Конституция ва хотин-қизлар ҳуқуқлари

 

Мамлакатимизда аёллар доимо эъзозланган ва уларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Хотин-қизларнинг қадр-қиммати, ҳуқуқлари ҳимояси бўйича қонуний асослар яратилган.

Амалдаги Конститициямизнинг 18-моддасида Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, ижтимоий мавқеи, шахси ва манфаатларидан қатъий назар, қонун олдида тенг эканлиги белгиланган бўлса, Бош қомусимизнинг 46-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги белгиланган.

Бундан ташқари, давлатимиз “Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги, “Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисида”ги, “Бир хил қийматга эга бўлган меҳнат учун эркаклар ва хотин-қизларни тенг рағбатлантириш тўғрисида”ги конвенцияларга қўшилган.

Яна бир муҳим жиҳат, 2019 йил иккита қонун – «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги ҳамда «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди. «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Қонунда давлат хотин-қизлар ва эркакларга шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни амалга ошириш чоғида тенг ҳуқуқлиликни, жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, сайлов жараёнида тенг иштирок этишни кафолатлаши мустаҳкамлаб қўйилди.

Шунингдек, Конституция ва халқаро стандартлардаги нормаларни амалга ошириш механизми сифатида 2021 йил 28 майда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг “2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, мазкур Стратегияда давлатимизнинг 2030 йилгача гендер тенгликка эришилиши лозим бўлган мақсадли еўрсатгичлари белгиланган.

Ҳозирги пайтда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш механизмлари ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич амалиётга татбиқ этилмоқда.

Кўриниб турибдики, бугун хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш янада долзарб аҳамият касб этмоқда.

Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда давом этаётган конституциявий ислоҳотлар жараёнида гендер тенгликни таъминлашга қаратилган янги қоидаларни асосий қонунимизда мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор таклифлар илгари сурилмоқда. Жумладан, Конституциянинг 46-моддасини “Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек, давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлайди” деган норма билан тўлдириш режалаштирилмоқда.

— Конституциянинг 37-моддаси янги таҳририда, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситилишларсиз ва белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги;

— меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг ўзи ва оиласи яшаши учун етарли бўлиши кераклиги;

— ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши;

— ҳар бир ишловчи аёл ҳомиладор бўлган тақдирда ва туғиш даврида ҳақ тўланадиган таътилга ҳамда янги туғилган чақалоқни парвариш қилиш учун таътилга ёки болани фарзандликка олиш учун таътилга чиқиш ҳуқуқига эга экани белгилаб қўйилмоқда.

Конституциянинг 63-моддаси янги таҳририда оила жамиятнинг табиий ва асосий бўғини, аҳолини сақлаб қолиш ҳамда кўпайтириш негизи сифатида жамият ва давлатнинг алоҳида муҳофазаси остида бўлиши;

никоҳ аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши каби нормалар киритилмоқда.

Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун зарур бўлган ижтимоий ва иқтисодий шарт-шароитларни яратиши ҳамда кўп болали оилаларга қонунга мувофиқ имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлар бериши мустаҳкамланмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бундай ўзгаришлар аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиришга ҳамда уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш орқали жамиятда қотиб қолган гендер стереотипларга барҳам беришга эришилади. Бу эса давлатимиз ривожида муҳим аҳамият касб этади.

 

Гулшан Асатова,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари.

 

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш