТ саммитида Ўзбекистон Президентининг таклифига мувофиқ ташкилотга аъзо давлат раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаати қабул қилингани муҳим тарихий воқеа бўлди.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати аниқ мақсадларни кўзлаган ҳолда, босқичма босқич, комплекс чора-тадбирларга асосланган ҳолда изчил давом эттирилмоқда.

Бу борада Шавкат Мирзиёев томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги саъй-ҳаракатларни тизимли асосда йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббуснинг илгари сурилиши Ўзбекистон тарихида ёшлар таълим-тарбияси бўйича яна бир янги босқични бошлаб берди. Давлат раҳбарининг бу эзгу ғояси Ўзбекистон халқи, айниқса, ёшлари томонидан катта қизиқиш билан қарши олиниб, қисқа вақт ичида мамлакат бўйлаб кенг қулоч ёзди.

Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлидан маълумки, юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

 

Боймурат Юсупов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш