Ҳаёт, тараққиёт ва адолат қомуси

 

Бу йил халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллигини нишонлаймиз. Ўттиз йил — тарих учун қисқа муддат. Лекин шу даврда юртимизда улкан ўзгаришлар, ривожланишлар, юксалишлар рўй берди.

Айниқса, сўнгги беш-олти йилда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг кўлами шунчалик кенгки, буни сўз билан ифодалаб бўлмайди. Бу шиддатли ислоҳотлар инсон манфаатлари улуғлангани ва халқ билан мулоқотнинг янги тизими жорий этилгани билан ҳаётда ўзининг ёрқин ифодасини топди.

Ўтган даврда қанчалик оғир ва мураккаб бўлмасин, зарур куч ва имконият, маблағ топиб, кўплаб дастур ва лойиҳалар амалга оширилди. Янги-янги корхоналар, йўл ва кўприклар, боғча, мактаб ва шифохоналар, кўплаб уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини қонуний ҳимоя қилиш бўйича салмоқли ишлар қилиниб, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Қисқаси, шу вақт ичида қандай ютуқ ва марраларга эришган бўлсак, буларнинг пойдеворида Конституциямиз турибди.

Янгиланаётган Конституциямизда ҳам мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши, шубҳасиз.

Зеро, Конституциявий қонун лойиҳасида очиқлик сиёсатини қатъий давом эттиришга қаратилган қоидалар ўрнатилмоқда. Масалан, 67-моддада давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини кафолатлаши, шунингдек журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши мустаҳкамланмоқда.

Шунингдек, халқимиз томонидан билдирилган таклифлар, фикр-мулоҳазалар ўз ифодасини топган. Жойларда сайловчиларимиз билан учрашувлар давомида фуқароларимизга Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятини тушунтирганимизда, улар киритилаётган янги нормаларни тўлиқ қўллаб-қувватламоқда.

Конституциявий ислоҳотларда жамоатчилик, хусусан, фуқаролик жамияти институтлари иштироки – чинакам халқ Конституцияси гарови. Сабаби “инсон – жамият – давлат” конституциявий тамойилини амалга ошириш адолатли ва очиқ фуқаролик жамиятининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, унинг институтлари роли ва мавқеини ошириш билан узвий боғлиқ.

Шу жиҳатдан, сўнгги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари роли ва аҳамиятини тубдан ошириш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар кўрилди.

Хусусан, 200 дан ортиқ акт, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси амалга оширилмоқда. Мазкур концепция доирасида эса фуқаролик жамияти институтларига кўмак бериш ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмини янада такомиллаштириш йўллари белгиланди.

Янгиланаётган Конституциямизга фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш ва жамоатчилик назорати институтини янада ривожлантиришга қаратилган нормалар киритилаётгани ҳам айни муддаодир. Қолаверса, давлат бюджетини шакллантириш ва уни ижро этиш устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш масаласи янги 1221-моддада алоҳида акс эттирилмоқда.

Албатта, фуқаролик жамияти институтлари фаолияти кафолатларини кучайтириш, уларни қўллаб-қувватлашга бу даражада катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Зотан, улар бугунги ва эртанги кунимизга ҳар қачонгидан-да масъулият билан қарайдиган, халқимизнинг орзу-умидларини рўёбга чиқаришда ишончли ҳамкор бўла олади.

Бир сўз билан айтганда, қайсики давлатда инсон қадри улуғланса, инсон манфаати ҳамма нарсадан устун бўлса, ўша давлатда тараққиёт тезлашади, ривожланиш бўлади. Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар замирида, албатта инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари мужассам.

 

Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП Фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш