Конституция – инсон эркинликлари ва ҳуқуқларининг кафолати

 

Ҳаётимиз қомуси бўлган Конституциямиз қабул қилинганлигининг 30 йиллиги арафасидамиз. Конституция истиқлол йилларида эришган барча ютуқ ва марраларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келаётир. Айнан Конституциямизга таяниб, Президентимиз бошчилигида мамлакатимизда аввалига Ҳаракатлар стратегияси, кейинчалик Тараққиёт стратегияси қабул қилинди ва Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар бошланди.

Ўтган қисқа даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий манзараси бутунлай ўзгарди. Эркинлик ва очиқлик, қонун устуворлиги, жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишига айланди. Конституцияда муҳрлаб қўйилган ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш ғоясига содиқ қолиб, шу йўлда кенг кўламли улкан ишлар амалга оширилди, катта тажриба тўпланди. «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир» деган конституциявий қоидадан келиб чиқиб, халқ билан доимий мулоқот ўрнатилди, давлат идоралари раҳбарлари фуқаролар олдида ҳисобот берадиган самарали тизим йўлга қўйилди. Давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ошкоралик тобора кенгайиб бормоқда. Сенатор ва депутатлар, вазир ва ҳокимлар, барча мансабдор шахслар қуйи бўғинга, маҳалла даражасига тушиб, аҳоли билан бевосита учрашиб, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этмоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад инсон қадрини улуғлаш, халқпарвар ижтимоий давлат барпо этиш ҳамда адолат ва қонун устуворлигини таъминлашдир. Учинчи Ренессанс пойдеворини яратаётган Янги Ўзбекистон бу йўлда қисқа муддатда улкан ютуқларни қўлга киритгани қувончлидир. Дарҳақиқат, Ўзбекистонда ислоҳотлар самараси ўлароқ, инсон қадрини улуғлашга қаратилган қатор ишлар амалга оширилди. Уларни халқимиз ва халқаро ҳамжамият вакиллари кўриб, билиб турибди, ўзларининг ижобий баҳоларини бериб боришмоқда.

Мамлакатимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берилгани, диний эркинликларнинг кенгайтирилгани, мансабдорларнинг доимий ҳисобот бериб бориши, улар фаолиятининг очиқлигини таъминлашга қаратилган талабларнинг белгиланганлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига бўлган ҳурматнинг янги босқичга кўтарилганлиги, аҳолининг қанчадан-қанча мушкули осонлашгани каби бир қатор мисоллар ҳам шулар жумласидандир. Энг муҳими, бундай ўзгаришларни ҳар бир инсон кундалик ҳаётида кўрмоқда, ҳис этмоқда. Келгуси ислоҳотларда эса мана шу эришилган натижаларни янада юксалтириш, инсон учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсад қилинган.

Асосий қонунни бугунги реал воқеликка, шиддатли ислоҳотлар мантиғига мослаштириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратиш муҳим вазифага айланмоқда. Конституциявий ислоҳотлар натижадорлигини таъминлаш ва халқчил ислоҳотларни давом эттириш мақсадида Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 9 та устувор йўналишлар белгилаб берилди.

Манзилли ислоҳотларни изчиллик билан давом эттириш доирасида «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Бош Қомусимизнинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартиш ва қўшимчалар, 16 та нормани ўз ичига олган 6 та янги модда қўшиш таклиф этилди. Мазкур таклиф этилаётган нормаларга халқимизнинг муносабатини Референдум ўтказиш йўли билан аниқлаш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ислоҳ этишдан кўзланган асосий мақсад – «Инсон қадри учун» ғоясини ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган «Инсон – жамият – давлат» деган ёндашувни Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдириб, Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида амалий ҳаётимизнинг бош қадриятига айлантиришдир. Чунки инсон қадрини юксалтириш ҳақиқатда давлат ҳокимияти органларининг конституциявий бурчи ва устувор вазифаси бўлмоғи шарт. Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари масаласи билан боғлиқ таклиф ва тавсиялар жамоатчилик эътиборига ҳавола этилгани алоҳида эътиборга сазовор.

Янгиланаётган конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегияси, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ва ишончли кафолат бўлади. Зеро, Ўзбекистон халқи Конституцияга киритиш таклиф этилаётган янги норма ва қоидаларни моҳиятини ҳис қилиб, режалаштирилаётган сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиб, ўзининг холис ва ҳаққоний муносабатини билдириб келмоқда. Қолаверса, сўнгги йиллардаги ислоҳотлар Президентимизнинг «Халқ – қонун ижодкори» ғоясининг ҳаётийлиги ва замонамиз талабига қанчалик мослигини рўй-рост намоён қилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича кенг жамоатчиликдан, жумладан, ўқитувчилар, тадбиркорлар, фермерлар, фуқаролик жамияти институтлари ва миллий-маданий марказлар, сиёсий партиялар вакиллари, маҳаллалар аҳолисидан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан минглаб таклифлар келиб тушгани ва тушаётгани бунга яққол мисол бўла олади. Бу эса халқимиз Конституциямиз ва қонунларимиз ўзгаришидан манфаатдор эканлигини намоён этмоқда.

Мана шундай шукуҳли кунларда фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни, сайловчиларимизни ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолатчиси бўлган Конституция куни билан чин қалбимдан табриклайман. Барчаларининг хонадонларига файз-барака, фаровонлик тилайман. Юртимиз тинчлиги ва барқарорлигига кўз тегмасин!

 

 Дилором Имомова,

 Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

 ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш